Light | 10:10 / 15.06.2019
35267
5 дақиқада ўқилади

Инсульт хавфини камайтирувчи 8 оддий қоида 

Дунёда ҳар йили инсультдан бир неча миллион киши вафот этади, ўзингизни бу касалликдан узоқроқ сақлаш учун тавсияларимизга эътиборингизни қаратинг.

Фақат АҚШнинг ўзида ҳар 40 сонияда кимдир инсультни бошидан ўтказади. Ўзбекистондаги статистика натижалари ҳам қувонарли эмас – «зарба» (лотинча insultus) қурбонлари йилига бир неча ўн минг кишини ташкил этади.

Инсульт нима ўзи

Миядаги қон айланиш тизимида келиб чиққан жиддий (кескин) муаммо инсульт деб аталади. Сабаблари турли хил узилишлар бўлиши мумкин. Биргина мияга қон қуйилиши касалликнинг барча турларига омил ҳисобланмайди — бу кўриниши геморрагик инсульт деб номланади. Қон оқимини тўсувчи тромблар ҳосил бўлиши ишемик инсультни келтириб чиқаради.

Икки ҳолатда ҳам инсульт яхши якун топмайди. Биринчисида йиғилган қон асаб толаларига босим ўтказади ва улар ишлашдан тўхтайди. Ишемик инсультда мия ҳужайраларига керакли озиқ ва кислород етиб бормаслиги натижасида улар нобуд бўлади.

Миянинг қайси қисми зарарланса, у иштирок этувчи неврологик функция ҳам ишдан чиқади. Кимдир нутқ қобилиятини йўқотади. Кимдадир қисман ёки тўлиқ фалажлик юзага келади. Нафас олишга тўсқинлик қилувчи муаммолар ҳам кимнингдир бошидан ўтиши мумкин. Яна кимдир вафот этади.

Статистика маълумотлари кўра: инсультга учраганларнинг 31 фоизи алоҳида эътиборга муҳтож бўлиб қолади, 20 фоиз беморлар мустақил юра олмайди, фақатгина 8 фоиз ҳолатларда реабилитация жараёнидан одатий ҳаёт тарзига қайтиш кузатилади. 

Энг ачинарлиси инсульт хавфини олдиндан тахмин қилиш мушкул. Уни бекорга зарба деб аташмаган: ўткир мия бузилишлари тўсатдан ва тез ривожланади. Кўпинча ҳеч қандай аломатсиз: ҳозиргина кулиб, ҳазиллашиб турган одамга 2 дақиқадан сўнг тез ёрдам чақиришлари мумкин.

Хавф гуруҳида кимлар бор

Баъзи одамларнинг инсульт чалиниш эҳтимоли қолганларга нисбатан юқорироқ. Улар орасида қуйидагилар кўп учрайди:

  • қон босимидан (гипертония) азият чекувчилар (энг кенг тарқалган);
  • юраги хасталар (масалан, юрак етишмовчилиги ёки аритмия яъни юракнинг тез уриши);
  • қандли диабети бор кишилар (диабет томирларни зарарлантиради ва бош мияда қон қуйилиши хавфи ортади)
  • ортиқча вазнлилар;
  • маълум бир дори воситасини қабул қилувчилар, (масалан, эстроген миқдорини ўзгаришига сабаб бўлувчи препаратлар);
  • кам ҳаракат турмуш тарзи эгалари;
  • қонида холестерин баланд бўлган беморлар;
  • кашандалар;
  • уйқуда босинқировчилар;
  • 55 ёшдан ошганлар (55 ёшдан кейинги ҳар ўн йилликда инсульт хавфи каррасига ортади);
  • инсульт билан оғриганларнинг қариндошлари (генетик касаллик ҳисобланади);
  • эркаклар (аёлларда эҳтимоллик даражаси паст).

Мабодо юқоридагилардан бирортаси сизга таниш бўлса, ўзингизга эътибор беришингиз шарт. Ҳаттоки, бугундан бошлаб.

Инсультнинг олдини олиш чоралари қандай?

Инсультдан профилактика аввало ҳаёт тарзини мувофиқлаштиришдан бошланади. Нуфузли Mayo Clinic тадқиқот уюшмаси экспертлари фикрига кўра, биринчи навбатда:

1. Вазнингизни назорат қилинг
Ортиқча вазн ўзи билан биргаликда инсульт хавфини оширувчи бир неча омилларни олиб келади. Булар қаторига артериал қон босими, юрак қон-томир касалликлари ва диабетнинг ривожланиши ҳам киради. Атиги 4-5 ортиқча килограммдан халос бўлиш ҳам инсультдан қочиш имкониятларингизни сезиларли даражада оширади.

2. Сабзавот ва меваларни кўпроқ тановул қилинг
Кунига камида 4-5 порция. Олма, карамли салат, гриллда тайёрланган сабзавотлар ва бошқалар. Ўсимликлар артериал босимни туширади ва томирларнинг эластиклигини яхшилайди.

3. Чекишдан воз кечинг
Чекувчилар бор жойлардан ҳам. Чекишнинг пассив тури актив тури билан мос равишда томирларга ўз таъсирини кўрсатади.

4. Мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланинг
Жисмоний фаоллик инсультнинг барча турлари хавфини камайтиради. Айниқса очиқ ҳавода: юриш, югуриш, сузиш, велосипедда учиш, енгил ҳаракатли фитнесс...

Машқлар тизимли таъсир кўрсатади. Вазн йўқотишга қон томирлари ва юракнинг умумий ҳолатини яхшилайди, стрессни камайтиради. Иложи борича кунлик машқларингиз давомийлигини 30 дақиқага етказишга ҳаракат қилинг.

5. Алкоголдан узоқ юринг
Ичиш айниқса артериал гипертония билан оғрувчи беморларга хавфли.

6. Таркибида трансёғ мавжуд маҳсулотлардан камроқ истеъмол қилинг
Трансёғлар томирда тромблар ҳосил бўлиш эҳтимолини оширади. Шунинг учун фастфуд, тайёр пишириқлар, чипслар, крекер ва маргаринлардан камроқ тановул қилган маъқул.

7. Қон босимингизни назорат қилинг
Қон босимингиз 130/80 даражадан ортишига йўл қўйманг. Агар шундай ҳолат рўй берса, дарҳол терапевт билан маслаҳатлашинг.

8. Диабетни ўтказиб юборманг
Касалликни эрта босқичларида сездирувчи аломатлар мавжуд. Ўзингизга эътиборли бўлинг.

Афсуски, инсульт олдини тўлиқ олишнинг иложи йўқ. Шунинг учун, профилактикадан ташқари у билан ўзингиз ёки атрофдагилар дуч келганда зудлик билан нималар қилиш кераклигини ҳам билиб қўйган маъқул. Бу ҳақда кейинроқ...

Мавзуга оид