Ўзбекистон | 08:43 / 23.06.2019
110124
7 дақиқада ўқилади

Узунда пенсия ёшидаги ўқитувчини собиқ ўқувчилари калтаклашди: жабрдийда зўравонлар жазоланишини истамоқда

Сурхондарё вилоятининг Узун тумани Чақар қишлоғида истиқомат қилувчи Мунаввара Ҳасанова таҳририятимизга мурожаат қилиб, ўзи дуч келган адолатсизлик ҳақида сўзлаб берган.

Kun.uz мухбири Узун туман тиббиёт бирлашмасига бориб, Мунаввара Ҳасановадан хабар олди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 8 июнь куни 35 йилдан буён тумандаги 20-умумтаълим мактабида инглиз тилидан сабоқ бериб келаётган пенсия ёшидаги М.Ҳасановани аёвсиз калтаклашган. Унинг ўзи бўлган воқеани шундай ҳикоя қилиб берди:

«Мен тўрт фарзанд — уч ўғил ва бир қизнинг онасиман. Барчасига тўғри тарбия бериб олий маълумотли қилдим. Ҳалол пул билан уларни олийгоҳларда контракт асосида ўқитдим. Бу йўлда оиламиз билан рўзғор тебратиш учун уйимиздан кичикроқ дўкон очиб, юритдик. Лекин қарийб олти ойдан бери дўконни ишлатмаяпмиз. Янгисини, замонавийроғини қуряпмиз», — деди М.Ҳасанова.

8 июнь куни кечқурун соат 22:00лар атрофида биз билан истиқомат қиладиган ўғлим Музаффар Ҳасановни шу қишлоқда яшовчи Ж. ва С. исмли икки йигит чақириб, «арақ топиб берасан», деб бўғиб олишади.

«Шовқинни эшитиб, отаси билан мен югуриб чиқдик. Қарасам — ўзимнинг собиқ ўқувчиларим экан. Мени кўриб ўқитувчиси эканимни, она эканимни, аёл эканлигимни англаб қўйиб юборишар, дея уларни ажратишга тушдим. Қаёқда! Улар миллатимизни камситиб, «татарлар» деб ҳам ҳақорат қилишди. Шу орада қаеримдан зарба еганимни ҳам билмайман. Кўзим тиниб, ўзимдан кетиб қолибман. Орадан анча вақт ўтиб, қўни-қўшнилар қуршовида ўзимга келдим. Кўзимни очолмасдим», — деди М.Ҳасанова.

Бўлиб ўтган воқеаларни унинг ўғли Музаффар Ҳасанов ҳам тасдиқлади.

«Вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекциясида Узун тумани инспектори бўлиб ишлайман. Ўша куни дарвоза тақиллаб қолди. Шу пайтда маҳаллий телеканаллардан бирида бизнинг ишхона ҳақида лавҳа кўрсатишаётган эди. Шунга бироз ҳаяллаб чиқдим. Чиқсам ҳамқишлоқларимиз — Ж. ва С. исмли йигитлар. Иккиси ҳам маст экан. «Нега чақирганда тезроқ чиқмайсан?» — дейишди. Кейин «ароқ топиб бер», дейишди. Мен дўконимизда ароқ сотилмаслиги, умуман, 6 ойдан буён ишламаётганимизни айтдим. Шундан сўнг сўкиниб, ҳақоратлаб, мени бўғиб олишди. Онам шовқинни эшитиб, ажратиш учун келганида, уни Ж. мушт билан уриб юборди».

Мунаввара Ҳасанова эса биз унинг ҳузурига борган 14 июнь куни ички ишлар органлари зўравонларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаётганидан шикоят қилган эди. Маҳалла инспекторини эса воқеага бефарқ муносабатда эканликда айблади.

«Мен 35 йилдан буён болаларга инглиз тилидан дарс бериб келаман. Қизим ҳам менинг касбимни танлади — ҳозир у инглиз тили ўқитувчиси. Хуллас, шу давлат учун ҳалол меҳнат қилдим. Олий тоифали ўқитувчиман. Қилган хизматларимга давлат орден ёки медал бериш ўрнига зўравонлар кўзларимни кўкартиришди. Менга жуда алам қиляпти», — деди Мунаввара Ҳасанова.

Биз Узун туман шошилинч тез тибиий ёрдам бўлими врач-травмотологи Исмоил Зиёдуллаевни саволга тутиб, беморга нисбатан касаллик тарихи очилгани-ю, ички ишлар бўлимига хабар берилгани масалаларига қизиқдик.

— Мунаввара Ҳасанова 8 июнь куни соат 23:30да жароҳат пунктимизда қайддан ўтган. Навбатчи врачларимиз томонидан қабул қилиниб, даволаш бўлимига ётқизилган. Зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилган. Олинган тан жароҳати жанжал билан боғлиқ бўлгани сабабли, беморга тегишли ҳодиса ички ишлар билан боғлиқ журналга қайд қилинган ва ички ишлар бўлимига хабарнома жўнатилган. Айни кунда бемор тез тиббий ёрдам бўлимида ётиб даволанмоқда. Беморга қўйилган ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, иккала кўз қовоқларида қонталаш, пешона соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ва тери ости гематомаси.

Чиндан ҳам Узун ТТБ умумий қабулхона бўлимининг жароҳат пункти, ички ишлар бўлими билан биргаликда қайд қилиш жадвалида М.Ҳасанованинг жароҳати қайд этилган ва 9 июнь куни Туман ИИБ ходими О.Мусурмонов томонидан хабарнома олингани имзоланган.

Биз воқеа юз берган қишлоққа бордик. Мунаввара Ҳасанованинг уйи шундоққина маҳалла фуқаролари йиғини рўпарасида экан. Энг қизиғи, шу жойда жамоатчилик назорат маскани ташкил этилган бўлиб, айнан кечки соатларда ички ишлар органлари ходимлари ё маҳалла посбонлари томонидан навбатчилик олиб борилиши керак бўлган.

Маҳалла фуқаролари йиғинининг янги сайланган раиси ўқишда бўлгани сабабли, маҳалла масъул котиби Зулфиқор Қосимовдан бўлиб ўтган воқеалар хусусида қисқача тушунтириш олдик.

— Мен воқеа юз берган куни Термизда эдим. Эртаси куни келиб хабар топдим. Шифохонага бориб, бемор ҳолидан хабар олдим. Онахонга озор етказган маҳалладошлар билан ҳам гаплашдим. Улар мастлик оқибатида бу ишни қилишганини айтишди, тушунтириш ишлари олиб бордик. Улар қилган қилмишларидан ниҳоятда пушаймонлигини айтишди. Лекин бу воқеа устида қандайдир тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганидан бехабарман.

Биз Узун туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Анвар Нормаматов ҳузурида бўлиб, бўлиб ўтган воқеаларга изоҳ олдик:

— Ариза қабул қилинган. Ҳаммаси керакли тарзда расмийлаштирилган. Иш очилган. Бизда бундай жиноятлар-у, маъмурий ҳуқуқбузарликларни яшириш ҳолати йўқ. Чунки ҳамма ишни прокуратура назорат қилади. Жавоб берамиз. Шунчаки, мазкур ҳолатда маҳаллага бириктирилган профилактика инспектори Ўрол Тоғаев Термизда қисқа муддатли ўқишга жўнаб кетган. Шу сабабли, бемордан хабар ололмаган. Иш қонунчиликда ажратилган 10 кунлик муддатда ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилади.

Мунаввара Ҳасанованинг уч нафар барваста ўғиллари бор. Уларнинг икки нафари Тошкентда ишлашади. Уларга ҳам бўлиб ўтган воқеалар алам қилмоқда. «Бизга ҳам онасини кимгадир урдириб қўйибди, деган гапни кўтариб юриш оғир. Биз зўравонларни қандай қилиб тийиб қўйишни биламиз. Лекин улар қонуний жазосини олишини истаймиз», дейишди улар.

P.S. Ушбу мақола эълон қилиниши арафасида М.Ҳасановага яна бир бор телефон қилдик. Унга шифохонадан 21 июнь куни жавоб берилган. Шишлар ҳали қайтмагани, уйда амбулатор тарзда даволанишни давом эттираётганини маълум қилди. Лекин зўравонларга ҳануз бирор чора кўрилмаганини, ҳамма умиди биздан эканини ҳам синиққина қистириб ўтди.

Kun.uz мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги ҳамда ва Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармасидан маълумот кутиб қолади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид