Жаҳон | 08:10 / 23.06.2019
36375
3 дақиқада ўқилади

«Эронни янада кучли қилайлик!». Трамп янги санкциялар ҳақида эълон қилди

Фото: Reuters

АҚШ Эрон билан муносабатларда жиддий қўшимча санкциялар қўллашга тайёрланмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерида Эроннинг ядро дастурига халал бериш мақсадида янги санкциялар киритиши ҳақида маълум қилди. 

Трампнинг айтишича, янги санкциялар 24 июндан киритилади. 

«Биз қўшимча санкциялар жорий этамиз. Нима бўлганида ҳам биз тезроқ ҳаракат қилишимиз зарур», деган Трамп. У янги санкциялар нималарда кўринишига аниқлик киритмаган.

АҚШ президенти Эронга қарши санкциялар тез орада бекор қилиниши, бу эса мамлакатга яна «сермаҳсул ва фаровон давлатга айланишига» имкон беришини ҳам айтган.

«Агар Эрон бадавлат мамлакатга айланишни истаса, мен бунга қарши бўлмайман. Аммо агар улар 5-6 йилдан кейин ядро қуролига эга бўлиш учун ҳаракатларини давом эттиришса бундай бўлмайди», дея қўшимча қилган америкаликлар президенти.

«Келинг, Эронни янада буюк қилайлик», деган Трамп.

Президент янги санкцияларни Эрон раҳбариятининг ядро дастури бўйича режаларига боғлаган. 

15 май куни Эрондан таҳдид хавфи бўлгани сабабли АҚШ армияси ўзининг Ироқдаги ҳарбийларини юқори даражадаги тайёргарликка келтирган эди. Шу куни Эрон ядро дастурига оид Умумий кенг кўламли ҳаракатлар режаси (Joint Comprehensive Plan of Action)да назарда тутилган ядровий дастур бўйича айрим мажбуриятларни бажаришни расман тўхтатган.

Шундан сўнг Теҳрон уранни бойитиш бўйича ишларни давом эттириши ва уни четга сотиши, шунингдек, Арак шаҳрида жойлашган оғир сувда ишлайдиган реактор модернизациясини тўхтатиши мумкин. Эрон раҳбарияти агар битимнинг бошқа иштирокчилари 60 кун мобайнида келишув шартларига эришмаса, шундай йўл тутишини маълум қилган.

17 июнь куни расмий Теҳрон бойитилган уранни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, май-июнь ойларида бу икки мамлакат ўртасидаги зиддият янада кучайди. 13 июнь куни АҚШ Эронни Уммон кўрфазидаги танкерларга ҳужум қилишда айблади.

20 июнь куни АҚШ томонидан террорчилик ташкилоти деб эълон қилинган Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси америкаликлар дронини уриб туширганини эълон қилди. Америкалик ҳарбийлар RQ-4 Global Hawk русумли учувчисиз учиш қурилмаси Ҳурмуз бўғози устида ҳаракатланаётганида уриб туширилганини тасдиқлади.

21 июнь куни New York Times нашри Оқ уйдаги манбасига таяниб, дрон йўқотилишидан кейин Трамп ҳарбийларга Эрондаги позициялар бўйлаб ракета зарбалари беришга буйруқ бергани, аммо кейин ҳужумга 10 дақиқа қолганида қарорини бекор қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Мавзуга оид