Спорт | 08:57 / 01.06.2019
17957
2 дақиқада ўқилади

Купер нимага эътибор қаратди? Миллий жамоанинг Антальядаги машғулотидан фотогалерея

31 май, жума куни кечга яқин Туркияга етиб келган Ўзбекистон миллий жамоаси шу куннинг ўзида Антальядаги «Arslan Zeki Demirci» стадионида машғулот ўтказди. Маҳаллий вақт билан 22:00да бошланган машғулот 1,5 соатдан кўпроқ давом этди.

Дастлаб чигалёзди машқларини ўтказган футболчилар кейинчалик комбинациялар устида ишлашди. Купер машғулот давомида қанот футболчиларининг ҳужумга қўшилишларига алоҳида урғу берилди. Қувондиқ Рўзиев, Хуршид Ғиёсов, Ҳожиакбар Алижоновлар қанотнинг ҳар хил қисмларида синаб кўрилди. Бу футболчилар машғулотлар давомида яхши таассурот қолдиришди.

Антальядаги машғулотларда дарвозабон Элдор Суюнов ниҳоят тўлиқ куч билан қатнашди. Жароҳатидан сўнг «Пахтакор» захирасида қолиб кетаётган Суюнов Туркиядаги машғулотларда яхши ҳаракат қилди. Шунингдек Купер келганидан буён илк марта миллий жамоага чақирилган «Динамо» дарвозабони Ботирали Эргашев бежизга йиғинга чақирилмаганини исботлашга уринди.

Дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков ҳар доимгидек посбонлар билан машғулотни қувноқ тарзда ўтказди. Дарвозабонлар орасида «Локомотив» аъзоси Жавоҳир Илёсов яхшироқ ҳолатда экани кўринди. Tribuna.uz мухбирлари миллий жамоанинг машғулотларини Туркияда кузатиб боришди. Қуйида миллий жамоанинг Туркиядаги илк машғулотидан фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

 

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид