Ўзбекистон | 19:40 / 21.06.2019
4341
2 дақиқада ўқилади

ШҲТнинг Марказий Осиё барқарорлигидаги ўрни қандай?

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов махсус брифингда ОАВ вакилларига ШҲТнинг минтақа тинчлигидаги аҳамияти ҳақида маълумотлар берди.

– Кўпчилигимиз тинчлигимизни, осмонимиз мусаффолигини эътироф этамиз. Аммо бу қанчалик меҳнат эвазига эришилаётганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ёнгинамизда, бизга бевосита қўшни бўлган давлат — Афғонистонда бир неча ўн йиллардан буён ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бир ҳудудда нотинчлик кузатилса, қуроллар ишга туширилса, тараққиёт ўнлаб йилга орқага кетиши, кейинги беш йил ичида урушлар қайталаниш эҳтимоли юқорилиги исботини топган. Тинчликни йўқотиш жуда осон, аммо тиклаш жуда машаққат. Афғонистонда ҳозир ҳар куни тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлмоқда, 3,7 млн бола мактабга бормайди, уларнинг 60 фоизи қизлардир.

Ана шундай муҳим масалалар ечимида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби йирик ташкилотнинг ўрни жуда катта. Мана оддий мисол – терроризмга қарши ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз натижасида террористик ташкилотларга оид маълумотларнинг умумий банки шакллантирилди. Соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича қатор тадбирлар ташкиллаштирилди. Натижа ҳам салмоқли – ШҲТ котибияти маълумотларига кўра сўнгги тўрт йил ичида 600дан ортиқ террористик ҳаракатлар олди олинди. Террорчиларнинг 500дан кўпроқ базалари йўқ қилинди, 2000 нафардан ортиқ вакиллари қўлга олинди — дея таъкидлади Э. Арипов.

Мавзуга оид