Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Биз Иван Голуновмиз». Россиядаги нуфузли нашрлар журналист ҳимояси учун бирлашди
Россиянинг «Ведомости», «РБК» ва «Коммерсант» нашрлари душанба куни муқовасида «Мы Иван Голунов» («Биз Иван Голуновмиз») ибораси билан чиқиш қилди. Шу тариқа, бу газеталар наркотик сақлашда гумонланиб қўлга олинган журналистни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
«Биз Иван Голуновнинг айбдорлиги бўйича тақдим этилган далилларни ишонарли деб ҳисобламаймиз, унинг қўлга олиниши жараёни эса катта шубҳа уйғотади - текширув вақтида қонунчилик бузилган бўлиши мумкин», дейилади газеталар баёнотида.
Журналист 6 июнь куни Москвадаги Гуллар хиёбонида қўлга олинганди. Уни гиёҳванд моддалар сақлаш ва сотишда айблашмоқда, бундай жиноят учун эса 20 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.
«Биз Голуновнинг қўлга олиниши ва ҳибс қилиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини истисно этмаймиз. Биз Иван Голуновнинг қўлга олинишида иштирок этган Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларини синчиклаб текширишни талаб қиламиз», дейилган баёнотда.
Голунов иши
Фото: Евгений Фельдман / «Медуза»
Асосий офиси Латвияда жойлашган «Медуза» интернет-нашрининг тадқиқотчи журналисти Иван Голунов ўтган ҳафта охирида Москвада қўлга олинганди.
Уни йирик миқдордаги наркотик моддаларни сақлашда айблашган. Унинг ўзи бу иш уюштирилганини иддао қилмоқда.
Шанба куни Москвадаги Никулин суди Голуновни соғлигидаги муаммоларга қарамасдан уй қамоғига ҳукм қилди.
Иван Голунов судда ўзининг айбсизлигини маълум қилган.
«Мен ҳеч қачон наркотик истеъмол қилмаганман, ҳеч нарсада айбдор эмасман ва тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрман», деган у суд мажлисида.
«Проект» нашрида билдирилган тахминларга кўра, жиноий иш очилишига журналистнинг ФСБ генерал-полковники ва унинг ёрдамчисининг дафн ишлари бўйича бизнеси юзасидан тайёрлаётган журналистик суриштируви сабаб бўлган.
«Кимёвий-токсикологик лаборатория экспертлари Голуновнинг танасида наркотик моддаларнинг биологик изларини аниқлашмади», деди Россиянинг бош наркологи Евгений Брюн «Россия 1» канали эфирида.
Журналистни нафақат унинг ҳамкасблари, балки бошқа соҳа вакиллари ҳам қўллаб-қувватлаб чиқишди. Мусиқачилар Борис Гребенщиков ва Oxxxymiron, телебошловчилар Владимир Познер ва Ксения Собчак ҳамда бошқалар ўз чиқишларида журналистни ҳимоя қилишга чақиришди.
«Кинотавр» фестивали очилишида ҳакамлар гуруҳини бошқарувчи актёр Константин Хабенский шундай деди: «Бу фестиваль, ҳамиша ўз нуқтаи назарига эга бўлган, ҳамиша ўз ҳақиқати бўлган, ҳамиша ўз томошабини бўлган. Менимча, бу фестивалнинг алоҳида хусусияти. Аммо бу эндиликда фестивалнинг заиф нуқтасига айланиши мумкин.Бугун ҳақиқатни ёзгани учун ноқулай журналистни гумдон қилишмоқда. Эртага биз билан ҳам шундай бўлмаслигига ким кафолат беради».
Мавзуга оид
09:45 / 10.12.2022
Журналист Голунов Россия ИИВдан 1,5 млн рубл ундирди
16:10 / 13.06.2019
Путин Голунов иши можароси ортидан икки генерални ишдан бўшатди
23:19 / 12.06.2019
«Путин 1 соат рўпарамда ўтирди» — Кремлга Голуновни қўлловчи футболкада кирган қиз ичкарида нималар бўлганини сўзлаб берди
21:50 / 12.06.2019