Light | 16:45 / 11.06.2019
44954
6 дақиқада ўқилади

2030 йилга хуш келибсиз: менинг ҳеч нарсам йўқ, бироқ бахтлиман

Дания парламенти аъзоси Ида Аукен келажакдаги ҳаётни қандай тасаввур этиши ҳақида эссе ёзди

2030 йилга хуш келибсиз. Шаҳримга, тўғрироғи “шаҳримизга” хуш келибсиз. Менинг ҳеч қандай мулким йўқ. Машинам йўқ. Уйим йўқ. Ҳеч қандай қурилма ва кийим-кечаклар ҳам йўқ.

Фото: SmartCitiesWorld

Бу сизга ғалати кўриниши мумкин, бироқ шаҳримизнинг жозибаси ана шунда. Сиз маҳсулот деб ҳисоблаган барча нарсалар хизматга айланди. Биз транспорт, турар-жой, озиқ-овқат ва кундалик ҳаётда зарур бўлган барча нарсаларни олиш имкониятига эгамиз. Бу буюмларнинг бари аста-секин бепул бўлди, шунинг учун ҳам бизда бирор нарсани харид қилиш зарурияти мавжуд эмас.

Дастлаб ахборот рақамли ва барча учун бепул бўлди. Кейин эса соф энергия ҳам бепул бўлди. Бари тезда ўзгара бошлади. Транспорт нархи кескин тушиб кетди. Автомобилга эга бўлишнинг маъниси қолмади, чунки бир неча дақиқа мобайнида ҳайдовчисиз автоулов ёки узоқроқ саёҳатлар учун учадиган машинани чақириш мумкин.

Ҳаракатланиш анча тартибли кўринишга эга бўлди, чунки жамоат транспорти автоуловга қараганда осонроқ, тезроқ ва қулайроқ. Ҳозирда тирбандликлар, ҳавонинг ички ёниш двигателлари томонидан ифлослантирилишига хотиржам муносабат қилганимизга ишона олмайман. Нима ҳақида ўйлаган эканмиз?

Баъзида велосипедда дўстларимникига бораман. Менга жисмоний машқлар, велосипедда учиш ёқади. Бу ёқимли саёҳат. Қизиқ, айрим нарсалар завқ-шавқ бераверади: сайр, велосипедда учиш, таом тайёрлаш, расм чизиш ва ўсимликларни етиштириш. Бу мантиқан тўғри ва маданиятимиз табиат билан яқин муносабатлардан пайдо бўлганини ёдга солади.

«Экологик муаммолар шу даражада узоқ бўлиб кўринадики»

Шаҳримизда ижара тўлови мавжуд эмас, чунки исталган киши зарур бўлганида бўш жойдан фойдаланиши мумкин. Мен бўлмаганимда меҳмонхонамдан ишбилармонлик учрашувларини ўтказишда фойдаланишади.

Бир куни ўзим учун таом тайёрлашга қарор қилдим. Бу оддий – керакли ошхона қурилмасини бир неча дақиқаларда келтиришади. Транспорт бепул бўлгани сабабли уйда ҳеч нарсани сақламай қўйдик. Спагетти пиширгич ва товаларни жавонда сақлашнинг нима кераги бор, ахир керак бўлганида уларга буюртма бериш мумкин-ку.

Бу чиқиндисиз иқтисодиётни ҳам енгиллаштирди. Маҳсулотлар хизматга айланганида хизмат кўрсатиши қисқа бўлган буюмларга қизиқилмайди. Барча нарсалар барҳаёт, таъмир қилса бўладиган, қайта ишланадиган нарсалардан ясалади. Иқтисодиётимизда материаллар тезроқ ўзгартирилади, улардан тезда бошқа янги маҳсулотлар ясаш мумкин. Экологик муаммолар анча узоқда бўлиб кўринади, чунки биз тоза энергия ва ишлаб чиқаришнинг тоза усулларидан фойдаланамиз. Ҳаво тоза, сув тоза ва ҳеч ким қўриқланадиган ҳудудларга дахл қилишга ботина олмайди. Чунки уларнинг бари фаровонлигимиз учун қимматли. Шаҳримизнинг барча қисмида яшил ўсимликлар ва дарахтлар кўп. Нима учун илгари шаҳардаги бўш ерларни бетон билан тўлдирганимизни тушуна олмайман.

Шоппингнинг ўлими

Харидлар? Бу нима эканини эслай олмайман. Кўпчилигимизга бу фойдаланиш учун буюм танлашга айланди. Баъзида бу менга завқ беради, бошқа вақтларда эса, буни мен учун алгоритм бажаришини истайман. У таъбимни менга қараганда яхшироқ билади.

Сунъий идрок ва роботлар ишимизнинг кўп қисмини бажара бошлагач, бизда яхши овқатланиш, яхши ухлаш ва бошқа одамлар билан бирга ўтказиш учун вақт пайдо бўлди. Эндиликда ишимиз бошимиздан ортмайди, чунки биз бажарадиган иш исталган вақтда бажарилиши мумкин. Аслида буни иш деб аташ мумкин ёки мумкин эмаслигини билмайман. Бу кўпроқ фикр юритиш, яратиш ва ривожланиш учун ажратиладиган вақтга ўхшайди.

Бари кўнгил очишга айланди ва одамлар мураккаб муаммолар ҳақида бош қотиришни бас қилишди. Вақтни ўлдиргандан кўра ушбу технологиялардан яхшироқ фойдаланиш кераклигини англадик.

«Улар шаҳар ташқарисида, турлича яшайдилар»

Энг катта хавотиримиз – шаҳримизда яшамайдиган одамлар. Биз йўқотган одамлар. Бу технологияларнинг бари ортиқча деб ҳисоблаган одамлар. Сунъий идрок ва роботлар ишнинг кўп қисмини ўзига олганида ўзини кекса ва бефойда деб билган одамлар. Сиёсий тизим туфайли хафа бўлган ва унга қарши чиққанлар. Улар шаҳар ташқарисида, турлича яшайдилар. Айримлари ўзини ўзи таъминлайдиган ҳамжамиятларга асос солишди. Бошқалари эса XIX асрнинг митти қишлоқларидаги ташландиқ ва бўм-бўш уйларида қолишди.

Вақти-вақти билан менда ҳақиқий махфийлик йўқлигидан хавотирга тушаман. Ҳар қандай жойга борганда у ерда қайд этиласиз. Белгиланмайдиган жойнинг ўзи йўқ. Мен бажарган, ўйлаган ва орзу қилганларимнинг бари қаердадир қайд этилган. Буни ҳеч ким менга қарши қўлламаслигига умид қиламан.

Умуман олганда, бу яхши ҳаёт. Ўсиш модели қўллай олиш имконсиз бўлган аввалги ҳаётга қараганда анча яхши. Биз билан жуда даҳшатли нарсалар содир бўларди: ҳаёт тарзи касалликлари, иқлим ўзгариши, қочоқлар инқирози, атроф-муҳит ҳолатининг ёмонлашуви, аҳоли билан тўлиб-тошган шаҳарлар, сувнинг ифлосланиши, ҳавонинг ифлосланиши, ижтимоий хавотирлар ва ишсизлик. Биз ўзгача яшашни бошлагунимизга қадар жуда кўп одамларни йўқотдик.

Нима деб ўйлайсиз, Дания парламенти аъзоси Ида Аукен келажакдаги ҳаёт борасидаги тасаввурлари ҳақида фикрларингиз қандай? Инсоният 2030 йилга келиб ана шундай ҳаётга эриша оладими?

Мавзуга оид