Ўзбекистон | 16:30 / 26.06.2019
96778
5 дақиқада ўқилади

«Қодиров иши». Собиқ бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов 19 йилга қамалди

Бугун, 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Юнусобод туман суди биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди

Суд ҳукми билан, 2000-2015 йилларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларда ишлаган Мирағлам Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Азиз Мусашайхов, Улуғбек Хуррамов, Юсуф Ғоипов, Абдурашид Мирзаев, Муҳаббат Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг «а» банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг «а» банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс)нинг 19-моддаси, шунингдек «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун собиқ бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов 19 йилга, МХХнинг (ҳозирги ДХХ) Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев 15 йилга, Бош прокуратура ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Жамшид Файзиев 13 йилга, Тошкент шаҳар прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Азиз Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Қолган судланувчиларга (Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаев, унинг рафиқаси, «Юнусобод адвокатлар коллегияси»си собиқ раҳбари Муҳаббат Мирзаева, Мирзаевнинг жияни, МХХ Тошкент вилояти бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев, Тошкент вилояти прокурорининг собиқ ўринбосари Юсуф Ғоипов, Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатов) ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Мирағлам Мирзаев, Абдурашид Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Юсуф Ғоипов ва Улуғбек Хуррамовни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.

Судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди. 

Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.

Суд ҳукми эълон қилингач раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.

Маълумот учун, Жамшид Файзиев ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган. Муқаддам бош прокурор ўринбосари бўлган Файзиев 2013 йил 19 мартида шу лавозимга тайинланиб, 9 ой ишлагач, йил охирида, 25 декабрда Тошкент вилояти прокурорлигига ўтказилганди.

Улуғбек Суннатов 2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари бўлган, 2017 йил кузида Тошкент вилоятига Жамшид Файзиев ўрнига прокурор этиб тайинланган, аммо 2018 йил январида ишдан кетганди.

Бундан аввалроқ собиқ бош прокурор Рашид Қодиров 10 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид