Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кореяга ишга бориш учун тест топширадиганларга «жетон» бериш амалиёти бекор қилинди
Эндиликда Корея Республикасига ишга бориш учун тест синови топширадиган талабгорларга “жетон” бериш амалиёти бекор қилинди, деди Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.
У бу ҳақда бугун, 1 июн куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган анжуманда айтди.
Анжуманда Кудбиев Кореяда меҳнат қилиш бўйича ташкил қилинган тест тизимига киритилган ўзгаришлар, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича ахборот берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида Кореяга ишга жўнатиш соҳасида қатор муаммолар йиғилиб қолган.
“Тест ўтказиш жараёнига ноқонуний аралашувлар коррупцияни авж олдирди. Натижада, корейс тилини умуман билмаган фуқаролар ҳам ишга жўнаб кетди. Аҳвол шу тарзда давом этаверганидан кейин кореялик иш берувчилар бизга ишонмай қўйишди. Мавжуд вазиятни яхшилаш учун тест тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Энг катта масала иштирокчилар сонини оптималлаштиришдир. Шу пайтгача тестга кирувчилар сони бир неча ўн минглабни ташкил қилган. Шунга яраша сифат ҳам тушиб кетди ва яна қатор муаммолар пайдо бўлди. Факт келтириб ўтаман: 2018 йилда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 16 минг нафар фуқарога тестга кириш учун рухсатнома (“жетон”) берган. Улардан 3248 нафари (тўловларни амалга оширган бўлса ҳам) рўйхатга киритилмай қолиб кетган”, деди у.
Кудбиевнинг айтишича, бу ҳолат яна такрорланмаслиги учун тестга кирувчилар сони кескин қисқартирилди, улар 2000 нафарни ташкил қилади. Умумий 100 баллик тизимда 70 баллдан юқори натижани кўрсатганларгина тестга киритилади ва жараён вазирлик томонидан қаттиқ назорат остига олинади”.
Янги ўзгаришга кўра, аввалги “жетон” бериш амалиёти бекор қилинди. Унинг ўрнига билимни баҳолаш марказлари томонидан бериладиган сертификат тизими йўлга қўйилди. Ҳозирги пайтда билимни баҳолаш марказлари республика бўйича жуда озчилик (Тошкент, Самарқанд ва Андижон)ни ташкил этади. Агар уларнинг сони оширилса, сифат ҳам яхшиланади, дея қўшимча қилди вазир.
Кудбиев билимни баҳолашда олий ўқув юртлари, нодавлат таълим муассасалари мутахассисларини ҳамкорликка чақирди. Эндиликда улар ҳам вазирлик билан келишув имзолаб тест ўтказиш, унга тайёрлаш ишларини амалга оширишлари мумкин бўлади. Вазирнинг сўзларига кўра, мақсад соҳага малакали мутахассисларни жалб қилиш орқали сифатни оширишга эришишдир.
Мавзуга оид
09:33 / 04.04.2025
Жанубий Корея президенти лавозимидан расман четлатилди
10:29 / 24.03.2025
Жанубий Кореяда президент вазифасини бажарувчига нисбатан импичмент бекор қилинди
10:55 / 19.03.2025
Кореянинг Улсан шаҳар мэрияси орқали Ўзбекистон фуқароларига соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади
15:44 / 05.02.2025