Иқтисодиёт | 10:40 / 19.06.2019
13985
5 дақиқада ўқилади

«Ўзчармсаноат» пойабзал импорти божи бўйича янги таклиф тайёрлади. Иқтисодчи бу лойиҳани «барчани қашшоқлаштирувчи божлар» деб атади

Фото: Аъло Абдуллаев / ЎзА

«Ўзчармсаноат» уюшмаси жамоатчилик ва экспертларни танқидларидан сўнг пойабзалларга импорт божларини ошириш тўғрисидаги Президент фармони лойиҳаси учун янги таклиф тақдим этди.

Regulation.gov.uz сайтига қўйилган дастлабки қарор лойиҳасида «Ўзчармсаноат» импорт қилинган пойабзалларга божхона божи ставкасини 1 июлдан бошлаб 30 фоизгача оширишни ва икки жуфт пойабзал учун 1,5 доллардан 5 долларгача минимал чегирмани таклиф қилганди.

Энди эса уюшма фақат эркаклар пойабзали учун 20 фоизлик ставка белгилашни таклиф қилмоқда (аввал барча пойабзаллар учун тавсия этилганди), минимал чегара эса 3 доллар этиб белгиланмоқда.

«Болалар ва аёллар пойабзаллари бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқадиган бўлсак, бож ставкаси ўзгаришсиз қолиши мумкин», — дейилади хабарда.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси сайтида 15 июнь куни нашр қилинган хабарда қарор лойиҳаси ҳимоя қилинган.

«Бугунги кунда пойабзал маҳсулотлари учун Покистонда 25 фоиз, Туркияда 30-50 фоиз, Вьетнамда 10-20 фоиз, пойабзал саноати ривожланган ва маҳсулотлари бутун дунё бўйлаб сотилаётган Хитойда эса 100 фоиз импорт божи ўрнатилган», – дейилади унда.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов Facebook’даги саҳифасида импорт оёқ кийимларга бож тўлови миқдорининг оширилиши ҳақидаги таклифга муносабат билдирди.

«Агар ушбу ўзгартиришлар соҳага жорий қилинса, сифатли маҳсулот курьерлик хизматлари орқали онлайн буюртмалар, контрабанда ва қора бозорга ўтишини тахмин қилиш қийин эмас. Ва сифатли оёқ кийим учун нархлар кўтарилиб кетади. Шунингдек, истеъмолчи учун танлов имконияти сезиларли даражада қисқаради. Бундан манфаат кўрадиганлар эса маҳаллий оёқ кийим ишлаб чиқарувчилари эмас, балки контрабанда билан шуғулланувчилар бўлади. Ушбу ҳолат божхона, солиқ ва ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам коррупция ривожланишига замин яратади. Бу эса шубҳасиз, давлат бюджетига ҳам катта зарар етказади», — деб ёзади тадбиркор.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам Facebook саҳифасида бу лойиҳага муносабат билдирди.

«Биринчидан, Хитой Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) аъзоси, бу дегани унга аъзо давлатлар учун бож тарифлари ўртача нолга тенг. Иккинчидан, ЖСТга аъзо бўлмаган давлатлар учун ҳам пойабзал божи атиги 12 фоиз. Бундан ташқари Жаҳон банки маълумотларига кўра 2017 йилда Хитойда ўртача бож 3,7 фоиз бўлган. Бу савдо урушини инобатга олганда», – дейди у.

«Ўзчармсаноат»нинг таҳрирланган лойиҳаси ҳам танқидга учради.

«Ўзчармсаноат» ўзини «ҳимоя» қилиш учун, барчамизни қашшоқлаштирувчи божларни қабул қилмоқчи. Энди эркаклар оёқ кийимига божлар 20 фоиз ташкил этаркан. Божлар, бу халқнинг чўнтагидан олинадиган маблағ.

Менга шундай қонунларни халққа «экспортни ошириш учун» деб сотиши кулгили туйилади. Чунки қаранг, бизни ишлаб чиқарувчимиз чет эллик рақобатчиси билан, ўзимизда, ўз ватанида кураша олмасдан, давлатдан «ҳимоя» талаб қилар экан. Чет элликлар эса шунча олиб келиш харажатларини ва солиқларни тўлаб ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчидан арзон сотишяпти экан (агар бундай бўлмаганида бож керакмас бўлар эди).

Энди қандай мўъжиза бўлиши керакки, бизнинг ишлаб чиқарувчи чет элга олиб бориш харажатини, чет эл божини тўлаб уларда рақобатбардош бўла олади? Ўзида рақобатбардош бўла олмаса? Жавоб: бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмайди. Унинг устига, «ҳимоя» бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз учун келажакдаги рағбатларни олиб қўяди. Агар фойда олиш учун, маҳаллий тадбиркорларимиз чет эллик ишлаб чиқарувчидан яхшироқ, арзонроқ, сифатлироқ чиқаришга ҳаракат қилиб келган бўлсалар, эндиликда, божларни ошириш билан шуғулланадилар. Чунки, яхши ишлаш бу машаққат, божларни ошириш эса нисбатан осон. Экспорт, инвестиция, инновацион ривожланиш каби «модний» сўзларни ишлатасиз-да, қарабсанки ҳимоя тайёр.  

Ўзининг маҳалласида ҳаммадан калтак еган бола, жаҳон чемпионатини ютолмаса керак, тўғрими? Энди тасаввур қилинг, маҳалласида ҳеч ким билан курашиш мумкинмас қилиб қўйишди, ёки бўлмаса темир қасқон кийдириб курашишга йўл қўйишди. Эртага қасқон ечилса, калтак ейиши аниқку? 

Энди менга, «катта бўлиб олсин, кейин ютади» деган гапни гапиришингиз табиий. Лекин бир ўйлаб кўрингчи, агар ростдан ҳам бизни пойабзалчиларимиз катта бўлиши билан рақобатбардош бўлиши кафолатланганида, унда маблағ топиш муаммо эмас-ку? Керак бўлса чет элликлар ўзи пул тикарди, агар келажакда фойда олишини билишса. Бозор пул тикмаяптими? Демак, бу нарсанинг келажаги сиз ўйлаганчалик порлоқ эмас», дея ёзади «Iqtisodchi Kundaligi» телеграм канали муаллифи. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид