Ўзбекистон | 17:11 / 19.06.2019
21522
3 дақиқада ўқилади

Кореядаги ўзбек тадбиркори билан бегона юртдаги илк йиллар, қийинчиликлар, тажриба ва бошқа мавзулар бўйича суҳбат

Корея сафарида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири сайт ўқувчиларини бу юртда ишлаётган ўзбеклар, уларнинг яшаш шароити, муҳожирликдаги қийинчиликлар ва бошқа маълумотлар билан таништириб бормоқда.

Навбатдаги мақоламиз Кореянинг Бусан вилояти Кимҳе шаҳрида фаолият юритаётган ўзбек тадбиркори Алишер Муродқулов ҳақида.

Алишер ака деярли 20 йилдан бери Корея республикасида ишлаб келмоқда. Бу юртга оддий турист сифатида борган Алишер Муродқулов у ердаги муҳитни кўргач, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мақсад қилади.

Тадбиркор аввалига машина бутловчи қисмлари олди-сотдиси ва маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланган. Мустақилликдан сўнг, Ўзбекистон ва Корея ўртасида ижтимоий ва иқтисодий келишувлар сони ортгач, йилдан-йилга Кореядаги ўзбеклар сони ҳам кўпаяди. Алишер Муродқулов эса ўзимизда кенг истеъмол қилинадиган, Кореяда топилиши қийин бўлган маҳсулотлар сотиладиган дўконлар ва ўзбек ресторанлари бизнесига киришади.

Суҳбат мамлакатимиз қайси соҳаларда кореяликлардан ижобий тарафларни олиши мумкинлиги, тадбиркорлик соҳасидаги режалари, Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга муносабати ва бошқалар тўғрисида кечди.

«Менинг асосий бизнесим шу ерда. Фарзандларим ҳам шу ерда туғилишган ва шу ерда улғайишмоқда. Менга Кореяда маъқул келган афзалликлардан бири таълим тизими жуда яхши йўлга қўйилган.

Содда қилиб айтсам, туғилган фарзанд мактабгача бўлган даврда (7 ёшгача) икки босқичда тарбияланади. Биринчи босқичда 10 ойликдан бошлаб 5 ёшгача даврда болага фақат тарбия берилади. Яъни, инсонийликдан келиб чиқиб нима қилиш мумкин ва нима қилиш мумкин эмас, барчаси ўргатилади. 5 ёшдан бошлаб 7 ёшгача эса фундаментал билим олишни бошлайди. Корейс алифбоси, рақамлар, қўшиш-айириш ва бошқалар ўқитилади.

Кўпчиликка маълум, Корея атрофи денгиз билан ўралган, намгарчилик юқори ва тез-тез ёғингарчилик бўлиб турадиган мамлакат ҳисобланади. Бу мамлакатда сув тўпланиши олдини оладиган канализация тизими ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Бу жиҳатдан ҳам улардан катта тажриба олиш мумкин.

Чунки, бизнинг шаҳарлар кучли ёмғирларга тайёр эмас. Жуда кўп ёғингарчилик натижасида сув бир жойга тўпланиб қолиши ва ортиқча сув шаҳардан ташқарига чиқиб кетишига хизмат қилиши керак бўлган канализация тизимимиз яхши ишламаслиги кундек равшан», - дейди тадбиркор.

Бундан ташқари, тадбиркор бошқа саволларимизга ҳам ўз жавобларини бериб ўтди.

Юқоридаги видеолавҳада суҳбатни тўлиқ шаклда кўришингиз мумкин бўлади.

Зафарбек Солижонов, журналист

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш