Жаҳон | 19:04 / 15.06.2019
7596
2 дақиқада ўқилади

Осакадаги G20 саммитига 30 минг киши ташриф буюради. Уларни 25 минг полициячи қўриқлайди

Фото: AP Photo / Junji Kurokawa

Япониянинг Осака шаҳрида 28-29 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Катта йигирматалик” саммитига 30 минггача киши, жумладан бир қатор давлатлар етакчилари, делегациялари ва журналистлари ташриф буюради. Уларнинг хавфсизлигини 25 мингдан кўпроқ полициячи таъминлайди.

Бу ҳақда Осака префектураси бош полиция бошқармаси раҳбари Такахиса Исида маълум қилди.

Эътиборлиси, шунча сондаги полициячи биргина давлат етакчиси – АҚШ президенти Дональд Трампнинг май ойида Японияга ташрифи вақтида хавфсизликни таъминлашга жалб қилинганди.

Шаҳарда саммит ўтказилиши муносабати билан транспорт учун жиддий чекловлар киритилади, йирик темир йўл станцияларида сақлаш камераларидан фойдаланиш тақиқланади. Осака марказий  вокзали ва саммит ўтказиладиган ҳудуддаги кўчалардан барча чиқинди баклари олиб ташланади.

Май охиридан Осакадаги дўконлар, мактаб ва болалар боғчалари дарвозаларида саммит муносабати билан чекловлар киритилиши ҳақидаги эълонлар жойлаштирилган. Кўплаб дўконлар эса “Катта йигирматалик” етакчилари учрашуви вақтида умуман ишламасликка қарор қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид