Ўзбекистон | 16:00 / 12.06.2019
64723
12 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов – мактабга пулли қабул бўйича янги тартиб ва коррупция ҳақида

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида талаб юқори бўлган пойтахт мактабларида янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилиши муносабати билан изоҳ берди. У рус тилли аудиториянинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда постини рус тилида ёзган.

Аввал маълум қилинганидек, Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида 2019/2020 йилги ўқув йилида Тошкентдаги 81та мактабга қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Келгусида бундай тартиб бутун республика бўйича татбиқ этилиши режалаштирилган.

Бу тартибга кўра, мактабларга қабул квотаси асосий ва қўшимча квота турларига ажратилади — асосий квота ва пулли квота.

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади. Қўшимча квота учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули тўланади, яъни ота-она фарзандини ўз микроҳудудидаги эмас, бошқа ерда жойлашган мактабда ўқишини истаса, ана шу миқдордаги пулни тўлайди. Қўшимча квоталарни олиш кузатув кенгашлари томонидан муҳокамага киритилади. Ҳар бир синфда болалар сони 35 нафардан ошмаслиги лозим.

Қуйида вазирнинг пости тўлиқлигича келтирилади.

«Келинг, шов-шув кўтариш ўрнига болани мактабга жойлаш билан боғлиқ вазият қандайлигини кўриб чиқамиз. Ҳар йили турли «муҳим ва таъсири катта» ташкилотларда ишлайдиган шахслардан фарзандларини Тошкент шаҳридаги «нуфузли мактаблар»га жойлаш тўғрисида «қаттиқ илтимос»лар бўлиб туради. Ана шундай мактаблардан бирининг директори айтишича, ўтган йили «қўнғироқчилар» (қизиқ, ўқитувчи ва мактаб директорлари орасида шундай термин ҳам бор!) сони 100дан ошиб кетган!

Шу билан бирга, болани бундай «нуфузли мактаб»га жойлаш учун ота-оналар воситачилар ва таълим тизимидаги айрим нопок кимсаларга «ҳаммага маълум» миқдорда пул тўлашган. Ижтимоий тармоқлардаги сўровлардан маълум бўлишича, боласини мактабга жойлаш учун аксарият ота-оналар сўралган пулни ёки қурилиш материали беришган.

Энг ёмони, бу ишлардан мактаб микроҳудудида яшаб туриб фарзандини ўша мактабга беролмаганлар жабр чекишган. Ва ҳар доим бу ишда мактаб директорлари айбдор бўлиб келган. Ҳаттоки кимдир фарзандини бепул, аммо «юқоридан босим» ёки бошқа «қўрқитувчи» йўллар билан жойлаган бўлса ҳам, «масалани ҳал қилиш» учун гўёки пора олган директор айбдор бўлган.

Масалан, қуйидаги жадвалда Тошкентдаги энг талаб юқори бўлган саккизта мактаб кўрсатилган. Бу мактабларда ўқувчилар сони мактаб қувватига нисбатан икки баравардан ҳам кўпроқ, яъни бу ерда ҳаттоки икки сменада ҳам меъёрдагидек ўқув жараёнини ташкиллаштириб бўлмайди. Бу мактабларда ўтган йили 70-90 фоиз атрофидаги биринчи синф ўқувчилари бошқа микроҳудудлардан қабул қилингани аён, уларнинг аксарияти «қўнғироқчилар».

Яъни шунча бола турли ташкилотлардан бўлган «қўнғироқлар» орқали қабул қилинган. Энди бундай «телефон ҳуқуқи» бўлмайди! Бу мактабларнинг директорлари ҳеч кимни ўзларича мактабга қабул қила олмайди, шу боис уларга мурожаат қилиш бефойда. (Бизга ҳам!) барча ҳужжатлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги ягона дарча марказлари орқали қабул қилинади.

Узоққа бормайлик, интернетда «Тошкентдаги мактаб директори болани биринчи синфга қабул қилиш учун пора сўради» деб қидириб кўрайлик. Қидирув натижаларида таклиф этилган хабарларга кириб кўрамиз ва ўқувчиларнинг изоҳлари билан танишамиз. Афсуски, бундай ҳолатлар кўп бор содир бўлган.

Шу боис биз таъкидладикки, «мактаб директорлари қонуний ишлашлари ва берилаётган имкониятлардан фойдаланишлари лозим. Пойтахтимиз мактаблари қолганлар учун ўрнак бўлиш кераклиги айтилди.

Шунингдек, талаб юқори бўлган мактабларда болаларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда коррупция белгиларини йўқотиш учун келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу мактабларга қабул қилиш Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари агентлигининг ягона дарча маркази орқали амалга оширилади. Бу орқали ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётган раҳбарлар ва уларнинг воситачиларининг шахсий манфаатлари йўлидаги ҳаракатларига чек қўйилади.

Шу билан бирга, ота-оналар томонидан талаб юқори бўлган мактабларга тармоқ мактаблари ташкил этиш ҳуқуқи тақдим этилади. Бу эса мактабларда жой етишмаслиги ва коррупция омилларининг камайишига ёрдам беради».

Тайёргарлик йил давомида олиб борилди – жамоатчиликнинг шикоят ва мурожаатларини ҳамда ижтимоий тармоқлар ва ОАВдаги фикрларни ўргандик, хорижий давлатлар тажрибасини таҳлил қилдик, болаларни мактабга қабул қилиш тартибининг турли вариантларини ишлаб чиқдик, давлат хизматлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида эксперт ва мактаб директорлари билан муҳокамалар ўтказдик.

Турли даражадаги муҳокамалардан сўнг ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, талаб юқори бўлган мактабларга (Тошкент шаҳридаги 81та мактаб) қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Келинг, мавжуд вазиятни янги тартиб билан таққослаб кўрамиз.

I. Мавжуд ҳолат: ота-оналар микроҳудуддан ташқаридаги мактабга фарзандини жойлаш учун пора беришга ёки таниш-билишларини ишга солишга уринишади, бу синфларда ўқувчилар сони ошиб кетишига олиб келади. Натижада, (1) микроҳудуддаги болалар бу мактабларга кира олмайди, (2) синфларда болалар кўплиги боис таълим сифати пасаяди, (3) узоқ мактабга бориб-келиш натижасида тўлиб кетган синфларда болаларнинг саломатлиги пасаяди. Бу коррупция ва порахўрликка олиб келган.

Яъни ота-оналар бундай мактабларга фарзандларини жойлаш учун ҳаттоки ўша ҳудудда яшаса ҳам пул узатишган ёки таниш-билиш излашган.

Янги тартиб: ҳаммаси давлат хизматлари маркази орқали ҳал қилинади ва мактаб директорлари қабул жараёнига аралашмайди: 

1. микроҳудуддаги 7 ёшли, таълим бериш тили бўйича етарли кўникмага эга бўлган болалар мактабга бепул ва қўшимча шартларсиз қабул қилинади.

Микроҳудуддан ташқаридагилар фарзандини жойлаши учун пора бериши ёки танишларидан «қўнғироқ» қилиб қўйишларини сўрашлари шарт эмас.

Мазкур маблағлар мактабдаги шароитларни яхшилаш ҳамда мактаб ўқитувчилари ва директорини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Бундан қандай фойда? Мактабларда ўқувчилар сони мутаносиб бўлади, коррупция камаяди, ўқитувчилар кўпроқ рағбатлантирилади.

1. Илгари «нуфузли мактаб» микроҳудудидаги болалар бу мактабга кира олмасди. Энди ҳамма болалар ўз микроҳудудидаги мактабда бепул ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ўқишлари мумкин.

2. Бу мактабларда бир синфда ҳозирги 45-50та ўринга 35 нафаргача ўқувчи бўлади.

3. Директор «алоҳида илтимослар»ни бажаришдан қутулади ва барча ўқувчилар давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади.

4. Муваффақиятли фаолият юритаётган директорлар «тармоқ мактаблари» очишдан манфаатдор бўладилар, мактаб нуфузи ва таълим сифати ошади.

II. Мавжуд ҳолат: 2. Болаларни белгиланган 7 ёш ўрнига 6 ёшдан мактабга беришга ҳаракат қилишади. Натижада ўқитувчи бундай бола билан кўпроқ ишлашига тўғри келади ва бутун синфга камроқ эътибор ажратиши сабабли улар ўқув дастуридан ортда қолишади.

Ота-оналар 6 ёшли фарзандини мактабга жойлаш учун пул беришган ёки танишларини ишга солишган.

Янги тартиб: 2. Бола ўзидан катта 7 ёшлилар бўлган 1-синфда мажбуран ўтириш ўрнига яна бир йил мактабгача таълим муассасида ёки тайёрлов синфида ўқиши осон ва қулай бўлади. 

Агарда кимдир 7 ёшдан кичик фарзандини мактабга жойлашни шарт деб билса, пора бериши ёки танишларини ишга солиши шарт эмас.

Мактаб бюджетига тушадиган маблағ ана шундай болалар билан кўпроқ ишлайдиган ўқитувчиларни моддий рағбатлантиришга сарфланади. 

Бундан қандай фойда? Ота-оналар 7 ёшга тўлмаган фарзандларини мактабга камроқ беради.

III. Мавжуд ҳолат: таълим олиб бориладиган тилни билмайдиган ўқувчилар бундай мактабларга кўникиши қийин бўлмоқда ва ўқитувчиларнинг кўпроқ куч ва эътибори талаб этилаётгани сабабли бошқа ўқувчиларнинг ўзлаштиришига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Таълим олиб бориладиган тилни билмайдиган фарзандини бундай мактабга жойлаш учун ота-оналар пул беришган ёки таниш-билишга мурожаат қилишган.

Янги тартиб: бола ўз она тилида таълим олиши осон ва қулай, у дарсларни осон ўзлаштиради, ўз билимига ишонадиган бўлиб етишади.

Бундан қандай фойда? Ота-оналарга фарзандини она тилида ўқийдиган мактабга бериш фойдалироқ бўлади, у дарсларни асаб бузишларсиз ўзлаштиради. Зеро ота-она учун фарзанд соғлиги ва мактабда яхши билим олиши муҳим саналади.

Бу йил ота-оналар ва пойтахтдаги 81та мактабга қабул қилинадиган болаларга қулай бўлиши учун қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали шаффоф тарзда ташкил этилади. Янги тизим кейинги йилларда барча вилоятларда жорий этилади.

Бу эса болаларни 1-синфга жойлаш орқали «пул ишламоқчи» бўлган нопок шахсларнинг уринишлари олдини олади. Аксинча, ота-она 7 ёшли фарзандини ўз микроҳудудидаги мактабга жойламоқчи бўлса ва болада ўқитиш тили борасида муаммо бўлмаса, пул тўлашнинг ҳожати йўқ. У ҳаттоки талаб юқори мактабга ҳам асосий квота бўйича қабул қилинади. Авваллари бунинг иложи бўлмаган (жадвалга қаранг).

Умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, 1) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, 2) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), 3) умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун қўшимча квота ажратилади. «Воситачи» ва порахўрларга иш йўқ!

Бунда, ҳеч ким ота-оналарни пул тўлашга мажбур қилмайди (Қўшимча квотани унутиш мумкин). Ота-оналарда ҳар доим танлаш имкони бўлади: болани яшайдиган жойига яқин мактабга ҳеч қандай муаммо ва тўловларсиз жойлаш мумкин. Таълим сифати борасида директорнинг масъулиятини ошириш учун мактаб кузатув кенгашида фаол қатнашиш ҳам мумкин. 

P.S. Ростини айтсак, мавжуд тизим таълим соҳасидаги раҳбар ходимлар учун жуда қулай эди, сабаби турли текширувчи ва назорат қилувчи органлар ва ташкилотларнинг уларга «иши тушиб турар» ва эвазига ўз «хизмат»ларини таклиф қилишарди. Уларга қолса, ҳаммаси аввалгидек бўлса... 

Мавзуга оид