Жамият | 09:30 / 09.06.2019
17390
6 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги «Ёшлар уйи» нархи нега қиммат бўлиб кетди — Уй эгалари бошқалар учун ҳам тўлайдими?

Бир гуруҳ ёшлар томонидан Kun.uz таҳририятига юборилган мурожаатда Самарқанд шаҳридаги Навоий шоҳкўчасида қуриб битказилган «Ёшлар уйи» масаласида қатор муаммоларни тилга олишган.

«Биз 2016 йилда, собиқ «Камолот» ЁИҲ вилоят кенгаши томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, шакллантирилган рўйхат асосида, ёш оилалар учун қуриладиган арзон уй-жойлардан сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлгандик. Ушбу уйни қуриш бўйича тендер 2017 йил 2 мартда ўтказилди. Унда мазкур уй-жойни 4 қаватли 32та хонадонга мўлжаллаб 10 ой муддатда қуриш белгиланган бўлиб, қўшимча қиймат солиғи билан 3.770.714.387 сўм, қўшимча қиймат солиғисиз эса 3.142.261.989 сўм ажратилиши айтилган.

Уйни қуриш ишлари 2017 йилда бошланган бўлса-да, ўн ойда эмас салкам уч ярим йилдан кейин 2019 йил март ойида битди. Шу давргача бизга, «2017 йил Мустақиллик байрамига, 2017 йил 8 декабрга, 2017 йил охирига, 2018 йил Наврўзгача, Ёшлар кунига яна 2018 йил 1 сентябргача, 8 декабргача қурилиш тугайди», деган ваъдаларни бериб келишди. Айни пайтда кўп қаватли уй тўрт эмас, тушунарсиз сабаб билан беш қаватли қилиб қурилди (балки шу сабабли кечиккан).

Афсуски, уйнинг сифати шунча кутганимизга яраша бўлмади. Қурилиши узоқ муддат талаб қилган ушбу уйни биз эҳтиёжманд оилалар вакиллари 3,5 йил кузатиб борганмиз. Қурилишда ишлатилган арматура камлиги, умуман қурувчи бўлмаган кишини хавотирга қўярди. Хавотиримиз бежиз эмас экан.

Биз назоратчи эмаслигимизни англаган ҳолда индамасдан «нархлар ҳам шунга мос бўлса керак-да, арзон уй-жой-да», деган андиша билан юргандик. Аммо 2019 йил январь ойида биз ёшларни қурилиш корхонаси — «Жайхун» МЧЖнинг директори ўринбосари бизларга «Уйнинг нархи ҳар квадрат метрга 3.5 млн сўмдан (!) бўлади» деб шартнома тутқазганида ҳафсаламиз пир бўлди. Чунки бу бугунги кунда Самарқанд шаҳрида тижорий мақсадда қурилаётган уйларнинг нархи билан тенг. Ҳатто айрим уйлар бизнинг «имтиёзли уй»дан арзон ҳам.

Ҳолбуки, «Ёшлар уйи» имтиёзли нархларда берилиши керак. Қолаверса, биз учун қурилган уй сифатини тижорий уйлар сифати билан солиштириб ҳам бўлмайди. Музокаралар, шикоятлар жараёнида уйлар нархи тушиш ўрнига ошиб бораверди — квадрат метри 3,65 млн сўмгача. Ҳатто мана шу нарх битилган шартномани имзолашимиз учун «Қишлоққурилиш банк» ҳамда қурилиш корхонаси вакиллари иш жойимизгача бориб босим ўтказиб кўришди», дейилади ёшларнинг мурожаатида.

Ҳолатни ўрганиш учун «Ёшлар уйи»да бўлдик. Дарҳақиқат эндигина фойдаланишга топширилаётган уйнинг кириш йўлаклари сифатсиз, кафелларнинг бир қисми синган. Болалар майдончасидаги арғимчоқлар сифатсиз ўрнатилганидан ишдан чиққан. Хонадонларнинг эшиклари ҳам сифатсиз. Айрим хонадонларда қувурлардан сув томиб туришига гувоҳ бўлдик. Бирорта уйда лампочка ўрнатилмаган экан. Уй эгаларининг ўзи ўрнатган. Аммо ёшларни қийнаётган энг асосий масала — нархларнинг қиммат белгилангани бўлиб турибди.

Қурилиш корхонаси бу уй қурилиши учун имтиёзли қурилиш маҳсулотлари ололмагани билан изоҳламоқда. Қолаверса, «Қишлоққурилишбанк» томонидан ўз вақтида маблағ ололмагани сабабли бошқа — вилоят «Ипотекабанк»дан маблағ олишга тўғри келгани алоҳида таъкидлади. Уй эгалари эса лойиҳада аслида тўрт қаватли деб кўрсатилган уйнинг беш қаватли қилиб қурилиши, унга сарфланган маблағлар кимнинг ҳисобидан қопланишига жавоб сўрамоқда. Чунки ёшлар уй нархи ошиб кетиши сабабларидан бирини ана шу омилга боғлашмоқда.

«Лойиҳадагидан фарқли равишда бинога яна бир қаватнинг қўшилиши тегишли ташкилотлар рухсати билан амалга оширилган, дейишмоқда. Бунга қаршилигимиз йўқ. Аммо маълум бўлишича 40та хонадондаги 8 уй турли ташкилотларга хизмат уйи сифатида берилган. Улар ҳеч қандай тўлов қилишмаган. Натижада, сунъий қимматликдан ташқари қўшимча сифатида яна 8 уйнинг оғирлиги ҳам қолган 32та хонадон эгалари зиммасига тушяпти. Биз ўз уйимиздан ташқари хизмат уйларига ҳам тўлов қиламизми энди?», — дейди хонадон соҳиблари.

Вилоят ҳокимлиги вакиллари ташаббуси билан бу масалани чуқур ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилиши, ана шу ишчи гуруҳга нархлардан норози уй эгалари ҳам аъзо бўлиши келишиб олинди. Аммо хонадон эгаларининг фикрича, ёшлар ишчи гуруҳга номигагина аъзо бўлиб, ўрганиш учун ўзлари истаган маълумотларга эга бўла олишмаган. Мисол учун, қурилиш сметаси, банк билан қурувчи ўртасидаги шартнома, 5-қаватнинг қурилиши бўйича экспертиза хулосаси каби маълумотларни мутасаддилар «ишчи гуруҳ аъзолари»га тақдим этмаган.

Жорий йил 4 июнь куни вилоят ҳокимлигида масъуллар билан хонадон эгаларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Ҳамда уйлар нархи 1 квадрат метр учун 3,25 млн сўмдан бўлиши маълум қилинди.

Айни вақтда ёшлар нархнинг атиги 10 фоиз пасайганидан норози бўлишмоқда. Чунки, улар, айтайлик, 58 квадрат метрли уй учун имтиёзли даврда 1,25 млн сўмдан, имтиёзли давр тугагач эса салкам икки баравар ойига тўлов қилишлари керак. Фикримизча, ёшлар ўз уйларининг нима сабабдан қиммат бўлгани сабабини билишлари лозим. Қолаверса, қурувчига нима сабабдан имтиёзли қурилиш маҳсулотлари берилмаганига ҳам аниқлик киритиш лозим. Қурувчининг мана шу сабаб билан кўрган зарарини айбдорлар қоплаб беришса, эҳтимол нархлар ҳам пасаяр?

Хуллас, Самарқанддаги ёш хонадон соҳиблари қатор саволларга жавоб истамоқда.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид