Жамият | 08:30 / 02.06.2019
19518
5 дақиқада ўқилади

Жиззахда бир кунда бешта мактабгача таълим муассасаси очилди

Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси ва туманлардаги бўлимлар томонидан мактабгача таълим соҳасида қабул қилинаётган қарорлар ижросини таъминлаш, давлат мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ҳамда вилоятда нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 

- Бугунги кундан Жиззах вилоятида 449 та мактабгача таълим муассасалари  фаолият юритмоқда. Вилоятдаги ушбу таълим муассасаларида жами 48298 нафардан ортиқ 3-6 ёшли болалар қамраб олинган. Соҳада нодавлат мактабгача таълим муассаларини кенгайтириш мақсадида ҳар бир туман, шахарларда оилавий ҳамда давлат хусусий шерикчилик асосидаги муассаларни ташкил этиш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугун  вилоятда ташаббускор тадбиркорларимиз томонидан ташкил этилган 5 та ана шундай давлат хусусий-шерикчилик асосидаги таълим масканлари Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида” ги 3651-сонли  қарорига асосан  имтиёзли кредитлар эвазига очилди. Ш. Рашидов туманида  150 ўринга мўлжалланган “Лайло Бэби”, 100 ўринли “Болалик беғуборлик”,  Ғаллаорол туманида 50 ўринли “Юксак Ниҳол”, Зарбдор туманида 50 ўринли “Юртимиз камалаги” ва Жиззах шаҳрида 70 ўринли “Афросиёб кучи” ана шулар жумласидандир.  Ушбу таълим муассасаларида жами 75 та иш ўрни яртилди. Биз 2019 йил сўнгига қадар 37 давлат ва хусусий шерикчилик асосида , 10 та хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасалари  фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирганмиз. Айни кунда  вилоятда 3-6 ёшдаги болалар  111 890 нафарни ташкил этса, шулардан  47338 минг нафари  мактабгача таълим муассасаларига жалб этилган. Бу эса 43,2 фоизни ташкил этади дегани. Ниятимиз  ушбу кўрсаткични 54-55 фоизга чиқариш. 2018 йилнинг бошида бор-йўғи 300 нафар олий маълумотли мутахассилар фаолият олиб борган бўлса, бугун улар 1300 нафарни ташкил этади, - дейди Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Низомиддин Тошбеков

Жиззах шаҳри ҳамда Ғаллаорол туманларида ташкил этилган янги  мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча шароитлар мужассам. Алоҳида ошхона, спорт ва ўйин майдончалари, мусиқа хоналари шулар жумласидандир.

- Бугун бутун дунё бўйлаб ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш  куни нишонланмоқда. Дунёда бола кулгусидан-да беғубор ва соф кулгу бўлмаса керак. Бугун Ш.Рашидов туманида барча шароитларга эга замонавий типдаги болалар боғчаларининг очилиши биз оналарни ҳам қувонтирди. Қувончимнинг боиси шуки, шу кунга қадар бизнинг туманда атиги 25 фоиз бола боғчага жалб қилинган эди. Бунинг натижасида жуда кўп аёллар уйда ишсиз  қоларди. Бугун туманимизда 31 та давлат хусусий шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасаларининг қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Аёлларимизнинг юз-у кўзидаги қувонч ва ҳаяжонни сезиш қийин эмас. Мана шундай масканлар очилса аёлларимизнинг бандлиги ҳам таъминланади. Аёллар жамоат ишларида фаол қатнашади, - дейди Ш. Рашидов тумани “Оила” маркази раҳбари Дилбар Саидова

 

- Зарбдор туманидаги “Мустақиллик” МФЙ да истиқомат қиламан. Турмуш ўртоғим қарийб йигирма йилдан бери туманимиздаги боғчалардан бирида тарбиячи бўлиб ишлайди. 2017 йилда ушбу мактабгача таълим муассаси капитал таъмирлашга  тушганда аёлим қарийб олти ой уйда ишсиз ўтирди. Шунда оилам билан маслаҳатлашиб  уй боғча очсак деган фикрга келдик. Шундан сўнг туман ҳокимлигига  ариза билан мурожаат қилдик. Мурожаатимиз ўрганилиб 2018 йил февраль ойида қарор чиқариб берилди. Қарорни қўлга олгач мутахассисларни жалб қилиб, қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Бизга ўтган 2018 йилнинг  сентябрь ойида ушбу мактабгача таълим муассасини жиҳозлаш учун 250 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Муассасамиз рўйхатда талаб қилинган барча жиҳозлар билан таъминланди. Эътиборли томони шундаки, аёлим малакали мутахассис, қизим Сафарова Динара айни дамда шу муассасасининг мудираси. Жами 14 нафар иш ўрни яратилди. Мўъжазгина бу маскан 50 ўринга мўлжалланган, - дейди Султон Холқўзиев. 

 

Таъкидлаш жоиз, болаларда ижтимоий-комуникатив, ахлоқий, эстетик сифат ва салоҳиятларни уйғотиш ҳамда ривожлантириш, уларни соғлом турмуш тарзи билан таништириш борасида  вилоят миқёсида ижобий ишлар олиб борилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг босқичма босқич дастур асосида реконструкция ва капитал таъмирдан чиқарилиб таълим сифатини ошириш мақсадида методик қўлланмалар ва ўқув-амалий жиҳозлар  билан таъминланаётганлиги таҳсинга сазовор.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид