Жамият | 08:20 / 16.06.2019
34795
7 дақиқада ўқилади

«Уй талабга жавоб бермайди» — Самарқандликлар «арзон» уйлар қимматлаб кетганидан норози бўлмоқда

Самарқанд шаҳридаги Қорасув маскани «Обод маскан» маҳалласидаги бир гуруҳ фуқаролар ўзлари яшаётган уйларнинг кутилмаганда қимматлашгани ва сифати юзасидан Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.

«Хабарингиз бор, 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш борасида қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорлари асосида «Обод маскан» маҳалласида 32та 7 қаватли арзонлаштирилган уйлар қурилганди. 2017 йил кўрсатилган ва эълон қилинган нарх бўйича бошланғич тўловни амалга оширгандик. Бошланғич тўловни амалга ошираётганда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва «Ипотека банк» Самарқанд вилоят филиали томонидан уйларнинг бир квадрат метри учун 2 850 000 сўм экани тўғрисида эълон чиқарилганди. Уйлар белгиланганидек 2018 йил эмас, 2019 йил қуриб битказилди. Кўпчилик жорий йил баҳорида кўчиб кирди. Ҳаммада энди уйимиз бор деган хурсандчилик эди. Аммо сўнгги кунларда бизга номаълум сабаблар билан уйлар нархи кескин ошиб кетди. Бир квадрат метр учун 3 450 000 сўмгача нарх қўйилмоқда. Банк хизмати билан бундан ҳам кўпроқ. Биз уй учун бошланғич тўловни икки йил олдин тўлаб қўйганмиз. Нарх ошиши сабаби, огоҳлантирилмагани, тушунтириш ишлари олиб борилмагани, бизни шунга лойиқ кўришмагани яна ҳам ачинарли», дейилади мурожаатда. 

Мурожаатни ўрганиш учун борганимизда 40 нафардан зиёд киши тўпланган эди.

Суҳбат давомида маълум бўлдики бошланғич тўлов вақтида уйнинг кўрсатилган майдони ҳам бугун ўзгариб қолган. Айтайлик, ҳокимлик эълонида икки хонали уйлар 60 ва 70,4 квадрат метр деб кўрсатилган. Бугун эса ҳаммада ҳар хил квадрат метрли уй, кимдадир 60, кимдадир 63... Айтайлик, 70 квадрат метрли уй учун бошланғич бадал тўлаган фуқаро бугун 64-65 квадрат метрли уйга эга. Ёки 60 квадрат метрли уй учун бошланғич тўлов амалга оширган М.Ўтаеванинг уйи кўчиб кирганда 54 квадрат бўлиб чиқмоқда. Уй нархи эса шунга мос равишда арзон эмас, аксинча.

Шу тарзда энди уй эгаларининг ойига 1,5 миллион сўмдан, имтиёзли давр тугагач, ойига 4,5 миллион сўмдан тўлов қилиб боришлари керак.

Видео: Youtube

 Видео: Mover (tas-ix)

«Масалан, мен ёлғиз онаман, боқувчим йўқ, икки фарзандим бор, биттасини боғчага беришдан ўзга иложим йўқ. 1 500 000 сўм уй учун ойлик тўлов, болалар боғчаси учун 800 000 тўлов, яшаш ҳам керак. Ўзи Ўзбекистонда бунча харажатларни кўтара оладиган ойлик маош борми? Нимани ўйлаб арзонлаштирилган уйлар нархини кўтаришяпти», дейди «Обод маскан»да яшовчилардан бири.

Аҳоли норози бўлаётган жиҳатлардан бири, бугун хусусий тадбиркорлар уй қуриш учун ерни сотиб олади, у ерда жойлашган ҳовлиларни ҳам сотиб олиб, хонадонларни кўчиради. Харидор эътироз билдирмаслиги учун уй сифатига ҳам жавоб беради. Бу ерда эса, ер тўлиқ давлат томонидан берилган. Қурувчи снос учун бошқа қурувчилар қатори катта маблағ сарфламаган. Яна қатор имтиёзлар бўлгани ҳолда ҳам айтилганидан тор, ҳам айрим хонадонларда сифатсиз ҳам деярли бозор нархи билан тенг «арзон» уй таклиф қилмоқда. Шу масала барчани қийнамоқда», – дейди Ш.Болтаева.

Аҳоли вакилларининг айтишича, асосан уйга эҳтиёжманд оилалар истиқомат қилувчи бу маҳаллада дастлаб давлатга қарашли болалар боғчаси иш бошлаган, фуқаролар фарзандларини бера бошлаган. Аммо бир-икки ҳафта ўтиб бу хусусий боғча ва унинг нархи бир миллион сўмлиги маълум бўлган. Табиийки, шусиз ҳам ойига 1 500 000 сўм уй учун тўлов қиладиган оилалар бунча пулга фарзандини боғчага бера олмайди.

Ўта қиммат хусусий боғчанинг айнан мана шу ҳудудда қурилиши кимнинг ташаббуси билан амалга ошгани номаълум. Бугунги ҳолат шуки, аксарият оилалар ёки фарзандини қаровсиз қолдириб ишга кетади ёки эр-хотиндан бири ишидан воз кечади. Ҳар ҳолда оладиган ойлиги икки фарзанднинг боғча пулига етади ёки йўқ. Бугун болалар боғчасининг бир ойлик нархи бир бола учун 800 000 сўмга туширилган. Аммо оилаларнинг бунга ҳам қурби етмаяпти.

12 июнь куни аҳолининг қурилиш корхонаси вакиллари билан учрашуви оғзаки айтишувга айланиб кетгач, аҳоли билан вилоят, шаҳар ҳокимлиги, қурилиш корхонаси, мана шу қурилишларнинг буюртмачиси бўлган Самарқанд вилоят «Шаҳар қурилиш инвест» ва банк вакиллари иштирокида масалага ойдинлик киритиш режалаштирилганди. Аммо белгиланган вақтда барча аҳоли тўплангани ҳолда бирор бир масъул ташкилот вакили келмади. Саволлар эса очиқ қолмоқда.

Гапнинг индаллоси шуки «Обод маскан» маҳалласи аҳли икки нарсадан қатъиян норози: уй нархи ошиб кетгани ва уйлар сифатсиз қурилгани.

 

Бундан икки ой олдин ҳам шу маскандаги 21-уйда яшовчилар таҳририятимизга мурожаат қилганида бориб, мазкур уй пойдевори ёрилиб кетганига гувоҳ бўлгандик. Аҳвол шу даражада эдики, ёриқдан пойдеворнинг нариги томони кўринарди. Андиша қилибми, фуқаролар ўшанда ҳолатни ёритмай туришимизни илтимос қилишганди. Аммо вақт ўтиб уй қурилишидаги камчиликлар юзага чиқавергани бугун кўпчиликни норози қилмоқда. Эндиликда уйлардаги муҳандис-коммуникация тармоқлари, эшик ва деразалар, деворлардаги камчиликлар, уй ён-атрофининг чўкиши ҳам кўпчиликни хавотирга солган.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради ва юзага келган муаммо юзасидан тегишли идоралардан изоҳ кутиб қолади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

PS: Жорий йилнинг 9 июнь куни сайтимиз орқали Самарқанднинг бошқа бир ҳудудида ҳам худди шунга ўхшаш - «Самарқанддаги «Ёшлар уйи» нархи нега қиммат бўлиб кетди — Уй эгалари бошқалар учун ҳам тўлайдими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Афсуски, бу юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Афтидан, тегишли идоралар аҳолининг ҳақли эътирозларини сукут сақлаб «енгиб ўтмоқчи» шекилли.

Мавзуга оид