Жамият | 01:30 / 15.06.2019
80811
4 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура «Андижонча спектакл» ташкилотчиларини  жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Андижон шаҳрида бир неча аёллар бепул коттеж олганлиги тўғрисида интервью беришга мажбурлангани ҳақида ОАВда эълон қилинган хабарлардаги важлар ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, эҳтиёжманд шахсларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хидирша массивида 2 сотихли жами 592та коттеж қурилиши якунига етказилган.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида вилоят ҳокимлигининг масъул шахси «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖнинг уй-жойга муҳтож бўлган 6 нафар ишчиларига (Х.Тиллаева, М.Рахимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова, З.Абдувалиева ва Д.Ходжиматова) мазкур ҳудудда қурилаётган коттежлардан уларга совға сифатида биттадан берилишини маълум қилган. Аммо Бош прокуратура баёнотида «масъул шахс» исми ошкор этилмаса-да, ОАВга интервью берган аёллар ушбу ҳокимлик вакили Манзура Юнусова бўлганини иддао қилади.  

«Кейинчалик, «Ўзбекистон 24»  телеканали орқали 2019 йил 31 март, 3 май ва 16 май кунлари юқоридаги ишчилар иштирокида, уларга совға сифатида коттеж берилганлиги ҳақида лавҳалар кўрсатилган, 16 май куни улар оила аъзолари билан бирга ушбу коттежларга киритиб қўйилган», дейилади прокуратура хабарида. 

Таъкидланишича, давлат раҳбарининг Андижонга ташрифи доирасида фақат ишчилардан бирига (Д.Ходжиматова) коттеж совға қилинган. Ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъул шахсининг талабига биноан қолган 5 нафар ишчилар (Х.Тиллаева, М.Рахимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова ва З.Абдувалиева) қурилаётган 4 қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилган.

Шундан сўнг, улар қатор давлат ташкилотларига мурожаат қилган, Хуршида Тиллаеванинг ҳокимият уларни алдаганлиги ҳақидаги мурожаати ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Уларнинг мурожаатларидан сўнг, « Мустақиллик тикувчилик мажмуаси»  МЧЖ томонидан уларнинг иш хақлари ва корхона даромадлари ҳисобидан 4 қаватли уй-жой учун дастлабки бадал тўлови ўтказилган.

Шундай қилиб, ўрганишлар шуни кўрсатдики, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд ишчиларга коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақида оммавий ахборот воситаларига интервьюлар олинишига эришиб, коттежларга уларни уй эгаси сифатида киритиб қўйиб, бироқ якунда уларга коттеж ажратмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйган.

«Ўрганиш натижалари юзасидан Бош прокуратура томонидан Андижон вилоят ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди», дейилади прокуратура ахборотида. 

Андижон вилояти ҳокими ушбу масалага муносабат билдириб, Хуршида ва бошқа аёллар «нафс балосида янада кўпроғини талаб» қилаётганини айтганди. Ҳоким жорий йил февраль ойида аёллар билан тегишли ташкилот ўртасида кўп қаватли уйларни харид қилиш учун шартнома тузилганини иддао қилган.

Мавзуга оид