Жамият | 19:08 / 13.06.2019
24678
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бола меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилганми?

12 июнь ─ Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланди. 20 ноябрь ─ Бутунжаҳон бола куни, 1 июнь ─ Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни каби саналар қаторида бу кун ҳам алоҳида нишонланади, демакки, бола ва унинг камол топиши ўзида салмоқли масалаларни жамлайди.

Бола меҳнати Ўзбекистонга бегона тушунча эмас. Айрим муддат далаларда пахта терими мавзусини бола меҳнатисиз айро тасаввур қилинмади. Яқин йилларгача ҳар гал янги ўқув йили бошланиши билан бир хил «спектакл» такрорланарди: мактаб ўқувчилари «мажбурий-ихтиёрий» тарзда пахта кампаниясига жалб этилар, баъзи коллеж ва лицейларда эса терим муносабати билан ҳатто қулф солинарди. 

Шу билан ноябрь охири, декабрь аввалига қадар ─ токи далада бир сиқим пахта қолгунча ўқувчиларнинг таълим олиши ўлда-жўлда аҳволда қолар, сифат кўрсаткичлари ҳам шунга яраша бўларди. Пахта далаларида теримчи ўқувчилар учун яратилган шароит эса алоҳида масала...

Собиқ совет давридан мерос бўлиб қолган бу анъана ўта одатий ҳолга айланиб қолган, «оқ олтин» нинг ўз вақтида териб олиниши ўқувчилар таълимидан устун турадиган масалага айланган эди.

Бутун дунё ҳамжамиятида жиддий танқид нишони бўлган бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолатига чек қўйиш бўйича ҳаракатлар Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб қисман, 2013 йилда эса тизимли тарзда амалга оширила бошланди. Бунга асосий сабаб эса халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳукуматига болалар меҳнатидан фойдаланмаслик бўйича талаб қўйиши ва теримда бола меҳнатидан фойдаланилгани боис Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилиниши бўлди.

«Болалар меҳнатига қарши кураш ҳаракатининг илк оқими 2008 йилда бошланган эди. Шу йили Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатига оид иккита конвенциясини Ўзбекистон ратификация қилди. Ўша пайтда илк бор мустақил мониторинг қилиш учун Халқаро меҳнат ташкилотини Ўзбекистонга киритишга рухсат берилган эди. Ҳукумат органлари бирлашиб болалар меҳнатидан қутулиш бўйича муҳокамалар ўтказилган» , ─ дейилади Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоеванинг хорижий нашрлардан бирига берган интервьюсида

Танзила Норбоевага кўра, болаларнинг меҳнатга жалб этилишига асосий сабаб халқнинг бу борадаги салоҳияти пастлиги бўлган. 

«Оилада бола кўп-ку, тераверсин пахтани, онасига қарашяпти-да, деган тушунча бор эди халқда. Лекин бу оғир меҳнат турларига киритилгани тўғрисида ота-оналар ҳатто билишмас эди. Бу оилада болани уриб ишлатиш эмас, билмаслик туфайли ҳам бўлиши мумкин. Лекин тан олиш керак, мактаб ва коллежларда ўқувчиларни олиб кетиш ҳолатлари бор эди. Фермерлар бемалол таълим муассасалари раҳбарларига мурожаат қилиб, келишиб олиб болани теримга чиқартирарди. 2013 йилдан бошлаб Бош вазир кўрсатмасига асосан бунга чек қўйилди» , ─ дея қўшимча қилган Норбоева.

2013 йилга келиб эса амалда бола меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилишига эришилди. 18 ёшга тўлмаганларни пахта теримига мажбурий жалб қилиш тўхтатилди, фақатгина жойларда ҳашарлар ташкил этилди. Шу йилнинг ўзидаёқ Халқаро меҳнат ташкилоти болалар меҳнати тизимли равишда Ўзбекистонда йўқ, лекин ҳали хавф-хатарлар мавжуд, деган хулосани берди. 2014 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонда болалар меҳнати қайд этилмайди, деган хулосалар олинган.

2017 йил 29 май куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сўзлаган нутқида мамлакат имижига соя солиб турган болалар меҳнати мавзусига тўхталган эди. 

«Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти, шунингдек, АҚШ ва бошқа қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари билан муносабатлар кун тартибидан «болалар меҳнати»  деб аталадиган масала олиб ташланди» , ─ деган эди вазир. 

2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чорлар кўрилганини эътироф этган эди.

Мазкур нутқдан кейин пахта теримидаги болалар меҳнати ҳукумат назоратида бўлди. Таълим муассасаларида давоматлар қатъий назоратга олинди. Шунга қарамай, юқори синф ўқувчилари пул ишлаш мақсадида пахтага бориши ҳолатлари кузатилди

Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, «қишлоқларда даромади паст оилаларнинг ўсмир ўғил ва қизлари теримга чиқишади, чунки пул масаласида қийналиб қолишган. Пахта териб анча пул йиғиб олса бўлади, Қишки кийимларга пул ишлашади, лекин ўқиш қолиб кетади» . 

2019 йилнинг 1 апрель куни Брюссель шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эътироф этилди

Халқаро ва миллий қонунчиликда бола меҳнатига жалб этиш тақиқланиши ва жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.

Халқаро Меҳнат ташкилотнинг «Мажбурий меҳнат тўғрисида» ги 29-сон, «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида» ги 105-сон, «Энг кичик ёш тўғрисида» ги 138-сон, «Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида» ги 182-сонли конвенцияларини Ўзбекистон ратификация қилган.

Ушбу ҳужжатларда белгиланган нормаларга кўра, миллий қонунчиликда 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан мазкур тоифа ходимларининг соғлигига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, шунингдек, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш тақиқланган.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг 2009 йилдаги 1990-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланилиши тақиқланган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари»  рўйхатида пахтани қўлда теришда ҳамда қўлда суғоришда банд бўлган ишларда 18 ёшдан кичик шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс» нинг 51-моддасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш, хусусан, бола меҳнатидан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган. Яъни:

«Қонунда назарда тутилган ҳолатларни истисно этганда, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади» .

Шунга қарамай, бола меҳнати мавзуси тўла ёпилгани йўқ. Ижтимоий тармоқларда шу кунларда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги мактаблардан бирида ўқувчиларнинг жазирама иссиқда мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳақида видео тарқалган эди. Меҳнат вазирлиги бу бўйича иш олиб бориши натижасида мактаб ўқувчиларини ободонлаштириш ишларига жалб қилганлиги учун Ғузор туманидаги 75-сонли мактаб директори маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Гарчи Ўзбекистон ҳукумати тизимли равишда бола меҳнатидан фойдаланиш масаласига қарши қатъий ирода кўрсата олган бўлса-да, айрим туман ва қишлоқларда маҳаллий раҳбарларнинг тажриба ва саводсизлиги туфайли болалар меҳнатга мажбурланиши учраб қоляпти. 

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид