Жамият | 18:40 / 26.06.2019
65613
3 дақиқада ўқилади

СамДУ ректори: «Тамагирлик қилаётган ўқитувчини ишдан бўшата олмайман, тизим шунақа»

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистонда олий таълимни ривожлантириш борасидаги барча ҳаракатлар айнан сифатга қаратилган бўлиши керак. Чунки ўтган 30-40 йилда ўтказилган ислоҳотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, кўрилган чоралар кутилган сифатни таъминлаб бера олмади.

Бугун, 26 июнь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида сўз олган Самарқанд давлат университети ректори – техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродов ана шундай фикр билдирди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, СамДУ раҳбари таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлаётган икки асосий муаммога тўхталиб ўтган.

«Менинг ўзимнинг бу масалада дунёқарашим бор. Айтайлик, бир поезд бор. Биз 30-40 йилдан бери поезднинг ҳар битта вагонини итариб, тортмоқчи бўляпмиз. Локомотиви эса турибди. Назаримда, иккита асосий локомотив бор. Уларни силжитиш оғир. Балки шунинг учун уларга қўл урмаётгандирмиз.

Биринчи локомотив – талабани мустақил билим олишга ундайдиган механизм киритилиши керак. Бу дегани имтиҳон тизими мустақил, адолатли ва шаффоф бўлиши керак, биз бераётган вазифалар билан талаба кутубхонага, интернетга мурожаат қилиши, билим кавлайдиган даражага келиши керак. Яъни талабани фаоллаштиришимиз керак.

Баррикаданинг иккинчи томонида ўқитувчи турибди. Ҳозиргача мавжуд ўқитувчини ишга қабул қилиш ва бўшатиш, унинг иш муддатини узайтириш тизими унинг фаоллигини таъминламайди. 40-50 йиллик тажриба шуни кўрсатяпти. Бу кеча бошланган жараён эмас, ўртоқлар.

Тамагирлик билан шуғулланаётган, дарсининг сифати бўлмаган муаллимдан мен ректор сифатида қутула олмайман. Расман олганда, қўлимда қоидалар бор. Лекин бу қоида, кечирасиз-у, сичқонни ўлдириш учун оғзига дори солиш керак, уриб ўлдириш керак, деганга ўхшаган тизим бор, ўртоқлар.

Ректор 2-3та бўлмағур муаллимдан қутулиш учун ярим умрини сарфлаши керак.

Бу масалада, ўйлайманки, шартнома тизимини жорий этиш керак. Ўқитувчини бир йилга ишга оламанми, уч йилгами, муаллим билиши керак – йил якуни бўйича ёки уч йил якуни бўйича уни фаолият сифатлари талабга жавоб бермаса, шубҳасиз, судга бермай, порталга мурожаат қилмай, касаба уюшмасига бермай, кетиши керак.

Ўшандагина муаллимда масъулият пайдо бўлади. Худога шукр, ҳозир маошлар ошди. Энди сўрасак бўлади. 1 сентябрдан профессорим 9 млн олади, пенсионери 11 млн олади», – деди Рустам Холмуродов.

«Шу иккита локомотивни ишлата олсак, кейин аста-секин халқаро Болонья жараёни деймизми, бошқа нарсалар деймизми... Бизда сифатни кўтаришнинг оддий, жайдари муаммоси турибди. Юқори материяга ҳали анча йўлимиз бор, ўртоқлар», – дея таъкидлади СамДУ ректори.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ОТМларида ректорларни сайлаш тизимини жорий этиш кераклигини таъкидлагани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид