Жамият | 16:10 / 16.06.2019
2422
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги барча коллежларда «Коррупция – адолат кушандаси» иншолар танлови ўтказилди

Кеча, 15 июнь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида коллежлар битирувчилари ўртасида «Коррупция – адолат кушандаси» мавзусида иншолар танлови бўлиб ўтди.

“Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт” шиори остидаги танловда Навоий вилоятидаги коллежларнинг битирувчи босқич ўқувчиларидан 12 минг нафардан ортиғи иштирок этди.

Танловни ўтказишдан асосий мақсад - ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ёшларни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги мавжуд коррупциядан огоҳлантириш, коррупцион ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун жазо муқаррар эканлигини англатишдан иборатдир.

Акция Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг 2018 йил 7 июндаги 4-сон баённомаси ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ўтказилди.

– Касб-ҳунар коллежларини тугатиб, катта ҳаётга қадам қўяётган 3-босқич ўқувчиларининг онг-у тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, уларнинг бу иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу ёшлар коллежни битиргандан кейин муайян давлат ва жамоат ташкилотларида, меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатиши, ўз ҳаёти давомида коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келиши, бу иллатнинг қурбонига ёки унинг ижрочисига айланиши хавфи бор, – дейди Навоий вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси А.Абдухалилов.

Танлов доирасида ўқувчи-ёшларнинг коррупцияга қарши кураш мазмунидаги “Энг яхши плакат”, “Энг яхши сурат” номинациялари бўйича тайёрлаган ижодий ишлари ҳам намойиш этилди.

Мавзуга оид