Жамият | 10:00 / 02.06.2019
12791
5 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда ҳокимлик ва тадбиркор низоси давом этмоқда. Муаммо қачон ечим топади?

Kun.uz сайтида жорий йил 12 март куни «Каттақўрғонда тадбиркорнинг биноси огоҳлантиришсиз бузиб ташланди. Жабрланувчи адолат истамоқда» сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, «Мўминхўжа» маҳалласида яшовчи тадбиркор Қурсия Тошпўлатовага тегишли дорихона биноси ҳокимлик мутасаддилари томонидан 2018 йилда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани, ери тортиб олингани, ўрнига ваъда қилинган ер ажратиб берилмаётгани баён этилганди.

Маълум бўлишича, дорихона биноси жойлашган ҳудуд «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Бузилган дорихона биноси ўрнига қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Н.Саноқулов ва ҳокимлик ҳуқуқшуноси К.Аҳмедов билан учрашганимизда мутасаддилар тез кунларда Қ.Тошпўлатовага бузилган дорихона биноси ва ундан олиб қўйилган ер эвазига бошқа ҳудуддан ер ажратиб берилишини, ер ҳам белгилаб олинганини айтишганди.

Аммо бу масала юзасидан тадбиркор Қурсия Тошпўлатова таҳиририятга такрорий мурожаат қилди ва туман ҳокимлиги вакиллари ҳамон уни сарсон қилаётганини билдирди.

Шу асосида бу мавзуга яна қайтдик, тадбиркор ва ҳокимлик мутасаддилари эътирозларини тингладик.

Маълум бўлишича, танқидий мақоладан сўнг туман ҳокимлиги масъуллари бу масала юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширган.

2019 йил 20 март куни Каттақўрғон туман ҳокимининг тадбиркор Қ.Тошпўлатовага бузилган дорихона ўрнига «Каттаминг» маҳалласи ҳудудидан 150,0 кв.метр ер танлаш ва ажратиш ҳақида №1296-Қ-сонли қарори чиққан. Аммо танланаётган ер бўйича ҳокимлик ва тадбиркор келишувга эришолмаган.

Бу ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Н.Саноқулов билан суҳбатлашдик.

«Туман ҳокими қарори асосида «Каттаминг» маҳалласи ҳудудидан тадбиркорга ер танланди. Аммо кейинчалик бу ер майдони бошқа мақсадлар учун ажратилгани маълум бўлди. Шундан кейин тадбиркорнинг ўзи истиқомат қиладиган «Мўминхўжа» маҳалласидан ер ажратишга қарор қилдик. Бу ердаги «Маҳалла маркази»да қатор бинолар жойлашган. Тўйхона, тиббиёт муассасаси, маҳалла гузари ва ҳоказо. Шу бинолар қаторидан ер ажратяпмиз, аммо тадбиркор эътироз билдиряпти», – дейди Саноқулов. 

Тошпўлатова билан суҳбатлашганимизда, у тадбиркорлиги учун ноқулай бўлган ҳудудлардан ер ажратилаётганини билдирди.

Ҳақиқатан ҳам «Мўминхўжа» маҳалласидаги «Маҳалла маркази»дан ер ажратилаётган ер тадбиркор учун ноқулай эди. Кўча томондан олдига бошқа бинолар тушган. Бу ердан тадбиркор дорихона қурганда ҳам бинолар ортидан кўзга ташланмайди. Тадбиркор айнан шунинг учун эътироз билдирмоқда ва бошқа ҳудуддан ер ажратилишини сўрамоқда.

Шу тариқа, бу муаммо бир йилдан зиёд вақтдан буён ҳал бўлмай келмоқда.

Аслида, бошидан тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилган. 2018 тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан тадбиркор биноси огоҳлантирилмасдан бузиб ташланган ва ери тортиб олинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги қайд этилган.

Туман ҳокимлиги мутасаддилари қарорда кўрсатилган тартибга амал қилишмаган ва тадбиркорнинг ҳуқуқини очиқчасига бузишган. Айни вақтда эса жабрланган тадбиркор яна сарсон, туман ҳокимлиги мутасаддилари масалани ижобий ҳал этишни пайсалга солмоқда. Низо эса давом этмоқда.

Kun.uz вазиятни кузатишда давом этади ва лозим бўлса, бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид