Жаҳон | 08:10 / 11.06.2019
31883
2 дақиқада ўқилади

Йўқолган деб ҳисобланаётган дунёдаги энг қиммат сурат Саудия валиаҳд шаҳзодаси яхтасида сақланмоқда – ОАВ

Фото: Carl Court / Getty Images

Рассом Леонардо да Винчи мўйқаламига мансуб ва йўқолган деб ҳисобланаётган “Дунё халоскори” сурати Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон яхтасида сақланаётгани аниқланди. Бу ҳақда санъат соҳасига ихтисослашган Artnet портали суратнинг сотиб олинишида иштирок этган манбаларга таяниб хабар берди. 

Да Винчининг сурати маълум вақт йўқолган деб ҳисобланиб келган. 2017 йилда у 450 млн долларга хусусий коллекционерга сотилиб, тарихдаги энг қимматбаҳо санъат асарига айланганди. 

New York Times нашри маълумотларига кўра, суратни валиаҳд шаҳзоданинг дўсти Бадр бин Абдуллоҳ бин Муҳаммад бин Фархон Ол Сауд сотиб олган. Кейинроқ Christie's аукцион уйи суратни Абу-Даби маданият ва туризм департаменти сотиб олганини хабар қилган. Маълум вақтдан кейин Париждаги Лувр музейининг БААдаги музей-филиали сурат уларда томошага қўйилишини эълон қилган, бироқ кейинроқ унинг тақдимотини кейинга қолдирган. Шундан кейин ОАВда музей ходимлари сурат қаерда эканлигини билмасликлари ҳақида хабар тарқалган.

Artnet маълумотларига кўра, сурат валиаҳд шаҳзоданинг Serene номли яхтасига етказилган ва Саудия Арабистони Ал-Ула шаҳрида йирик маданий марказ қурмагунча яхтада қолади.

Аввалроқ Леонардо да Винчининг тасвирий санъати техникаси бўйича франциялик мутахассис Жак Франк “суратнинг да Винчи мўйқаламига мансублиги борасида шубҳалар борлигини” маълум қилган. Унинг таъкидлашича, сурат машҳур рассом томонидан эмас, балки унинг шогирди, Салаи тахаллуси билан ижод қилган Жан Жакомо Капротти томонидан яратилган. Франкнинг таъкидлашича, суратнинг яратилишида да Винчи иштирок этган, бироқ бу иштирок “кичик кўринишда” бўлган. 

Мавзуга оид