Ўзбекистон | 09:00 / 18.06.2019
43593
5 дақиқада ўқилади

ДТМ ОТМларга қабул, ўқишни кўчириш, қайта тиклаш борасида ўзгаришлар ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда маълум қилинишича, энди «олий таълимга киритиб қўйиш амалиётига» мутлақо чек қўйилади. Йўналишлар битта бўлмагандан кейин, абитуриентларнинг бир-бирига ёрдам бериши ҳам чекланади.

«Абитуриент юртимизнинг истаган жойида тест топширяпти. У қаерда, қачон топширишини билмагандан кейин, ёрдам бераман деб уринишнинг иложи йўқ. Бу чора билимли ёшларнинг ўқишга киришини таъминлайди. Олий таълим муассасаси ҳам абитуриент ҳақида билмайди. Эндиликда қабул жараёнларида «манфаат» деган тушунча йўқолади. Шунинг ўзиёқ катта натижа. Ҳозирча қўлимиздан келадигани, тест жараёнларида шаффофликни таъминлаб туриш. ОТМга киритиб қўяман, деганларга ишонманг», — дея Давлат тест маркази бош бошқармаси бошлиғи Барно Ражабовнинг сўзларини келтирмоқда ЎзА.

Брифингда абитуриентлар диққатига яна бир жуда муҳим эълон маълум қилинди: Имтиҳон куни кеч қолган абитуриентлар белгиланган вақтдан кеч қолса, имтиҳонга киритилмайди. Бу қатъий белгиланган тартиб, қоида. Сабаби, икки сменада ташкил этиладиган тест синовлари ўз вақтида, тартибли ва сифатли ўтказилиши керак.

Брифингда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида маълумот берилди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, турк тилини чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар ҳам мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширади.

Эндиликда ОТМларга ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди.

Қуйидагилар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди:

— Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига.

— ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи, қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига асосан.

Шунингдек, киритилган қўшимчалар билан сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача камида 3та фандан ўтказилади. Ёзма имтиҳонлар шифрланган ҳолда текширилади.

Имтиҳонлар бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ келувчи 3та фандан тўпланиши керак бўлган максимал 189,0 баллдан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0дан 100 фоизгача бўлган оралиқда баҳоланади.

Натижалар имтиҳондан кейин 1—3 кунда таълим муассасасининг расмий сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, магистратурага киришда қуйидагилар бекор қилинди:

— магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбат.

— «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича синов.

— Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани бўйича синов.

Магистратурага ҳужжат топширганларнинг TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл бўлганида улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 ва IELTS бўйича камида 5 балл бўлиши керак эди.

Ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Илгари 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар эди.

Олий таълим муассасалари учун белгиланган қабул квоталари таркибида ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул қуйидаги тоифа абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади:

— муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумоти бўйича).

— умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган.

— кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)дан муваффақиятли ўтган.

Мавзуга оид