Жаҳон | 18:40 / 21.06.2019
36027
2 дақиқада ўқилади

«Дрон 150 кишининг ўлимига арзимасди». Трамп Эронга зарба бериш қароридан қайтганини изоҳлади

АҚШ президенти Дональд Трамп америкаликларнинг учувчисиз учиш қурилмаси уриб туширилганига жавобан Эронга зарба бериш қарорини бекор қилганига изоҳ берди. 

Трамп The New York Times нашрида Эронга тўғридан-тўғри ҳужум қилиш варианти кўриб чиқилгани ҳақида берилган хабарни тасдиқлаган.

«Мен бу ҳужум оқибатида қанча одам ҳалок бўлиши ҳақида сўрадим. Бир юз эллик киши, сэр, дея менга жавоб берди генерал. Зарба берилишига ўн дақиқа қолганида мен бу қарорни бекор қилдим, чунки бу уриб туширилган учувчисиз дрон учун номутаносиб жавоб бўларди», — дея ёзган президент твиттерида.

Reuters агентлигининг Эрон ҳукуматидаги манбаси маълумотига кўра, Дональд Трамп Уммондаги воситачилар орқали расмий Теҳронга «турли муаммолар»ни музокаралар йўли билан муҳокама қилиш талабини йўллаган. АҚШ президенти акс ҳолда «тўхтатиб бўлмас ҳужум» билан таҳдид қилган.

20 июнь куни Эрон ислом инқилоби корпуси соқчилари Ҳурмуз бўғозида АҚШга тегишли разведка дрони уриб туширилганини маълум қилди.

Кейинроқ АҚШ бу маълумотни тасдиқлади. Эрон томони уриб туширилган дроннинг модели RQ-4 Global Hawk эканини аниқлади.

RQ-4 Global Hawk дрони нархи 130 млн доллар. Бу типдаги учувчисиз учиш қурилмаси жаҳондаги энг каттаси: унинг қанотлари ҳажми Boeing 737 самолёти қанотларидан катта.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид