Жамият | 15:46 / 15.06.2019
8025
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг 2019-2020 йиллар учун қўшма лойиҳалари режаси ишлаб чиқилди

2018 йил 23 апрелда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва Махтумқули номидаги Туркманистон Ёшлар ташкилоти Марказий Кенгаши ўртасида англашув меморандуми имзоланганди. Махтумқули номидаги Туркманистон ташкилоти Марказий Кенгаши таклифига биноан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегациясининг Туркманистон Республикасига 5 кунлик хизмат сафари ўз якунига етди.

«Учрашувлар давомида вакилларимиз Махтумқули номидаги Туркманистон ёшлар ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Солтангелди Бабабев билан ҳар икки мамлакатда ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан Махтумқули номидаги Туркманистон ёшлар ташкилоти Марказий Кенгаши ўртасида англашув Меморандумини амалга татбиқ этиш бўйича 2019-2020 йиллар учун қўшма лойиҳалари режаси ишлаб чиқилди.

2020 йил якунига қадар Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро чегарадош минтақалари бўлган «Бухоро-Лебап» ва «Хоразм-Дашогуз» вилоятлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, икки мамлакат ёш тадбиркорлари учун ўқув ташрифларини ташкиллаштириш, ёш спортчилар ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиш ташкиллаштириш ҳамда «Аваза» миллий туризм зонасида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон болалари иштирокида «Дўстона йўллар абадийдир» болалар фестивалини ташкиллаштиришга келишиб олинди.

Ташриф якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси «Куняургенч» давлат маданий – тарихий маркази ҳамда Дашоғуз вилояти тарих музейи, Ашхобод шаҳридаги Туркманистон жамоат ташкилотлари маркази ҳамда Туркманистон давлат маданият маркази музейи, Туркманистон миллий гиламлар музейи, Туркманбоши шаҳридаги Халқаро денгиз порти, «Халк Хакыдасы»  ёдгорлик комплекси фаолияти билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, делегациямиз «Талабалар баҳори» тадбирларида иштирок этиб, фаол туркман ёшлари билан мулоқот қилди. Туркманистон илм-фан кунига бағишланган ёш олимлар кўргазмасида туркман ёшларининг иқтидори ва эришаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилди», дейилади Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид