Жамият | 20:00 / 14.06.2019
49042
7 дақиқада ўқилади

Абитуриентлар олий ўқув юртига ҳужжат топширгани учун қанча пул тўлайди? ДХМ аниқлик киритди

Ўзбекистонлик блогерлардан бири бу йил абитуриентлар ўқишга ҳужжат топширганида икки марта пул тўлашига тўғри келишини ёзди.

Унинг ёзишича, аввалги йилларда тугатган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда ЭКИҲнинг ярим баравари (101365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Бундан ташқари, агар абитуриентлар Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоғистон давлат университети, Гулистон давлат университети, Фарғона давлат университети ва Самарқанд давлат университетига давлат хизматлари маркази орқали ҳужжат топширса, 101 365 сўм тўлашларига тўғри келади.

Демак, ўтган йили имтиҳондан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар икки марта пул тўлашади:

- имтиҳонларда иккинчи марта қатнашаётганлиги учун 101 365 сўм;

- давлат хизматлари маркази орқали ҳужжат топширгани учун 101 365 сўм.

Блогернинг қайд этишича, имтиҳонларда қатнашишнинг ўзига давлат 200 минг сўмдан ортиқ тўлов ундирмоқда. 

Kun.uz бу масалада аниқ ва батафсил маълумот олиш учун давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилди. Саволларга агентликнинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Зокирова жавоб берди.

- Айтинг-чи, абитуриентлар давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали ҳужжат топширганида қанча миқдорда тўлов тўлайди?

- Ўрта таълим муассасаларини жорий йилда битирган абитуриентлар имтиҳонда қатнашиш учун ҳамда ДХМ ходимлари хизмати учун пул тўламайди.

Ўрта таълим муассасаларини аввалги йилларда битирган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун ЭКИҲ ярим баравари (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов тўлайдилар. Ҳужжатларни электрон тарзда топширмоқчи бўлганлар учун тўланадиган сумманинг 10%и миқдорида чегирма қилинади, яъни 91 228 сўм 50 тийин тўлашади ва бу пуллар давлат тест марказига йўналтирилади.

Эътибор беринг, ҳар икки ҳолатда ҳам давлат хизматлари маркази учун тўлов ундирилмайди. 

- Блогер Хушнудбек Худойбердиев Вазирлар Маҳкамасининг 7 июнь кунги қарорида «бир айёрлик ўтиб кетгани», яъни Адлия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма ҳисобига пул ўтиши ҳақида ёзди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳеч қандай «айёрлик» йўқ. Биз бор-йўғи абитуриентлар учун ҳужжат топшириш тартибини соддалаштириш ва ушбу хизматни тақдим этиш жараёнини мақбуллаштиришни истаймиз. Айнан давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ўтган йили олий ўқув юртларига ҳужжат топширишнинг соддалаштирилган тартиби синовдан ўтказилди. Қатор ҳужжатларга - У-086 тиббий маълумотномаси, яшаш жойидан маълумотнома, фотосурат ҳамда пойтахтга келиш ва яшаш билан боғлиқ харажатлар йўқ бўлди.

Шу боис давлат хизматлари агентлиги орқали ҳужжат топширилганида ходимларимиз мазкур хизмат учун ҳеч қандай пул олмайди.

- Ҳозирда ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали топшириш мумкин. Буларни бирлаштириш, яъни фақат интернет орқали ёки давлат хизматлари орқали топширишни йўлга қўйиш мумкин эмасми?

- Биз фуқароларимизда танлаш имкони бўлиши, яъни ўзларига қулай йўлни танлашлари тарафдоримиз. Масалан, абитуриентнинг давлат хизматлари марказига келишга вақти йўқ бўлса, уйидаги компьютери орқали топшириши мумкин. Аммо сўровларимиз натижалари фуқаролар электрон кўринишдан кўра марказларга келиб ҳужжат топширишни мақбул кўришларини кўрсатди.

- Нима учун ҳужжат қабул қилиш билан таълим муассасалари эмас, давлат хизматлари марказлари шуғулланмоқда?

- Биринчидан, бу мамлакатимиз раҳбари томонидан имзоланган бу йилги давлат дастурида кўзда тутилган. Иккинчидан, айтиб ўтганимдек, ўтган йили Тошкент давлат юридик университетида ҳужжат қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби синаб кўрилди. 

Натижа маълум - 7 мингдан ортиқ оила 1,5 млрд сўмдан ортиқ маблағни тежашга эришди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши натижасида шунча маблағ тежаб қолинган. Шундай қилиб, Ўзбекистон аҳолисининг маблағлари оила бюджетида қолади, уларнинг қимматли вақтлари тежалади.

- Айтайлик, абитуриент Самарқанд вилоятидаги туманлардан бирида яшайди, у Самарқанд давлат университетига ўқишга кирмоқчи, яъни барча жараён бир ҳудудда бўлиб ўтади. Айримлар абитуриент фақатгина давлат хизматлари маркази орқали ҳужжат топшириши ва пул тўлашига тўғри келишига эътироз билдирмоқда. Ҳужжатларни марказлар орқали топшириш шартми?

- Мазкур ўқув юртига ҳужжатларни давлат хизматлари маркази орқали ёки онлайн топшириш мумкин. Республиканинг ҳар бир туманида (шаҳри) ДХМ мавжуд, бундан ташқари, узоқ аҳоли масканларида уларнинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Хизматлар рўйхатда туриш ва яшаш жойидан қатъи назар кўрсатилади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ДХМ орқали ҳужжат топширилганида давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов олинмайди.

- Демак, бу йилдан бошлаб аксарият ўқув юртларида қабул комиссиялари бўлмайди ва абитуриент ҳужжат топшириш учун таълим муассасасига бормайди?

- Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоғистон давлат университети, Гулистон давлат университети, Фарғона давлат университети ва Самарқанд давлат университетига ҳужжатларни соддалаштирилган тартибда топшириш мумкин. 

- Хориж мамлакатларида «application fee» деган тушунча бор, яъни абитуриент маъмурият унинг ҳужжатларини кўриб чиққани учун пул тўлайди. Бизда ҳам вақти келиб ҳужжат топшириш барча учун пулли бўлиши мумкинми?

- Ҳозирда бу хизмат бепул ва мазкур хизмат учун тўлов олиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. 

- Ўзбекистонда абитуриентларга бир йўналиш бўйича бирданига учта ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти яратилди. Агарда абитуриент бешта ўқув юртидан бирини танласа, бироқ қолган иккитасига сизларнинг хизматингиз жорий этилмаган бўлса нима қилади?

- Агарда фанлар кетма-кетлиги танланган асосий йўналишга мос бўлса, яна иккита ўқув юртини танлаш мумкин бўлади. Гап ҳужжатлар қабули ДХМ ёки электрон тартибда амалга ошириладиган бешта олий ўқув юрти ҳақида бормоқда.

Масалан, абитуриент Самарқанд давлат университетида «физика-математика» йўналишини танлаган бўлса ва унда биринчи фан физика, иккинчиси – математика, учинчиси – инглиз тили бўлса (мазкур йўналишда фанлар тартиби фарқ қилиши мумкин), у ҳолда танланувчи қолган икки йўналиш ҳам шунга мос бўлиши керак. Абитуриент танлаган қўшимча йўналишлар юқоридаги таълим муассасаси тоифасига кириш-кирмаслигидан қатъи назар. 

- Ҳужжатларни ўз яшаш жойини тарк этмасдан топшириш анчагина манфаатли. Сабаби вилоятдан Тошкентга келиб-кетиш, яшаш харажатлари қимматга тушади. Бу йўналишда яна нималарни режалаштиргансизлар?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, давлат дастурида ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган. Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларини қамраб олиш ва ушбу хизматни тақдим этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш режалаштирилган.

Улуғбек Акбаров суҳбатлашди

Мавзуга оид