Ўзбекистон | 17:36 / 28.05.2019
43339
7 дақиқада ўқилади

Алифбо бўйича якуний хулоса: ёш-у қари, илм-фан ва кенг жамоатчилик талаби қондирилдими?

Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ўтган уч йил давомида бир нечта алифбо лойиҳасини эълон қилди. Ҳар сафар янги алифбо лойиҳаси эълон қилингач, интернетда, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозаралар авж олди, турли таклиф-у эътирозлар билдирилди.

Тан олиш керак, Ишчи гуруҳ аъзолари жамоатчилик томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ўрганиб, алифбо лойиҳаларини тобора такомиллаштириб борди. Ниҳоят, яқинда Ишчи гуруҳ томонидан ислоҳ қилинган алифбонинг якуний варианти эълон қилинди. Мана, ўша алифбо лойиҳаси:

Очиғи, бошидан айтиб қўяй, менга ушбу алифбо лойиҳаси жуда маъқул бўлди. Биргина мен эмас, жорий алифбомизнинг ноқулайликларини ва янги лойиҳанинг афзалликларини чуқур ҳис қилган, замонавий технологиялар талабларини яхши англаган барча юртдошларимиз ушбу алифбо лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. Сабаби:

1) ушбу алифбо туфайли шу пайтгача ёзувда дуч келинаётган деярли барча техник ва имловий муаммолар ечим топади;

2) алифбомиз тугал ва кўркам ҳолатга келади;

3) турли қарашга эга ватандошларимизнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олингани учун мазкур алифбо барча ҳамюртларимизни ягона ёзув атрофига бирлаштиради. Яъни:

·                        Ó/ó, Ǵ/ǵ, Ç/ç ва Ş/ş ҳарфларининг жорий этилиши туфайли ёзиш ва ўқиш жараёни ҳар томонлама енгиллашади;

·                        O‘/o‘ ва G‘/g‘ ҳарфларининг тескари акс белгисидан қутуламиз ва матнларимиз орасидаги бўшлиқлар йўқолиб, кўркамлашади;

·                        миллий ва замонавий жиҳатлар уйғунлашгани учун лойиҳа ёшу қари, илм-фан ва кенг жамоатчилик вакилларининг талабига бирдай жавоб беради.

Мазкур алифбо лойиҳаси ҳақида эътирофлар билан биргаликда, баъзи эътирозларни ҳам ўқияпмиз. Энг қизиғи, билдирилаётган эътирозларнинг ўзи бир-бирини рад этади.

Баъзилар, «миллий ёзувимиз лотин алифбосининг асосий ҳарфларидан ташкил топиши керак», дейишяпти. Ҳолбуки, тақдим қилинган лойиҳада лотин алифбосидаги мавжуд 26 ҳарфнинг 25таси иштирок этяпти!

Айримлар, бу ҳарфлар туркча, демоқда. Ҳолбуки, алифбо лойиҳасидаги 29та ҳарфдан бор-йўғи 2таси (Ç/ç ва Ş/ş) нафақат турк, шунингдек, озарбойжон, туркман, гагауз, татар лотин алифболари билан уйғунлашмоқда. Қолган 25та ҳарф умумий, акутли 2та ҳарф қорақалпоқ, қозоқ ва туркман алифболари билан бирхиллашмоқда. Қолаверса, 1929–1940, 1993–1995 йиллардаги миллий алифбомизда мавжуд бўлган Ç/ç ва Ş/ş ҳарфлари фақат умумтуркий белги саналмайди – улар француз, испан, румин каби Европа халқлари ёзувида ҳам қўлланилади.

Яна бошқалар, «алифбога C/c ҳарфи киряпти, демак, миллий талаффузимиз русчалашади», деб айюҳаннос солишяпти. Ҳолбуки, биз кирилл ёзувида Ц/ц ҳарфи билан ёзадиган сўзларнинг аксарияти аслиятда C/c ҳарфи билан ёзилади. Ишчи гуруҳ хулосасида бу аниқ мисоллар билан кўрсатилган. «Тўғри, лекин инглизлар «сirk»ни «цирк» деб эмас, «сирк» деб ўқийди-да», дейишингиз мумкин, лекин, бизда ҳам бу ҳарф фақат унли товушлардан кейин келсагина (licey, administraciya) ts — ц деб, бошқа барча ҳолатларда (cirk, koncert, kvarc ) S/s каби ўқилади, дейиляпти-ку? Яъни, миллий талаффузимизга ҳеч қандай зиён етмайди, ушбу сўзларни ҳозир қандай ўқисак, шундай ўқиб-талаффуз этишда давом этамиз, фақат C/c ҳарфини алифбога киритиш орқали расмий, илмий матнларни, ўзга халқларга мансуб исм-фамилияларни, атоқли отлар ва атамаларни ёзишда қулайликка, аниқликка эга бўламиз, турли чалкашликларга барҳам берамиз.

Яна баъзилар, алифбомиздан -ng чиқиб кетса, бодринг, шудринг деган сўзларни қандай ёзамиз, деб ҳайрон бўлишмоқда. Барака топгурлар, -ng товуши имломиздан, талаффузимиздан эмас, алифбо таркибидан чиқариляпти, холос. Ахир, минг йил давомида қўлланилган араб алифбомизда ҳам, ҳозиргача ишлатилаётган кирилл алифбомизда ҳам бу товушга алоҳида ҳарф ажратилмаган-ку? Бу масалани ҳуқуқшунос, блогер Хушнуд Худойбердиев ўз Телеграмм каналида етарлича изоҳлаб бергани учун ортиқча тўхталмайман.

Эълон қилинган алифбо лойиҳасининг яна бир маъқул жиҳати – ўзбек тилини билмаган киши ҳам бу алифбода ёзилган матнга кўз ташлаб, биз ҳақимизда бирламчи тўғри маълумотга эга бўлади: алифбодаги асосий 25та ҳарф бизнинг ривожланган дунё билан ҳамқадам эканимизни, Ç/ç ва Ş/ş ҳарфлари бизнинг умумтуркий дунёга мансублигимизни, Ó/ó ва Ǵ/ǵ ҳарфлари Марказий Осиё вакили эканимизни билдиради. Бу жиҳатларнинг барчаси бирлашиб, ўзига хос ўзбек миллий алифбосини ташкил қилади! Ахир, кирилл алифбомиз рус тилиникига ўхшайди, деб дод деймиз-у, нега ҳозирги лотин алифбомиз инглиз алифбосига ўхшаш эканини тан олмаймиз. Қордан қочиб дўлга тутилишдан муддао не?! Ахир, ҳар бир халқнинг алифбоси, энг аввало, ўзига хос бўлиши, қолаверса, қондош бўлган халқларнинг алифбоси билан уйғун бўлиши тилшунослик нуқтаи назаридан ҳам, ижтимоий жиҳатдан ҳам тўғри эмасми?!

«Фақат менинг фикрим тўғри, мен билган ҳақиқатни бошқа ҳеч ким билмайди», дейиш энг камида худбинликдан бошқа нарса эмас, сизу биз айтаётган кўплаб «ақлли» мулоҳазаларни зукко олимларимиз ҳам ақл ва мантиқ тарозисига солиб кўришгани аниқ, фақат улар муайян бир қутбнинг эмас, барча қутбларнинг қарашларини ўрганиб, сўнг бир қарорга келишган, деб ўйлайман.

Хуллас, бизга мана шундай оптимал алифбо лойиҳасини тақдим этган мутахассисларимизга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Ишонманки, ушбу лойиҳа расман қабул қилинса, бугун эътироз билдираётган баъзи ҳамюртларимиз ҳам ўқиш-ёзиш жараёнидаги афзаллигу енгилликларни шахсан ҳис қилишгач, ичларида бўлса ҳам, раҳмат айтишади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ.

Мавзуга оид