Ўзбекистон | 14:58 / 27.06.2019
80789
9 дақиқада ўқилади

Рашид Қодиров ва бошқаларга суд ҳукми ўқилди. Отабeк Муродов ва Ихтиёр Абдуллаев иши эса давом этмоқда

2019 йил 26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Юнусобод туман суди биносида Ўзбекистон Республикасининг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Қарийб олти ой давом этган, Ўзбекистон Республикаси ЖПК (жиноят-процессуал кодекс) нинг 19-моддаси, шунингдек «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодировни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилган.

Судланувчилар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди. 

Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров 2018 йил февралида қўлга олинган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.

Суд ҳукми билан, 2000-2015 йилларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларда ишлаган Мирағлам Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Азиз Мусашайхов, Улуғбек Хуррамов, Юсуф Ғоипов, Абдурашид Мирзаев, Муҳаббат Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун собиқ бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов 19 йилга, ДХХ нинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев 15 йилга, Бош прокуратура ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Жамшид Файзиев 13 йилга, Тошкент шаҳар прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи Азиз Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Улуғбек Суннатов

Қолган судланувчиларга (Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаев, унинг рафиқаси, «Юнусобод адвокатлар коллегияси»си собиқ раҳбари Муҳаббат Мирзаева, Мирзаевнинг жияни, МХХ Тошкент вилояти бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев, Тошкент вилояти прокурорининг собиқ ўринбосари Юсуф Ғоипов, Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг собиқ бошлиғи Рамазон Пўлатов) ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Мирағлам Мирзаев, Абдурашид Мирзаев, Жамшид Файзиев, Улуғбек Суннатов, Рамазон Пўлатов, Юсуф Ғоипов ва Улуғбек Хуррамовни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.

Маълумот учун, Жамшид Файзиев ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган. Муқаддам бош прокурор ўринбосари бўлган Файзиев 2013 йил 19 мартида шу лавозимга тайинланиб, 9 ой ишлагач, йил охирида, 25 декабрда Тошкент вилояти прокурорлигига ўтказилганди.

Улуғбек Суннатов 2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари бўлган, 2017 йил кузида Тошкент вилоятига Жамшид Файзиев ўрнига прокурор этиб тайинланган, аммо 2018 йил январида ишдан кетганди.

21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлиси вақтида чиқиш қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари фаолияти тўғрисида гапириб ўтган эди.

Шавкат Мирзиёев cобиқ бош прокурорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида гапирар экан, раҳбарлардан «100 минг, 50 минг доллар» миқдорида пуллар олингани ҳақида айтиб ўтган эди.

«Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан. Мен Муродовга ишонч билдиргандим. Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да! Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади», дeб таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.

Отабeк Муродов

Шунингдек, давлат раҳбари агар шу кетишда бўлса, прокуратура тизими қисқартирилишини ва кўплаб ваколатлар Адлия вазирлигига берилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Отабек Муродов 2018 йилнинг январида ДХХ раҳбарлигига ўтган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига бош прокурор бўлганди. 2019 йилнинг 20 июнида у лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланди.

Қайд этиш керакки, бу сўнгги 4 йил давомида тўртинчи марта Ўзбекистон бош прокурори ўзгариши бўлди. 2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Абдуллаев 2017 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллагач, унинг ўрнида Отабек Муродов иш бошлаганди. Айни вақтда собиқ бош прокурор - Ихтиёр Абдуллаевга қарши жиноий иш очилган, ҳозирда тeргов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид