Жаҳон | 23:12 / 08.06.2019
11813
3 дақиқада ўқилади

Эрон ТИВ: АҚШ санкциялари «иқтисодий терроризм намунаси»

Эроннинг нефть-кимё саноатига нисбатан жорий этилган Америка санкциялари халқаро қонун-қоидаларга зиддир. Бу ҳақда Эрон ТИВ матбуот котиби Аббос Мусовий баёнот берди, деб ёзмоқда Anadolu.

Аввалроқ АҚШ Эроннинг энг йирик нефть-кимё ҳолдинги Persian Gulf Petrochemical Industries (PGPIC) ва унинг 39 та шўъба корхоналари ва филиалларига нисбатан санкция жорий этган эди.

Эрон ТИВ матбуот котибининг сўзларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эрон билан музокаралар олиб боришга тайёр эканлиги тўғрисидаги баёноти бир ҳафта ўтар-ўтмас бефойда эканлиги билиниб қолган.

Дипломат жаҳон ҳамжамиятини АҚШ томонидан халқаро ҳуқуқ принципларининг ошкора поймол этилаётганига муносабат билдиришга чақирган.

Унинг сўзларига кўра, бу қадам иқтисодий терроризм намунаси ҳисобланади.

«АҚШнинг максимал босим ўтказиш сиёсати муваффақиятсиздир, бу чорани илгари Американинг бошқа президентлари ҳам қўллашган. АҚШ ҳокимияти бу йўл билан бирор мақсадига эриша олмайди», — деган Мусовий.

Аввалроқ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ядро битими доирасида Эроннинг манфаатлари ҳисобга олинмаса Теҳрон кейинги 60 кун ичида уранни бойитишни қайта тиклашини таъкидлаб ўтган эди. 2015 йилда имзоланган ядровий битимга кўра Теҳрон ўзининг ядровий дастурига чекловлар жорий этиши эвазига Эронга нисбатан санкциялар бекор қилиниши назарда тутилган эди. 2016 йилнинг 16 январида Эрондан санкцияларнинг катта қисми олиб ташланган эди.

2018 йилнинг 8 майида АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Эрон билан ядровий битимдан чиқишини ва бу мамлакатга нисбатан янги санкцияларнинг биринчи босқичи жорий этилишини эълон қилди. Шундан сўнг Эрон ҳокимияти БМТ халқаро судига АҚШнинг бир томонлама санкциялари мамлакатлар ўртасида 1955 йилда имзоланган «Дўстлик, иқтисодий муносабатлар ва консуллик ҳуқуқлари тўғрисида»ги битимга зид эканини асос қилиб мурожаат қилган.

АҚШ 2018 йилнинг 5 ноябрида Теҳронга нисбатан санкцияларнинг иккинчи пакетини жорий этди ва у Эроннинг энергетика, кемачилик ҳамда молиявий секторини қамраб олади. Санкции, хусусан, Эрон миллий нефть компаниясининг халқаро фаолиятини чегаралайди, халқаро молия ташкилотларига Эроннинг марказий банки ва бошқа банклари билан операциялар ўтказишни тақиқлайди.

Санкциялар шунингдек, Эрон бандаргоҳлари, кемасозлик саноати ва денгиз ташувчиларини қамраб олади. АҚШ ғазначилиги «қора рўйхати»га Эроннинг кемачилик компаниялари ҳам киритилган.

Мавзуга оид