Голунов иши Россияни оёққа турғазди. У ким, нималар ёзган ва нега қўлга олинган?
6 июнь куни Москвада «Медуза»нинг махсус мухбири, ўзининг ўткир журналистик текширувлари билан танилган журналист Иван Голунов қўлга олинди. Катта миқдордаги наркотик моддалар сақлашда айбланаётган Голунов уй қамоғига ҳукм қилинган. Унинг ҳамкасблари ва унинг ўзи қўлга олинишини касбий фаолияти билан боғламоқда.
Журналистнинг қўлга олиниши
Тезкор ходимлар Голуновни 6 июнь куни, тахминан соат 14:40да кўчада тутиб олиб кетишган. У бошқа журналистлар билан ишчи учрашувга кетаётганида ортдан келган фуқаролик кийимидаги ходимлар унинг қўлини қайириб, кишан тақишган ва автомобилга миндиришган. Полициячилар Голунов адвокат талаб қилганидан кейингина гувоҳномаларини кўрсатишган (қўлга олишда Роман Филимонов ва Дмитрий Кожанов иштирок этган, автомобил рулида Акбар исмли ҳайдовчи бўлган). Ходимлардан бири Голуновнинг жинсиси чўнтагидан телефонини олиб, уни блокдан чиқаришни талаб қилган - журналист рад этган.
Голуновни ички ишлар бошқармасига 15:40да олиб келишган. Голуновнинг адвокат чақириш талабига жавобан полициячилар у аввал «мажбурий кўрик»дан ўтказилиши ва бу жараёнда адвокат иштирок этиши талаб қилинмаслигини айтишган. Унинг рюкзакини очиб (кўрик вақтида у стулда бўлган ва Голунов уни ҳамиша ҳам кузатиб тура олмаган), унинг ичидан шариклар солинган пакет олишган. Улардан иккитаси экспертизага юборилган ва 3,56 грамм миқдоридаги мефедрон моддаси аниқланган.
Журналист сўроқ вақтида сўзлаб беришича, полиция тинтув вақтида уни урган. Голуновни тиббий кўрикдан ўтказиш учун наркодиспансерга олиб боришган. У бу ерда ҳам адвокат талаб қилган ва стулни маҳкам ушлаб олган. Уни стулдан ажратишга ҳаракат қилишган - Голунов полга йиқилган ва бошини уриб олган. Кейин уни полда судрашган. Максим исмли ходим уни бир неча бор урган. Москва ИИББ кейинроқ берган пресс-релизида журналистнинг калтакланиши ҳақидаги даъволар «ҳақиқатга мос келмаслиги» айтилди.
Голунов қўлга олингани ҳақда жамоатчиликка фақат 7 июнь куни маълум қилинди. Тонг соат 4:00да Терговчи Игорь Лопатин журналистнинг дўсти, «Би-би-си» мухбири Светлана Рейтерга қўнғироқ қилди.
«Орқа фонда Ванянинг сўзлари эшитилиб турарди: «Барчани табриклайман. Тизим ажойиб ишламоқда. Икки бесўнақай менга наркотик ташлаб қўйишга ҳаракат қилди». У жуда хотиржам овозда гапирарди», дейди Рейтер. Фақат шундан кейингина Голунов учун «Агора» ҳуқуқ фаоллари гуруҳи адвокати Дмитрий Джулай юборилган. Голуновнинг адвокат гувоҳлигидаги сўрови соат 6:55да бошланган. Джулай полициячилар Голуновнинг танасидаги калтаклаш изларини қайд этиш учун тез тиббий ёрдам чақиришдан бош тортишгани ҳақида айтиб берган.
Қўлга олиш ҳақидаги протокол 7 июнь куни тонгида тузилган (соат 3:50), ўшанда жиноий иш расмийлаштирилган. Уни йирик миқдордаги наркотик моддалар сақлашда айблашган. Бу моддага кўра 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Иш материалларида Голунов «қачондир» «қаердадир» «кимдандир» кейинроқ сотиш мақсадида бешта идишдаги наркотик моддалари сотиб олгани кўрсатилган.
«Аммо жиноят содир этишига йўл қўйилмасдан, у қўлга олинди», дейилади тергов маълумотида.
Голунов рюкзакдан чиққан моддалар унга тегишли эмаслигини маълум қилди.
Полиция Голуновнинг уйи тинтув қилингани ҳақида хабар бериб, унинг квартирасида олинган суратлар сифатида 9та суратни тарқатди. Суратларда катта пакетлардаги химикатларни кўриш мумкин эди. Аммо Москва ИИББ хабарида гап фақат 3та пакет ҳақида кетаётгани айтилган, пакетлар сони ҳам ҳажми ҳам суратлардагига мос келмасди. Голуновнинг танишлари эса бу суратларнинг биттасидан бошқалари журналистнинг квартирасига оид эмаслигини маълум қилишди.
Адвокат Джулай «Медуза» билан суҳбатда тинтув вақтида уйдан чиндан ҳам 3та пакет олиб кетилгани ҳақида айтиб берди. «Иван менга уни уйга қачон олиб келишганини айтиб берди. У уйи олдидаги автомобилда полициячилар билан бирга 20-30 дақиқа кутиб турган. Уй калити қўлга олиш вақтида олиб қўйилган. Яъни, полициячиларда квартирага кириш ва истаганини қилиш учун 20-30 дақиқа вақт бўлган», дейди ҳимоячи.
Кўп ўтмасдан Ички ишлар вазирлиги Иван Голуновнинг қўлга олинишига илова қилинган суратлар унинг квартирасига оид эмаслигини тан олишди. Вазирлик бу суратлар тарқатилиши бўйича текширув ўтказишини маълум қилди.
Журналистнинг ўзи бу иш уюштирилганини ва бу унинг журналистик материллари туфайли эканини иддао қилиб келмоқда. Никулинск суди уни уй қамоғига ҳукм қилгач шундай деди: «Мен ҳеч қачон наркотик истеъмол қилмаганман. Менинг ҳеч қандай айбим йўқ».
Голуновнинг ҳимояси полициячилар ярим кундан ошиқ вақт давомида журналистга яқинлари билан боғланишга йўл қўйишмагани, унга шикаст етказишгани, унинг наркотик қабул қилган ёки қилмаганини аниқлаш учун экспертиза ўтказмагани ҳақида айтди. ИИВ бу даъволарни тан олмади. Журналистни мия чайқалиши ва қовурға синиши гумони билан 71-шифохонага олиб боришди, аммо шифохонанинг шубҳали шифокорлари буни тасдиқламади.
10 июнь куни «Агора» гуруҳи раҳбари Павел Чиков экспертлар журналистнинг таҳлилларида наркотик моддалар излари топишмаганини маълум қилди.
Журналистнинг қўлга олиниши Россия жамоатчилигида катта резонанс келтириб чиқарди.
Юзлаб журналистлар унинг ҳимоясига отланди - шу жумладан давлат телеканаллари, мусиқачилар ва ҳуқуқ фаоллари ҳам.
Москва ИИББ биноси олдида тўртинчи кундирки яккалик пикетлар давом этмоқда.
10 июнь куни мамлакатдаги учта йирик нашр - «Ведомости», «Коммерсант» ва РБК Голуновни қўллаб-қувватлаган ҳолда «Биз Иван Голуновмиз» ёзуви туширилган муқовалар билан янги сонларини нашр этди.
«Бугун ҳақиқатни ёзгани учун ноқулай журналистни гумдон қилишмоқда. Эртага биз билан ҳам шундай бўлмаслигига ким кафолат беради», деди таниқли актёр Константир Хабенский.
Журналистик фаолияти
Турли йилларда Slon.ru (ҳозирда Republic), Forbes, «Ведомости», РБК нашрларида ва «Дождь» телеканалида ишлаган, 2016 йилдан буён «Медуза»да фаолият кўрсатиб келаётган Голуновнинг сўнгги йиллардаги материаллари мавзуси асосан коррупция ва Москва мэриясидаги ободонлаштириш ташкилотлари билан боғлиқ эди. Аммо бошқа мавзуларда ҳам ёзган - қора риелторлар, кучишлатар тизимлар ўртасидаги рақобат, юқори лавозимли амалдорларнинг мол-мулклари ва дафн бизнеси бўйича ҳам.
Қуйида унинг тилга тушган журналистик текширувларини эслаб ўтамиз.
Тобут, қабристон, миллиардлаб рубллар. Амалдорлар, полковниклар ва бандитлар дафн маросимлари бозорини қандай бўлиб олишган?
«Медуза»нинг дафн маросимлари бизнеси билан боғлиқ текширувлари ўтган йилнинг августида нашр қилинганди. Голунов кейин ҳам бу мавзуда ишлашда давом этади - журналистнинг ўзи ва ҳамкасблари айнан шу туфайли журналистга қарши жиноий иш очилганини иддао қилишмоқда.
Голуновнинг материаллари Россиядаги диний маросимлар бозори қандай ташкил этилганига бағишланган.
Россияда ҳар йили икки миллионга яқин киши вафот этади. Дафн маросимлари саноатининг бир йиллик пул айланмаси расмий рақамларга кўра 60 миллиард рублни ташкил этади; ҳақиқий миқдор эса 250 миллиард рублга етиши мумкин. Россияда сўнгги 30 йил давомида бу бозор бир неча марта бўлиб олинди — бу жараёнда мафия, кучишлатар тизимлар ва давлат иштирок этди. Натижада турли ҳудудларда доимий равишда турли тартибсизликлар бўлиб туради: Москвадаги Хованск қабристонидаги отишмадан тортиб Екатеринбургда жасадлар тўсиқлар ортига ташлаб юборилишигача, Тольяттида рухсатсиз оммавий дафн маросимидан тортиб Омскдаги қабристон эгаси ўз жонига қасд қилишигача.
Голуновнинг ёзишича, бозорда назорат жиноий тузилмалар қўлидан ҳукуматга алоқадор одамлар қўлига ўта борган. Шу билан биргаликда, дафн маросимлари компаниялари жиноий ташкилотлар билан алоқаларни сақлаб қолган, бозор атрофини ёлланма қотиллар қўриқлаган.
Иқтибос: 2016 йилда Екатеринбургда катафалкларга (дафн маросимида тобут қўйиладиган арава ёки машина) ўт қўйишлар ва рақобатчиларга бошқа турлича ҳужумлар уюштириш воқеасидан кейин диний маросимлар компанияси вакиллари устидан матбуотда «Дондики» номини олган шов-шувли суд жараёни бўлиб ўтганди. Компания ходимлари ўзларини муниципал дафн хизмати ходимлари сифатида кўрсатиб, марҳумларнинг қариндошларидан жасадларни олишган ва кейин улардан дафн маросимини ўтказиш учун пул талаб қилишган.
Иккита «Елисей» ҳажмидаги пентҳаус. Москва вице-мэри Петр Бирюковнинг оиласи қандай йўл билан миллиардлар ишлаган ва данғиллама ҳовлилар сотиб олган?
Голуновнинг энг шов-шувли журналистик текширувларидан бири Москва вице-мэри Петр Бирюковнинг данғиллама ҳовлилар ва квартиралар сотиб олиш учун ишлаб топган миллиардларига бағишланган.
«Медуза»нинг ёзишича, Бирюковлар оиласи 1,5 миллиард рублга «Легенда Цветнова» мажмуасидан 9та пентҳаус сотиб олган. Унинг яқин қариндошлари Москва марказида қимматбаҳо квартираларга ва шаҳар атрофида гектарлаб ер майдонларига эгалик қилишади.
Журналистик текширувда келтирилишича, Бирюковнинг яқинлари у мэрияда назорат қиладиган соҳада - Москвадаги ободонлаштириш ва қурилиш ишлари соҳасида бизнес қилишади. Масалан, унинг қизи ва келини билан алоқадор бўлган фирма шаҳарнинг барча округларида савдо марказлари қурган. Савдо марказлари асосан тугатилиб бузилган бозорлар ўрнида қурилган.
Материалда айтилишича, Бирюковнинг ўзи «Медуза»нинг саволларига жавоб қайтармаган.
Иқтибос: Шаҳар ташқарисидаги уйлар ва пентҳауслардан ташқари Ирина Бирюкова ва унинг ўғли Москва марказидаги Пресненск туманида (Патриаршие пруды) 8та квартирали уйда 9 хонали квартирага эгалик қилади. Уларнинг қўшниси - вице-мэрнинг ўзи (2010 йилда у милиция билан бирга келиб ўз уйи деразаларини тўсиб турган ресторан айвонини буздириб ташлаганди), шунингдек, Бирюков 2000-йилларда Жанубий округ префектурасини бошқарганда унга ўринбосар бўлган Юрий Буланов ҳам шу уйда яшайди. 2010 йилда Буланов 17 миллион рубль ўмаришда айбдор деб топилган, текширувлар давомида ушбу амалдор Подмосковьеда бир неча ҳовлиларга, Париж ва Ниццада апартаментларга ҳамда Москва шаҳрида меҳмонхонага эгалик қилиши маълум бўлганди. Булановга 3,5 йиллик қамоқ жазоси берилган, икки йил ўтиб у муддатидан аввал озод қилинганди. Патриаршихдаги уйда у ҳам 9 хонали квартира эгаси ҳисобланади.
Кўчириб юборувчилар. 5 йил ичида «қора кредиторлар» Москва ва унинг атрофида қарздорлардан 500дан ортиқ квартирани тортиб олишган
«Медуза»нинг қора риелторлар ҳақидаги материали Голунов қўлга олинишидан бироз аввалроқ эълон қилинганди.
Мақолада сўнгги 5 йил давомида уй эгалари суд қарорисиз маҳрум бўлган 500дан ортиқ квартира ҳақида сўз боради. Келтирилган тарихлар бир-бирига ўхшаш - пул керак бўлган мижозлар кўчмас мулкларини гаровга қўйиб, микромолиявий ташкилотлардан кредитлар олган. Якунда фирибгарлар қарздорларнинг уйларини эгаллаб олиб, уларни уйларидан кўчириб юборган. Голуновнинг ёзишича, бу схема мулкларни тортиб олиш билангина кифояланмасдан, пул ювиш бўйича халқаро тизимнинг бир қисмига айланган бўлиши ҳам мумкин.
Иқтибос: 2017 йил февралида «Центр займов 365» Смеленцкаянинг квартирасини сотган, 2017 йил августида эса Смеленцкая оиласининг квартирадан кўчириб юборилишидан кейинги даъвоси бўйича судда ютқазган. Квартирага Наталиядан ташқари унинг собиқ турмуш ўртоғи ҳамда 13 ва 22 ёшда бўлган қизлари прописка қилинган. Ҳомийлик органлари вояга етмаган қиз уйдан кўчириб юборилишига қаршилик билдирмаган. 2018 йил декабрида суд приставлари оилани кўчириш учун келишган. Кўчириш вақтида уйнинг янги эгаси манфаатларини унинг онаси ифода этган - унинг ўзи наркотиклар сақлашда айбланиб, тергов изоляторида бўлган.
«Одамлар кашнич учун ўлади»
Кўкатлар бозори учун уруш ҳақидаги журналистик текширувлар 2013 йилда «Большой город» журналида эълон қилинган.
Голунов унда сўнгги йилларда укроп, петрушка ва кашнич савдоси устидан назорат қилиш учун рақобатда ўнлаб кишилар ўлдирилгани ҳақида ёзган. Текширувлар давомида Голунов ўша вақтдаги энг йириги бўлган Покровская сабзавот бозорида бўлган.
Иқтибос: «Мен талатўпда бозор ичига кириб олишга ҳаракат қиламан, аммо ҳар сафар бир неча қадам юришим билан чарм курткадаги кавказлик мени у ердан ҳайдаб солади. Мен у ердан арзон нархга маҳсулот олишни истайман, аммо фойдасиз. «Бу хусусий ҳудуд. Бу ердан фақат ўзимизникилар олиши мумкин. Бегоналарга мумкин эмас», дейди у қўлларимдан судраб».
РБК текшируви: Москвадаги реконструкциялардан ким фойда кўради?
РБК нашрида 2015 йилда бюджет ўзлаштирилиши ҳақидаги «Моя улица в Москве» номли материал эълон қилинган.
Голуновнинг аниқлашича, пойтахтдаги ободонлаштириш ишлари учун миллиардлаб рубллик шартномаларни бош прокурор Юрий Чайканинг ўғли Игорь Чайкага ва вице-мэр Петр Бирюковнинг қариндошларига алоқадор компания ютиб олган. Тасодифни қарангки, айнан Бирюков шаҳарнинг «Моя улица» лойиҳаси ижроси учун жавобгар бўлган комплексни бошқаради.
Мақолада Бирюковнинг ўзи қариндошлари бизнеси ҳақида кўп нарса билмаслигини, улар билан бу мавзуда деярли гаплашмаслигини бот-бот такрорлашига урғу берилган.
Сугробов казуси: Россияда коррупция билан кураш қандай йўлга қўйилган?
2014 йилда РБК нашрида Светлана Рейтер ва Иван Голунов ҳаммуаллифлигида кучишлатар тизимда сўнгги йилларда қайд этилган энг йирик можаро - Россия ИИВ иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари, генерал-лейтенант Денис Сугробовнинг ҳибсга олиниши бўйича текширув эълон қилинган.
Матнда ИИВ ва ФХХ (ФСБ) ходимлари фаолиятига кўз югуртирилган. Материал Сугробов ва ўша вақтда ФХХ хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган генерал Олег Феоктист (кейинроқ у собиқ иқтисодиёт вазири Алексей Улюкаев иши билан алоқадорлиги маълум бўлди) ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида.
Иқтибос: Сугробовни 2014 йилнинг 7 майида Волгоград-Москва трассасида, Урюпинск яқинидаги назорат-ўтказув постида тўхтатишган. Генерал рафиқаси Мария Шерстнева ва 12 ёшли ўғли билан Астрахандан балиқ овидан қайтаётганди. Жип багажида қайиқ арқонлари ва челакдаги балиқлар бор эди. Сугробовни сафардалигида қўлга олишнинг сабаби бор эди: у ёш бўлишига қарамай ўз фаолиятининг чўққисига чиққан ва жуда катта таъсирга эга эди.
Москва Твер кўчаси учун 2 миллион рублдан гирляндлар харид қилди. Улар 5 баробар арзон эди
«Медуза»нинг 2017 йилдаги шов-шувли мақоласи Москвани янги йил байрами арафасида безатиш учун сотиб олинган чироқлар ҳақида эди.
Голуновнинг ёзишича, Твер кўчаси учун олинган маржон-чироқлар нархи асл нархидан беш баробар қиммат қилиб кўрсатилган. Бу харид учун ажратилган 143,4 миллион рублнинг асосий қисми ака-ука Ротенберглар банки адвокатига тегишли тузилмага теккан. Чироқлар эса расман шартнома тузилишидан бир неча кун олдинроқ кўчалардаги фонарларга ўрнатиб бўлинганди.
Иқтибос: Тахминан битта идиш нархи 475 минг рубл бўлган. Тендер натижаларига кўра, 64та бокалнинг ҳар бири пойтахт бюджетига 2 241 630 рублдан тушган.
Бир бахтиёр қишлоқ. Вячеслав Володиннинг яқинлари
«Медуза»да 2017 йилнинг апрелида Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг (аввал Кремлда ички сиёсат куратори бўлган, 2016 йилги сайловдан олдинги декларацияда унинг Россия банкларида 540 миллион рубль миқдоридаги маблағи борлиги маълум қилинган) яқинлари қандай ҳаёт кечиришига бағишланган мақола эълон қилинганди.
Голуновнинг ёзишича, Володин мансаб пиллапояларидан кўтарилиши давомида унинг саратовлик ҳамшаҳарлари ҳам бекор ўтиришмаган. Улар муваффақиятли бизнесни йўлга қўйишиб, давлат шартномаларини қўлга киритишган. ОАВ маълумотига кўра, унинг онаси деб айтилган аёл Смоленскдаги икки қишлоқни ободонлаштириш учун юз миллионлаб маблағ сарфлаган, унинг қариндошлари бу қишлоқларда авлиёларга айланишган.
Иқтибос: Володиннинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, Логинов унинг она томондан бобоси, Летов ҳам узоқ қариндоши. «Медуза»нинг аниқлашича, Логинов 2011 йилда Саратов епархиясида маҳаллий авлиё сифатида кўрсатилган, Филипп Летов ҳам Рус провослав черковининг Муқаддас синоди қарори билан авлиё руҳонийлар қаторига қўшилган.
Рамзан Қодиров инстаграмдан чеченларнинг ижтимоий тармоғига ўтди. Буни ким қилди? Унинг Чеченистон раҳбарига қандай алоқаси бор?
2017 йил охирида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг инстаграм ва фейсбукдаги аккаунтлари блокланди. Ўша куни Қодиров янги ижтимоий тармоқда — Mylistory да аккаунт юритишини маълум қилди. Бу тармоқ 2017 йил августида интернет дўконларида пайдо бўлган, у асосан Чеченистон учун ишлаб чиқилган. Иван Голунов ва Александр Горбачев Mylistory асосчилари Қодиров билан қандай алоқаларга эгалиги ва бу ишга Сурияга юбориладиган чеченистонлик жангчиларни тайёрловчи хусусий ҳарбий марказнинг қандай боғлиқлиги ҳақида материал тайёрлашганди.
Мавзуга оид
09:45 / 10.12.2022
Журналист Голунов Россия ИИВдан 1,5 млн рубл ундирди
16:10 / 13.06.2019
Путин Голунов иши можароси ортидан икки генерални ишдан бўшатди
23:19 / 12.06.2019
«Путин 1 соат рўпарамда ўтирди» — Кремлга Голуновни қўлловчи футболкада кирган қиз ичкарида нималар бўлганини сўзлаб берди
21:50 / 12.06.2019