Жамият | 11:50 / 12.06.2019
154279
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кино, театр ва телевидениедаги фаолияти билан танилган Гулбаҳор Йўлдошева вафот этди. Бу ҳақда журналист Шоҳира Ҳамро Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзига хос бетакрор истеъдод соҳибаси Гулбаҳор Йўлдошева оламдан ўтди. Гулбаҳор Йўлдошева айни кунларда ҳам кинорежиссёр ҳам актёр, опанинг саҳнадаги елкадошларидан бири Дилмурод Масаидов суратга олаётган «Қўқон шамоли» бадиий фильмида банд эдилар», - деб ёзади журналист.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон давлат драма театрида фаолият кўрсатган Гулбаҳор Йўлдошева 2012 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олганди. У режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг рафиқаси, актёр Бобур Йўлдошевнинг ўгай онаси ҳисобланарди.

У ўзбек кинотомошабинига «Кечиккан ҳаёт» (2010), «Ҳақиқат куни» (2011), «Афғон» (2012), «Ўгай она» (2012), «Кутилмаган қўнғироқ» (2012), «Турист» (2013) ва «Кўргим келади» (2014) фильмлари орқали танилган, «Туташ тақдирлар» сериали эса унга катта машҳурлик олиб келганди.

Kun.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.