Жаҳон | 17:30 / 10.06.2019
20835
5 дақиқада ўқилади

«Бу иш кўп саволларни туғдирмоқда». Кремлда Голунов иши бўйича илк бор изоҳ берилди

10 июнь куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков илк бор журналистлар билан «Медуза» мухбири Иван Голуновнинг қўлга олиниши ҳолатини муҳокама қилди.

«Медуза»: Кремль Иван Голуновга қарши жиноий иш очилишига қандай изоҳ бера олади?

Дмитрий Песков: Кремль Голунов иши бўйича изоҳ бериши имконсиз. Мен сизга фақат шуни айтишим мумкинки, иш ҳақида жума куниёқ Петербургда президентга маълумот берилган. Ўшанда бу анчайин баҳсли ҳолат экани ҳақида ҳисобот берилганди. Кремль, биласизки, бу иш юзасидан изоҳ бериш ҳуқуқига эга эмас. Ҳеч қачон бундай бўлмаган ва бу сафар ҳам бўлмайди. Аммо, бу иш анча резонансли бўлгани ҳисобга олиниб, албатта, биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб борамиз. Айтишим мумкин бўлган гаплар мана шу.

«Медуза»: Айтган сўзларингиз бўйича аниқлаштирсак. Сиз 7 июнь, жума куни Иван Голунов ҳақидаги саволдан кейин ИИВнинг уйдан олинган суратига эътибор қаратишни сўрагандингиз. Шундан бир неча соат ўтиб ИИВ тан олдики, эълон қилинган суратларнинг аксари Голуновнинг уйига алоқадормас экан. Кремлдагилар таниқли журналист қўлга олинган вақтда нафақат жамоатчиликка, балки юқори органларга ҳам ёлғон маълумот берган полиция ишига қандай баҳо беради?

Песков: Ҳа, биз чиндан ҳам ИИВ томонидан эълон қилинган суратларга асослангандик. Кейин таҳрирланган маълумотлар берилди. Бундай вазиятда биз фақат расмий манбаларга таянамиз. Яна қайтараман: биз кейинроқ эълон қилинган таҳрирга ҳам эътибор қаратдик. Албатта, кун тартибида аниқлик киритилиши керак бўлган қатор саволлар бор.

«Медуза»: Кремль Голунов ишидаги судга тергов ҳужжатлари билан бирга тақдим этилган қоидабузарликлар бўйича фактларга қандайдир муносабат билдирадими? Масалан, журналист қўлга олинганидан кейин 13 соат мобайнида ўз яқинлари билан боғлана олмаган ва адвокат чақира олмаган.

Песков: Сизга маълумки, бу муассасалар ва тергов идоралари ишидаги қоидабузарликларга муносабат билдириш  Бош прокуратура зиммасида. Иш бўйича барча материаллар бош прокуратура ихтиёрида мавжуд. Бизда Бош прокуратура ўз функцияларини бажаришига шубҳа йўқ.

«Дождь»: Президент маслаҳатчиси Антон Кобяков бу ишни шахсан назоратга олгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Кремлда бу иш бўйича ким шуғулланмоқда? Бу мавзу бугун инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Москалькованинг президент билан учрашуви вақтида ҳам кўтариладими?

Песков: Ҳамкасбим Кобяков айтдики, у барча материаллар билан танишиб ўрганмоқда. У ишни назоратга олган. Яна бир бор такрорлайман, биз иш қандай ривож топишини диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Айтишим мумкин бўлгани шу. Чунки иш ҳаддан ташқари резонансли, бу алоҳида эътибор талаб қилади. 

«Дождь»: Раҳмат. Москалькованинг президент билан учрашуви-чи? Ҳозирча аниқмасми?

Песков: Яқин орада билиб оласиз.

«Коммерсант-FM»: Бугун учта нашр - РБК, «Ведомости» ва «Коммерсант» муқовасини Иван Голуновга бағишлади. Умуман, бу мавзу сўнгги кунларда барча оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди. Тўртинчи кундирки, Москва полициясининг бош биноси олдида пикетлар давом этмоқда. Кўриниб турибдики, журналистлар ва жамоатчилик  Голуновга қарши эътирозлар бўйича текширув холис олиб борилганига катта шубҳа билан қарамоқда. Кремль жамоатчилик ва ОАВнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд тизимига бу қадар ишончсизлик билан қарашини қай даражадаги муаммо деб билади? Ишончни қандай қилиб қайтариш мумкин?

Песков: Мен бундан хулоса қилмоқчи эмасман. Яна бир бор қайтараман, чиндан ҳам бу ишда алоҳида саволлар туғилган. Тўғрироғи, айрим эмас, кўплаб саволлар бор. Буни кўриб турибмиз. Биз синчиклаб кузатамиз. Аммо бутун тизимга ишончсизлик билдириш тўғри бўлмайди.

«Эхо Москва»: Суратлардан кейин Кремлнинг Ички ишлар вазирлигига ишончи ўзгардими? Шундан кейин ҳам ишонч сақланиб қолдими? Кремлдагилар полиция қоидабузарликларга йўл қўйганидан қанчалик гумон қилмоқда?

Песков: Мен ўзимни бу саволга жавоб беришга ҳақли деб билмайман, бунинг иложи йўқ. Бошқа томондан мен аниқ айта оламанки, албатта зарур изоҳлар тақдим этилиши керак — хатога йўл қўйилиши сабаблари. Хатолар бўлиши мумкин, ахир ҳамма жойда оддий одамлар ишлайди. Ҳеч ким ва ҳеч қаерда хатодан қоча олмайди. Журналистлар ҳам қайсидир материалида хато қилиши мумкин. Асосийси хатони тан олиш ва изоҳ бериш. Токи келажакда хатолар такрорланмасин.

«Эхо Москва»: Кремлда кимнидир истеъфога чиқариш тўғрисида ҳам ўйлашмоқдами?

Песков: Мен ундай деб ўйламайман, бу мавзуда айтишим мумкин бўлгани шу.

Мавзуга оид