Жамият | 12:55 / 08.06.2019
10606
6 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда ипакчилик ривож топмоқда

Ипакчилик соҳаси юртимизда азал-азалдан ривож топиб, оилаларда ипак матолардан кенг фойдаланиб келинган. Ипак матолардан тайёрланган кийим-кечакларнинг нақадар бежирим ва инсон саломатлигига фойдали хусусиятлари ҳақида кўп эшитганмиз. Бугун Каттақўрғон туманида ана шундай қимматбаҳо мато хомашёси – пиллачилик ривожи ва уни қайта ишлашга берилаётган эътибор туман ипакчилик соҳасини дунё бозорига олиб чиқмоқда.

Туманнинг иқлим шароити ва мавжуд имкониятлар ҳудудда ипакчилик соҳасини ривожида муҳим омил бўлмоқда. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида  тумандаги «Кумуш тола» хусусий корхонаси мамлакатимиз ипакчилик саноати ривожига салмоқли улуш қўшиб келмоқда. Туманнинг кумуш тола бунёдкорлари жорий йилда ҳам 300 тоннадан ортиқ сара ипак хомашёси етиштириб,  давлатга пилла етиштириб бериш режасини ортиғи билан уддаладилар.

Туманда пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш ва уни кенгайтириш, ипак қуртининг маҳсулдор зот ва дурагай уруғларини тайёрлашни кўпайтириш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор соҳада ўз самарасини бермоқда.

Биргина жорий йил туманда 5380 қути ипак қурти парваришланиб, 300 тоннадан зиёд пилла хомашёси етиштирилди, шартнома мажбуриятлари муваффақиятли бажарилди. Бу салмоқли пилла хирмонининг яратилишида   4200 дан ортиқ оилавий звено аъзоларининг фидокорона меҳнатлари эътирофлидир. Тунларни кунга улаб қилинган меҳнатлар натижаси ҳар қути ипак қуртидан ўртача 57,3 килограмдан ипак хомашёси олинди.Бу ўтган йилдагига нисбатан ҳар қути ипак қуртидан 0,3 кг кўп демакдир.

Бир қути ипак қуртидан Элмурод Қурбонов, Марди Султонов, Каттақўрғон маскаси, Пахтакор, М.Улуғбек, А.Навоий аҳоли массивларидаги фермер хўжаликларида ўртача 60-65 килограмдан пилла ҳосили олишга эришилди. Тумандаги “Барака Райим ҳосил” фермер хўжалигида 1000 килограмм ўрнига 1350 килограмм, “Органик продукт от Жонкел” фермер хўжалигида 700 килограмм ўрнига 910 килограмм, “Азиз Рустамов” фермер хўжалигида эса 1400 килограмм ўрнига 1530 килограмм сифатли хомашё етиштирилиб, мамлакатимиз ипак хирмонига муносиб улуш қўшдилар. Пилла етиштирувчи фермер хўжаликларининг даромади 2018 йилга нисбатан сезиларли даражада ошди.

Меҳнат сарфи ва барг маҳсулотларини тежаш мақсадида бу йил туманда 18 та жойда алоҳида жойлар тайёрланиб, 10 тадан 20 қутигача бўлган пилла уруғларини марказлашган усулда парваришлаш йўлга қўйилди. Айтиш мумкинки, бу усул ўзининг ижобий самарасини берди ва нисбатан озроқ меҳнат қилиб, кўп даромад олиш мумкинлигини исботлади. Масалан, ушбу усул орқали 23 қути ипак қурти боққан “Миришкор омад даласи” фермер хўжалиги ишчиси Алижон Мавлонов бир мавсумнинг ўзида пилла боқиш орқали 32 миллион сўмдан ортиқроқ даромад олишга эришди.

Шуни айтиш керакки, мавжуд тутзорларга ўз вақтида агротехника қоидалари асосида ишлов берилганлиги, тут дарахти зараркунандаларига қарши кураш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ипак қуртларини сифатли озуқа-тут барги билан тўлиқ таъминлаш имкониятини берди. Қолаверса, пиллакорларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланаётганлиги соҳада эришилган ютуқларнинг энг асосий омилларидан бири бўлмоқда.

Туманда пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йилда махсус ажратилган 68,0 гектар майдонда янги тутзорлар барпо қилинди. Бундан ташқари, дала четлари ва йўл бўйларига 1 миллион 523 минг туп тут кўчатлари экилди.

Эътиборга лойиқ томони шундаки, туманда етиштирилаётган пилла “Кумуш тола” корхонаси томонидан тўла қайта ишланиб, экспортга чиқарилмоқда. Кейинги йилларда туманда яратилаётган қулай инвестициявий муҳит, тадбиркорликни ривожлантиришга бўлаётган эътибор туфайли “Кумуш тола” корхонаси ҳам пиллани қайта ишлашда манзилли дастур ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра корхона босқичма-босқич тўлиқ техник-технологик модернизация қилинмоқда.Натижада пиллани қайта ишлаш, ипак толасини йигиришдан ташқари ярим хомашё ипак толасидан ипакли матолар яратиш, пиллачилик қолдиқларини қайта ишлаб, ипак момиғи ишлаб чиқариш, тайёр кийим-кечаклар, хўжалик истеъмоли буюмлари, бежирим ипак гиламлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш арафасида. Бу эса корхонанинг экспорт қуввати янада ортишини таъминлайди.

Корхона томонидан жорий йилда етиштирилган пилла ҳосилидан 40 тоннадан зиёдроқ ипак калавалар ишлаб чиқариш ва Хитой, Эрон, Покистон каби мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида корхона 2 миллион АҚШ долларидан кўп даромад олишни кўзда тутмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 1,25 баробар кўпдир.

-Асосий мақсадимиз туманимиз, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш орқали аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлашга қаратилган, - дейди “Кумуш тола” хусусий корхонаси раҳбари Марям Ниёзова. – Бугун корхонамиз тизимида 4 мингдан зиёд фуқаролар мавсумий, 120 дан зиёд хотин-қизларимиз доимий иш билан банд. Ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси ва моддий манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Корхонамиз туман ҳокимлигининг беминнат кўмаги ва қўллаб-қувватлаши асосида кейинги бир йил ичида фаол ривожланиш босқичига чиқмоқда. Насиб бўлса қисқа фурсатларда туманимизда етиштирилган пиллани шу ернинг ўзида тайёр маҳсулотга айлантириш орқали юқори натижаларга эришиш ниятидамиз.

Ҳа, бугун катта ривожланишлар йўлига чиқиб олаётган Каттақўрғон туманида биргина ипакчилик соҳаси ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида фикр юритдик. Юрт тараққиётига эришиш мақсадида эзгу ниятлар билан бошланган улкан ташаббускорлик ва бунёдкорлик ишлари қисқа фурсатларда албатта ўз самарасини беришига ишончимиз комил.

Ш.Қаршиев,

журналист.

Мавзуга оид