Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоий шаҳридаги «ҳушёрхона» атрофидаги можаролардан нега мутасаддилар ҳушёр тортмаяпти? Маҳалла аҳолисига осойишталик керак
Kun.uz сайтида жорий йилнинг 21 февраль куни «Ҳушёрхона»дан ҳушёр бўлинг: Навоийдаги тинчи бузилаётган бир маҳалла ҳақида» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Навоий шаҳридаги «Бинокор» маҳалласи аҳолиси бир неча йиллардан буён ҳадик ва қўрқувда яшаётгани, бунга эса маҳалладаги аҳоли хонадонлари орасида жойлашган Навоий вилояти наркология диспансерига қарашли «Мастлик ҳолатини аниқлаш хонаси» ва «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти» атрофидаги можаролар ва бошқа салбий ҳолатлар сабаб бўлаётгани ёритилган эди.

Мазкур масканларга ички ишлар ходимлари томонидан ҳайдовчилар спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш учун, маст фуқаролар эса уларга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун олиб келинади.
«Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктига олиб келинган фуқаролар бир неча соат ўтиб шу ердан қўйиб юборилади. Айримлари маҳалла ҳудудининг ҳар жойида ётиб олишади. Бундайларнинг маҳалла ҳудудидан қачон ва қандай ҳолатда чиқиб кетиши аниқ эмас. Ахир, бу пункт уйимиз қаршисида жойлашган. Маҳалла аҳолиси фарзандлари хавфсизлигидан доим хавотирда яшайди. Қолаверса, фарзандларимиз кўча-кўйда юрганда бундай шахсларни турли ҳолатларда кўради. Бу фарзандларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Улар ҳам доим қўрқувда юради. Маҳалла аҳолиси фарзандлари кўчага чиқаришга қўрқади. Бу муаммо бизни бир неча йиллардан буён қийнаб келади. Аввал ҳам ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Аммо масала ижобий ечим топмаяпти», – дея эътирозларини билдирган эди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Назира Раҳимова.
Маҳалла аҳолисининг сўзларини исботловчи суратлар ҳам келтирилганди.


Ўрганишимиз давомида ушбу масала юзасидан «Бинокор» маҳалласи раиси Жобир Мирзаев ҳам ўз фикрларини айтган эди.
«Бу ерга ички ишлар ходимлари томонидан маст ҳолатдаги шахслар олиб келинади. Шу ернинг ўзида турли низолар келиб чиқади. Айниқса, тунда. Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктидан қўйиб юборилган шахслар бир-бирлари билан ўзаро жанжаллашади. Бақир-чақирдан маҳалла аҳолисига тинчлик йўқ. Бу масканларни маҳалла ҳудудидан кўчириш борасида ҳокимият вакилларига бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо бирор фойдаси бўлгани йўқ», – деган эди Мирзаев.

Маълум бўлишича, «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти»га олиб келинган маст ҳолатдаги шахслар ҳолатига қараб 3 соатдан 12 соатгача ушлаб турилади. Зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилиб, кейин қўйиб юборилади. Аммо унинг қаерга кетиши етарлича назорат қилинмайди. Бу эса маҳалла аҳолиси учун хавотирли ҳолатдир.
Маҳалла аҳолисининг эътирозлари юзасидан Навоий шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Иброҳим Қодиров билан ҳам суҳбатлашганимизда, мутасадди бу масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳал этилиши лозимлигини билдирганди.
Афсуски, бу масала Навоий вилояти мутасаддилари эътиборидан четда қолди. Маҳалла аҳолиси эса бизга такроран мурожаат қилди. Такрорий мурожаат асосида ҳолатни қайта ўрганганимизда ҳақиқатан ҳам маҳалла аҳолиси бу муаммо туфайли хавотирда яшаётганига гувоҳ бўлдик. Сабаби, маҳалла кўчаларида маст ҳолатда ухлаб ётган шахсларни кўриш мумкин. Қолаверса, «ҳушёрхона» атрофидаги можаролардан маҳалла аҳолиси безиб қолган. Ҳатто фарзандларини ҳам кўчага чиқаришга қўрқишади.




Ушбу масала юзасидан Навоий шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалар бўйича масъул ўринбосари Иброҳим Қодиров билан такрорий суҳбатлашганимизда бу масала ички ишлар органларига боғлиқлигини айтиб ўтди.
Шу ҳолат бўйича Навоий шаҳар ИИБ бошлиғи Фарҳод Сидиқов билан боғландик.
«Бу масалани ҳал этиш шаҳар ҳокимиятига ҳам боғлиқ. Ҳокимият билан маслаҳатлашган ҳолда бу масала юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрамиз. Ҳолатдан хабаримиз бор, тегишли ишлар ҳам олиб бориляпти. Сизга уч-тўрт кун ичида бу бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берамиз», – дейди Сидиқов.
Аммо масаланинг бошқа жиҳати бор. Маҳалла ҳудудидан бу муассасаларни кўчириш бўйича ишлар амалга оширилгунга қадар маҳаллада нега осойишталик таъминланмаяпти? Нега маҳалла аҳолиси доим хавотирда? Маҳаллада масъул профилактика инспектори ва ёрдамчиси йўқми? Бўлса, нега маст кимсалар маҳалла ҳудудида бемалол юмалаб ётибди?

Бундан кўриниб турибдики, вилоят ва шаҳардаги тегишли ташкилот мутасаддилари, масъуллари маҳалланинг бу муаммосига панжа орасидан қарамоқда. Акс ҳолда, ҳеч бўлмаганда маҳалла аҳолисининг осойишталигини таъминлаб қўйган бўлишарди. Доим ҳадикда яшаётган «Бинокор» маҳалласи аҳолиси эса биздан ёрдам сўрамаган бўлар эди.
Kun.uz тегишли вазирликлар, Навоий вилояти ва шаҳри мутасаддилари бу муаммога жиддий эътибор қаратишига ишонч билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб боради. Зеро, ҳар бир шаҳар ёки туманнинг ободлиги, осойишталиги маҳалладан бошланади. Айниқса, маҳаллаларда аҳоли тинчлигини сақлаш, уларнинг осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш доимо устувор вазифалардан ҳисобланади. Қачонки, маҳаллада хавфсизлик, соғлом турмуш тарзи таъминланса, аҳолиси ҳам хотиржам яшайди.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
09:47 / 17.05.2025
Навоийда вентиляция тармоғи орқали олтин ўғирламоқчи бўлган шахслар ушланди
11:43 / 13.05.2025
Навоийда 55 ёшли аёл ҳужжатларда эркак сифатида қайд этиб келингани аниқланди
11:11 / 06.05.2025
“Тезлик жуда юқори бўлган” – Навоийдаги даҳшатли ЙТҲга изоҳ берилди
18:21 / 09.04.2025