Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухоро шаҳар ҳокимлиги тадбиркордан 11 сотих ер қарзини қачон узмоқчи?
Бухоро шаҳридан тадбиркор Ҳаким Бобоқулов тўрт йилдан буён ўзини қийнаб, ечимини топмай келаётган масаласи юзасидан Kun.uz’га мурожаат йўллади. Мурожаат мазмуни билан танишиб, уни жойида ўрганиш ва мурожаатчи билан учрашишга қарор қилдик.
Видео: Youtube
Бухоро шаҳар ҳокимининг 2015 йил 21 апрелдаги №598-сонли қарори асосида шаҳарнинг Газли шоссеси ёқасида жойлашган мини-футбол майдончаси ва кийиниш хоналари биноси қуриш учун мўлжалланган 1750 кв.м.дан иборат ер майдони амалдаги ер қонунчилиги асосида танлов савдоларига чиқарилган эди. Ҳ.Бобоқулов танлов комиссиясининг 2015 йил 22 июндаги 30-сонли баённомасига асосан танлов ғолиби деб топилади. Шу куни тадбиркор ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги ўртасида «Танлов мажбуриятларини бажариш тўғрисида» 270-сонли шартнома тузилди, шунингдек, ўша йили 10 июнда 311-сонли АРТ (архитектура-режалаштириш топшириғи), лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилиб, тасдиқланган ва давлат экспертизасидан ўтказилган.

Бироқ, мазкур ер майдони Бухоро шаҳар ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтарилиши мўлжаллангани сабабли Ҳ.Бобоқуловга 2016 йил 20 январь санасида шаҳар ҳокими В.Ўринов томонидан худди шу ер майдонидан кам бўлмаган ер майдони ажратиб берилиши ҳақида 01/86-сонли кафолат хати тақдим этилади.

Шундан сўнг, тадбиркорнинг танловдан ютган, бироқ олиб қўйилган 17,5 сотих ери эвазига Бухоро шаҳар ҳокимининг 2016 йил 1 апрелдаги №506-сонли (Алпомиш кўчаси ёқасидан 620 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида), №507-сонли (Газли шоссеси ёқасидан 156 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида), №508-сонли (Мустақиллик кўчаси ёқасидан 75 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида) — жами 851 кв.м ер майдонига қарорлар чиқариб берилади.
Бироқ қолган 899 кв.м ер майдони эвазига Ҳ.Бобоқуловга ҳанузгача ер майдонлари ажратиб берилмаган. Устига-устак, тадбиркорга 2016 йил 1 апрелдаги №506-сонли қарор асосида Алпомиш кўчаси ёқасидан ажратилган 620 кв.м. ер майдонидан 200 квадрат метри қайтариб олинди. Бунинг эвазига Бухоро шаҳар ҳокими томонидан ушбу олиб қўйилган 2 сотих ер майдони эвазига худди шунга тенг ер майдони ажратиб бериш ҳақида яна кафолат хати берилади.
Унинг бу муаммолари ҳал бўлавермагач, Ҳ.Бобоқулов 2016 йил 18 октябрида порталга мурожаат қилади.
Бироқ, мазкур мурожаатдан сўнг шаҳар ҳокимлиги масалани ижобий ҳал қилиш, ўзи кафолат берган ерни ажратиш ўрнига, хўжакўрсинга, умуман қурилиш ишлари олиб боришнинг иложи йўқ, рельеф ва жойлашуви жиҳатидан олиб қўйилган ер майдонидан анча ёмонроқ, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга яроқсиз бўлган, ҳаттоки ер майдонининг чегаралари кўрсатилмаган, шаҳарнинг чекка қисмида жойлашган, коммуникациялар ўтмаган жойдан 1099 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида Бухоро шаҳар ҳокимининг 2016 йил 24 октябрдаги №2041-сонли қарори чиқарилди.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан унинг ёзган мурожаатига қўл учида, шунчаки, порталга мурожаат қилган шахснинг оғзини ёпиб, гўёки «фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди», деган мазмундаги қарорнинг хўжакўрсинга чиқарилганини тадбиркор қуйидагича исботлашга ҳаракат қилмоқда:
«Порталга қилган мурожаатимдан сўнг орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан 2016 йил 24 октябрдаги №2041-сонли қарор ҳақида менга маълум қилинмаган. Мен мурожаатимнинг натижасини билиш учун порталга кирганимда, ушбу қарорни кўриб қолиб принтердан чоп этдим ва Бухоро шаҳар ҳокимлигига олиб бордим. Қарорни олиб борганимда ҳам ҳатто ўша ердаги мутахассис менга бу ер майдони айнан қайси чегаралардан иборатлиги ҳақида маълумот беришни ҳам истамади. Шунингдек, мен нега мендан олиб қўйилган ерлар эвазига худди шундай ер майдони ажратилмаганлигини сўраганимда «қаерга борсанг бор, кимга мурожаат қилсанг қил, қўлингдан ҳеч нарса келмайди», деган мазмунда жавоб берди».
Тадбиркорда ҳақли савол туғилади: нега бошқа тадбиркорлик субъектларига шаҳарнинг қулай жойларидан ер ажратиб берилаётган бир пайтда унга нисбатан умуман фойдаланишга яроқсиз бўлган, ҳеч кимга керак бўлмаган, шўрлиги баланд, ер сатҳидан анча паст, чуқурликда жойлашган ҳудуддан ер ажратилмоқда?

Бу ҳам етмагандек, у Бухоро шаҳар архитектура бўлимига бориб, Бухоро шаҳар ҳокимининг 24.10.2016 йилдаги №2041-сонли қарорини кўрсатганида шаҳар архитектура бўлими бу ер майдонининг чегаралари ҳатто, унинг айнан қайси контурлар бўйича, қаерда жойлашганини билмаслигини айтишган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 32-моддасида Ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида ва хариталарда дастлабки тарзда белгилаш ажратиб бериш учун ер участкаси танланган вақтда уни бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилиши аниқ белгилаб қўйилган. Ер ажратиш бевосита ваколатига киритилган шаҳар ҳокимлигининг наҳотки ушбу қонун нормасидан хабари бўлмаса?
Шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокимининг 24.10.2016 йил №2041-сонли қарорида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддаси асос қилиб келтирилган, ваҳоланки, конституциянинг мазкур моддасида суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийлиги белгилаб қўйилган.
Юқоридаги ҳолатларнинг барчаси ва ҳокимият вакилининг унга қилган муомаласидан шу нарса аёнки, Бухоро шаҳар ҳокимининг 24.10.2016 йилги №2041-сонли қарори гўёки унинг мурожаати бўйича масала ҳал этилганини кўрсатиш учун чиқарилган, холос.
Тадбиркор ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги билан зиддият қаердан келиб чиққан? Нега ҳокимият томонидан Бухоро шаҳар ҳудудининг тадбиркорлик қилиш қулай бўлган жойларидан Ҳ.Бобоқуловга ер ажратилмасдан, доимий равишда пайсалга солиб келинмоқда? Унинг ўзи қуйидагича ҳикоя қилади:
«Юқорида айтилган ер майдонлари олиб қўйилганидан сўнг, Бухоро шаҳар ҳокими томонидан мазкур ер майдонлари билан айнан бир хил бўлган ер майдони ажратиб бериш бўйича кафолат хатлари берилган эди. Мен дастлаб мазкур кафолат хатлари асосида Бухоро шаҳар ҳокимлигига бориб мурожаат қилганимда, шаҳар ҳокимлигида бир неча ўн йиллардан буён ишлайдиган шахс «агар сенга шаҳарнинг яхши жойларидан ажратиладиган ер майдонларининг ярмини менинг одамларим номига расмийлаштиришга рози бўлсанг ишингни тўғрилайман», деган мазмундаги таклифни бир неча бор берди.
Мен, албатта, бу таклифларни рад қилиб келдим. Афсуски, менинг берган рад жавобим мени шу ергача олиб келади, деб ўйламаган эканман. Қачонгача бундай шахсларнинг шахсий манфаати деб энди бир ишни очиб, тадбиркорлик қиламан, деб юрганлар азият чекиши керак?!»

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 41-моддасида Жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хоҳишига кўра туман, шаҳар ва вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ бошқа барча зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Шунга асосан, Ҳ.Бобоқулов порталга юқоридаги важларни кўрсатган ҳолда иккинчи марта 2016 йил ноябрь ойида мурожаат қилиб, Бухоро шаҳар ҳокимининг 24.10.2016 йилги №2041-сонли қарорида кўрсатилган ер участкаси умуман фойдаланишга яроқсиз ҳисобланиши инобатга олиниши ва мазкур ер участкасида тадбиркорлик фаолияти олиб боришнинг имкони йўқлиги сабабли унга ҳокимлик томонидан берилган олдинги кафолат хатларини ўз кучида қолдиришини сўраган.
Бироқ, иккинчи мурожаатдан сўнг ҳам унинг муаммоси ижобий ҳал қилинмади. Бухоро шаҳар ҳокими уни чақиртириб, «масалангни ҳал қилиб берамиз», деб айтган, бироқ юқоридаги муаммо муаммолигича қолмоқда.
Энг ачинарлиси — ҳикоямиз қаҳрамонининг сўзларига кўра, мурожаатдан сўнг шаҳар ҳокимиятида унга нисбатан муносабат тубдан ўзгарган. У Бухоро шаҳар ҳокимининг қабулига бир неча марта шу муаммо бўйича кирмоқчи бўлганида ҳоким уни қабул қилишдан бош тортган. Бугунги кунда шаҳар ҳокимлиги томонидан шунчаки хўжакўрсинга ер ажратиш тўғрисида қарор чиқарилиб, мазкур ер майдони умуман яроқсизлиги инобатга олинмасдан, гўёки масала ҳал этилгандек порталга маълумот берилган.
Ҳ.Бобоқулов Бухоро шаҳар ҳокимлигининг ўзининг муаммосига нисбатан лоқайдлигини тасдиқловчи яна бир фактни келтириб ўтди:
«Шаҳар ҳокими томонидан 24.10.2016 йилда чиқарилган №2041-сонли қарорда менинг отамнинг исми Ҳалимович ўрнига Ҳалилович дея нотўғри кўрсатилган. Шунингдек, мен ҳокимиятга ариза билан мурожаат қилиб, №2041 сонли қарор асосида ажратилган ер майдони керак эмаслиги ва менга берилган кафолат хатлари асосида олинган ер майдони билан бир хил бўлган бошқа ер майдони ажратиб беришини сўраган эдим.
Ҳокимлик томонидан менга 2016 йил 5 декабрда Б-4410 сонли жавоб хати жўнатилиб, «24.10.2016 йилдаги №2041-сонли қарор бекор қилинганлиги, ер майдони ажритиш бўйича ёзган аризам ўз ўрнида кўриб чиқилиши» ҳақида маълумот берилган эди.

Мен қарор бекор қилинибди, масалам ниҳоят ҳал бўлган, демак менга бошқа тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун яроқли бўлган бошқа жойдан ер ажратилар экан, деб ўйлаб, деб ҳокимиятга бевосита бориб мурожаат қилганимда, юқоридаги жавоб хати бўйича ҳеч қандай қарор чиқарилмаганлигини айтишди.
Шу ўринда менда ҳақли бир савол туғилади: наҳотки ҳокимият вакиллари томонидан расмий берилган хатларини асослаб бера олишмаса? Бундан ташқари, «ёзган аризангиз ўз ўрнида ўрганиб чиқилади», деб ёзилган мавҳум жавоб билан муаммони ҳал этилган деб ҳисоблашса?!
Таажжуб! Ахир амалда ҳеч нарса ҳал этилмаган-ку?! Ёки бухоролик ҳокимият вакиллари президентимизнинг халқнинг дарди билан яшаш ҳақидаги кўрсатмалари-ю нутқларини инобатга олишмайдими?
Бухоро шаҳар ҳокимининг 11 майда жўнатган жавоб хати эса ҳеч бир куракда турмайди. К.Камолов 1099 кв.м. ер майдони бошқа жойдан ажратилиши кўриб чиқилаётгани тушунтирилгани ҳақида маълум қилиб, кейинги мурожаатлар кўрмасдан қолдирилиши ҳақида таҳдид қилган.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга бошқа жойдан ер ажратилиши тўғрисида тушунтирилган экан, 4 йилдан буён давом этаётган бу масалани «кўриб чиқиш» яна қанча давом этади?
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:06 / 21.07.2024
Бухорода икки корхона 585 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланди
10:30 / 01.07.2024
Бухорода кўп қаватли уй қуриш билан шуғулланган МЧЖ раҳбари қамоққа олинди
15:42 / 29.06.2024
“Электросет” огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда — бизнес омбудсман
08:08 / 10.06.2024