Ўзбекистон | 08:45 / 30.05.2019
28497
6 дақиқада ўқилади

Тимур Мусин: «Бу рейдерлик билан эгаллаб олиш ва «сиқиб чиқариш» эмас»

Фото: Лаборатория бизнеса

Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси Тимур Мусин Facebook’даги ўз саҳифасида видео эълон қилди, унда ресторанига бир гуруҳ шахслар келгани тасвирланган.

«Азиз дўстлар. Илтимос қиламан - менинг хабарларим ва изоҳларимга хотиржам муносабат билдиринг. Бу 90-йиллар, рейдерлик билан эгаллаб олиш ва ҳеч қандай «сиқиб чиқариш» эмас. Шунчаки, бу ҳар куни кимдир тўқнаш келаётган ҳозирги бемаъниликдир. Мен алоҳида фойдаланувчиларга мурожаат қиламан - менга «ўзбошимчалик қурбони» сифатида ачиниб, яхшилик қиламан деб нохуш иш қилиб қўймоқдасиз», - дея таъкидлаб ўтди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қарийб уч йилдан бери республикага дунёдаги энг илғор ва ривожланган давлатлардан бири бўлишга ёрдам бериши керак бўлган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ишбилармон доиралар 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сонли, туманлар (шаҳарлар ва ҳудудлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни ҳам шундай ҳужжатлардан бири сифатида қабул қилди.

Ташкил этилаётган сектор гуруҳларининг асосий вазифаси кўрсатилган соҳаларда «муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича мақсадли тадбирларни амалга ошириш» деб эълон қилинди. Яъни, президент ёрдам бериш ҳақида топшириқ берди. Ҳаётда эса баъзан шундай бўляпти: мансабдор шахслар буни ҳамма нарсани назорат қилишнинг яна бир имкони деб билишди.

«Оддий тадбиркор Тимур Мусиннинг ҳаётидан яна бир мисол. Мен Тошкентга Олмаотадан келишга улгурмай 9 кишидан иборат «жуда ваколатли гуруҳ» ресторанимизга кириб келди. Ҳеч нарса тушунтирмасдан, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан, анча қатъий (ҳатто қўпол, деган бўлардим) шаклда уларни муассасага киритишни талаб қилдилар. Фақат ўзини таништириш ва ташриф мақсади ҳақидаги такрорий илтимослардан сўнг, улардан бири исми Шерзод эканлигини айтди, лекин шахсни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатни кўрсатмади», - дея ёзган у.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентда кўп Шерзодлар бор, шунинг учун яна ва яна сўрашга мажбур бўлинган - қаердансиз, нима истайсиз? Шундан сўнг, Шерзод «Яккасарой солиқ инспекциясидан бўлиб, текширувга келганини» тан олди. Бундан ташқари, унга ҳамроҳлик қилган кишиларнинг кўпчилиги ҳам ушбу идорадан эди.

«Қандай текширув, нима асосида, ким унга рухсат берган??? Жавоб қайтарилмаган саволлар. Ҳамма нарса бутунлай тушунарсиз бўлгани учун «Шерзод ва компанияни» муассасага киритишмади. Шундан кейингина, улар бизнинг туманимиз бўйича сектор гуруҳи вакиллари эканини тушунтирдилар. Энг қизиқарли нарса шундаки, биз уларни танимаганимиздан ҳайратга тушишди. Улар томондан қизиқарли саволлар берилди: «Қандай қилиб? Нима учун сиз туман солиқ инспекцияси бошлиғи куратор бўлган секторингиз вакилларини билмайсиз?» - дея қайд этиб ўтди Мусин.

Тадбиркор саволдан ажабланган - нега у инспекторларни юзидан таниб олиши керак.

«Мен улардан ҳеч нарса ҳақида сўрамадим, бизнесимдаги муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришганини ҳис қилмадим. Уларга ҳеч қандай саволларим йўқ эди. Агар уларда менга саволлар туғилган бўлса, унда бу саволлар вазифалари ва ваколатлари доирасида берилиши керак эди. Бироқ, фискал органлар ходимларининг «отлиқ ҳужумлар» шаклида ва телекамералар ҳамроҳлигида эмас. Йигитлар! Мендан сўрасангиз - мен сизга жавоб бераман! Бироқ, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилаётган, ходимлар ишлаётган ва асосан хорижликлар бўлган ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатилаётган ҳудудга ҳуқуқ ва ваколатларга эга бўлмай туриб бостириб кириш керак эмас!», - деди у.

Унинг маълум қилишича, қандайдир одамлар келиб, ҳеч қандай ёзма асосларни тақдим этмай туриб текширув учун ташриф буюришганини маълум қилган, кейин сўзини бироз тузатиб - «навбатдаги мониторинг» ўтказишларини айтишган.

«Нима учун «мониторинг» деб номланган гуруҳ СЭС ва ёнғин хизмати вакиллари билан кучайтирилиб, телекамералар ҳамроҳлигида, қонунда белгиланганидек бизнес-омбудсмен аппарати билан ёзма мувофиқлаштиришсиз келади? Агар улар муаммолар мониторинги билан шуғулланаётган бўлса, унда нега МТРК телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи рухсат сўрамасдан видео ёзиб олишга ҳаракат қилди. Мен тушунаман, «матбуот эркинлиги», бироқ тадбиркорларнинг ноқонуний «бостириб келиш»дан ҳимояга, шунингдек улар мижозларининг бемалол ҳордиқ чиқаришга бўлган ҳуқуқи ҳуқуқий давлатда ҳурмат қилиниши керак. Бизда алоҳида амалдорлар ўзи одатланганидек иш тутишга ўрганиб қолган.

Нега бизда мамлакат ҳукумати қарорларини бажариш билан боғлиқ ҳамма нарса мураккаб? Нима учун туманимиздаги сектор ўз миссиясини республика раҳбариятининг қарорларига тескари ҳолда бажармоқда? Президентимиз ПҚ-3182-сонли қарорда аниқ вазифалар қўйди: давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларда низо муҳитини яратиш эмас, балки ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш», - дея хулоса қилган Мусин.

Бундан олдин, Темур Мусин Ўзбекистондан ташқарида ресторан бизнеси билан шуғулланишда давом этишини айтганди.

Мавзуга оид