Жамият | 16:30 / 21.06.2019
31043
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят почтасининг катта пора билан ушланган собиқ раҳбари 12 йилга қамалди

«Ўзбекистон почтаси» АЖ Самарқанд филиали собиқ директори Шерали​ Умаров юқори турувчи раҳбарларга ва ўзига жами 100 минг АҚШ доллари беришини талаб қилиб, шундан 40 минг АҚШ долларини 2018 йил 22 сентябрь куни ўз хизмат хонасида фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланганди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Ў.Мамадалиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур жиноят бўйича Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 14 февралдаги ҳукмига кўра, Ш.Умаровга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-, 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари, яъни 36.860.000 сўм миқдорида жарима жазоси, Жиноят кодексининг 28-, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2019 йил 18 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи вилоят судининг судьяси Б.Алиқулов, ҳайъат судьялари М.Тўхтаев ва И.Ҳамидовдан иборат таркибда Ш.Умаровга нисбатан чиқарилган ҳукми устидан келтирилган кассация шикоятига асосан жиноят ишини кассация тартибида кўриб чиқилди.

Судлов ҳайъати шикоятдаги важлар суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли, суд ҳукмини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди. 

Мавзуга оид