Ўзбекистон | 18:50 / 11.06.2019
19819
3 дақиқада ўқилади

Турар жой бинолари ҳовлисидаги автомашиналарга тақиқ: ким ёқламоқда, кимлар қарши?

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг расмий сайтида фуқаро М.Ахпержаньянцнинг ўз автомашиналарини кўп қаватли уйлар олдидаги ҳовлиларда қолдирадиган ҳайдовчиларга мурожаати юзасидан таҳлилий мақоласи эълон қилинди.

«Фейсбукдаги обуначиларининг Михаил Ахпержаньянцнинг ҳайдовчиларга, умуман, барча барчамизга мурожаати юзасидан қолдирган изоҳлари билан танишиб, биз автомобилларнинг кўп қаватли уйлар ҳовлиларига ҳайдаб кириш ва у ерда қолдирилишига тақиқ жорий қилинишини кимлар қўллаб-қувватлашини билишга қарор қилдик. Бу ҳақда жуда кўпчилик сўраган эди, шу сабабли мазкур масала юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадга мувофиқлиги кундек равшан», дейилади.

Мақолада ёзилишича, пойтахтда автомобиллар сони кун сайин ортиб бормоқда. Агар 2016 йилда ИИББ ЙҲХБ органлари ҳисобида 392.526та автомобиль бўлган бўлса, бу рақам кейинги йилларда ўртача 10–30 мингтадан ортиб бориб, бугунги кунда 494.403 бирликни ташкил этмоқда. Бу автомобилларнинг 80 фоизи (376.790таси) жисмоний шахсларга тегишли.

Мақолада «Фейсбук» ижтимоий тармоғида изоҳ қолдирган фойдаланувчиларнинг фикрлари келтирилган. Шунингдек, ИИББ телеграм каналида ўтказилаётган сўровномада қатнашишга чорланган.

«Бу борада фикрлар бўлингани билан, кўп қаватли уйлар олдидаги ҳовлиларда автотранспорт воситалари ҳайдаб кирилишига тақиқ жорий этилишини ёқловчилар кўп бўлгани сабабли, барчани жамоатчилик фикрини билиш учун ўтказилаётган дастлабки сўровномада қатнашишга таклиф қиламиз. Дарҳол огоҳлантиришни истар эдикки, мазкур сўровнома ҳеч қандай юридик кучга эга эмас. Лекин унинг натижалари нафақат йўлларда, шунингдек турар жой бинолари ҳовлилари, маҳалла ва ички йўлларда ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги чораларини оширишга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқишда зарур», — дейилган.

4 июнь куни Юнусобод туманининг 11-мавзесида 42 ёшли аёл Т.Л. ўзининг «Нексия-3» автомобилида бошқарувни йўқотиб мавзе ичидаги йўл четида турган 12 ёшли А.Г., С.И. ва С.Я.га келиб урилган. Бунинг натижасида А.Г. воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган. С.И. олган тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Учинчи бола — С.Я. амбулатор шароитида кўрикдан ўтказилиб, уйга жавоб берилган.

«Фейсбук»да мурожаат қолдирган М.Ахпержаньянц бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган А.Г.нинг отасидир.

Уч ўсмирни босиб кетган Т.Л.га Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, уй қамоғи тайинланган.

Мазкур фожиадан сўнг ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчилар автомобилларнинг кўп қаватли уйлар ҳовлиларига ҳайдаб кириш ва у ерда қолдирилишига тақиқ жорий қилинишини талаб қилиб изоҳлар ёзишган.

Мавзуга оид