Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия 2020 йилги Олимпиададан четлатилиши мумкин
Россия 2020 йилда Токиода ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларидан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда The Sunday Times нашри маълум қилди.
Бундай қарор россиялик енгил атлетикачи, баландликка сакровчи Данил Лисенко иштирокидаги допинг можаро сабабли қабул қилиниши мумкин. Спортчи допинг-синовларни ўтказиб юборгани учун 2 йилга мусобақалардан четлатилган. Нашр манбасига кўра, спортчи допинг-синовлар вақтида гўёки бетоб бўлганини тасдиқловчи қалбаки ҳужжатларни тақдим қилган.
Ушбу иш бўйича терговнинг боришидан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, Лисенконинг бетоблиги ҳақидаги тиббий маълумотномани мавжуд бўлмаган клиника берган. Ҳужжатларда ўйлаб топилган шифокорлар ва сохта реквизитлар кўрсатилган. Ҳужжатда клиника кўрсатилган манзилда ташландиқ бино жойлашгани аниқланган.
Ҳужжатни қалбакилаштиришда Россия енгил атлетика федерацияси (ВФЛА) ходимлари гумон қилинган. Нашр манбасининг таъкидлашича, агар айбловлар ўз тасдиғини топса, Россия Олимпиададан четлатилади.
Март ойида Россия аксилдопинг агентлиги – РУСАДА бош директори Юрий Ганус россиялик енгил атлетикачилар 2020 йилги Олимпиадада иштирок эта олишларига шубҳа билдирганди. Унинг айтишича, Россия спорт ютуқларининг софлиги учун курашиши ва медалларни ҳалол йўл билан қўлга киритиши лозим.
2015 йилда Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмаси (IAAF) россиялик спортчилар томонидан аксилдопинг қоидалари мунтазам бузилгани сабабли ВФЛАнинг фаолиятини тўхтатганди. Ҳозирда россиялик спортчилар халқаро мусобақаларда индивидуал рухсат олишгандан кейин ва нейтрал мақомда иштирок эта олишлари мумкин. Шу билан бирга IAAF ВФЛАнинг мақомини тиклаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этган.
Мавзуга оид
21:24 / 27.05.2025
ХОҚ россиялик спортчиларни 2026 йилги Қишки Олимпиада ўйинларига киритмади
19:57 / 22.05.2025
АҚШда «допинг ўйинлари» ўтказилади
08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди
17:02 / 12.05.2025