Спорт | 17:39 / 04.06.2019
4784
3 дақиқада ўқилади

Бухоронинг Про-лигадаги иккита клубига техник мағлубият ёзилди

"Зарангари" жамоаси / Фото: telegram.me/zarangari_PFK

Бугун, 4 июнь куни Про-лигада бўлиб ўтиши белгиланган 9-тур учрашувларидан иккитаси техник ҳисоб қайд этилгани боис ўтказилмайдиган бўлди.

ПФЛ Бухоронинг «Зарангари» ва «Иттифоқ» клубларига техник мағлубият ёзди.

«Иттифоқ» чемпионатда 8та тур ортда қолганига қарамай, ҳамон бадал пулини тўлаб бўлмагани учун, «Зарангари» эса сафар ўйинига бормагани сабабли майдонга тушмай туриб ютқазди.

9-турда «Иттифоқ» «Зомин» меҳмони бўлиши, «Зарангари» эса «Орол» майдонига сафар қилиши керак эди.

Эътиборлиси, «Зарангари»га 3-турда ҳам «Зомин» билан ўйинга белгиланган вақтда етиб келмагани туфайли техник мағлубият ёзилганди.

Мазкур ҳолатда, ПФЛ бош директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Диёр Имомхўжаевнинг ўз Telegram-каналида маълум қилишича, клуб регламентга асосан мусобақадан четлаштирилиши керак. «Зарангари» лицензиясининг қайтариб олиниши масаласи ЎФА тегишли қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, «Зарангари» расмийларининг ЎзПФЛ’га маълум қилишича, 5-турдан ўрин олган Навоийнинг «Иттифоқ» клубига қарши учрашувда бир қатор футболчилар тотализаторда иштирок этган.

«Шундан келиб чиқиб, ЎФА махсус инспекцияси мазкур жамоалар ишини ўрганишни бошлайди. «Зарангари» клубидан рўйхатдан ўтган футболчилар бу иш бўйича якуний хулоса чиқарилмагунига қадар бошқа клублардан рўйхатдан ўтказилмаслиги катта эҳтимол», – деб ёзади Имомхўжаев.

«Хуллас, футбол ривожига болта ураётган футболчи ва мураббийлар секин-секин чиқиб келяпти», – дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун, «Зарангари» ва «Иттифоқ» клублари Ғарб минтақасида 8 жамоа орасидан мос равишда 6- ва 8-ўринларни эгаллаб турибди.

«B» Про-лига, 9-тур
4 июнь, сешанба
17:00 Рубин — Локомотив-БФК
17:00 Яшнобод — Бунёдкор-2
17:00 Раш-Милк — Турон
17:30 Чиғатой — Андижон-2

17:00 Зирабулоқ — Иттифоқ-Н
18:00 Ғиждувон — Янгиер
18:00 Зомин — Иттифоқ-Б +/-
18:00 Орол — Зарангари +/- 

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид