Ўзбекистон | 21:15 / 14.06.2019
10573
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура 2,5 млрд сўм иш ҳақини ундириб берди

Ўзбекистон прокуратура идоралари томонидан 2019 йил ўтган 5 ойи мобайнида 920 фуқаронинг кечиктирилган 2,5 млрд сўм иш ҳақи, 52 фуқаронинг 36,9 млн сўм пенсияси ва 26 фуқаронинг 12,4 млн сўм нафақа пули ундириб берилган. Бу ҳақда Бош прокуратура Ахборот хизмати Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.   

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг дастлабки 5 ойида прокуратура органлари томонидан ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган 1.427та текшириш мобайнида 7.430та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатларга 2.043та протест келтирилиб, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 1.846 та тақдимнома киритилган. 
2.747 нафар шахс интизомий, 2.231 шахс маъмурий ва 69 киши шахс моддий жавобгарликка тортилган. Бунинг натижасида 1 млрд 377 млн сўмлик зарар ихтиёрий ундирилган, фуқаролик судларига 5 млрд 783 млн сўмни ундириш ҳақида 1.006та ариза киритилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 39та жиноят иши қўзғатилган. 

Прокуратура идоралари томонидан меҳнат қонунчилиги соҳасида олиб борилган ўрганишлар чоғида 1.089та қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунчилик ижроси, иш ўринларини яратишга доир дастурлар ва меҳнат қонунчилиги ижроси юзасидан 144та текшириш ўтказилиб, прокурор протестлари асосида меҳнат қонунчилигига зид бўлган 427та ҳужжат бекор қилинган, тегишли идораларга 139та тақдимнома киритилган. Прокурор қарорлари ва тақдимномалари асосида 408 нафар мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1та жиноят иши қўзғатилган. 

Мавзуга оид