Ўзбекистон | 21:32 / 29.06.2019
14710
3 дақиқада ўқилади

Франция ҳарбий атташеси: яқин келажакда снайперлар соҳасида Ўзбекистон бутунлай мустақил бўлади 

Ўзбекистон-Франция снайперлари ҳамкорликдаги машғулотлар якунида Франция қуролли кучлар вазирлигининг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси подполковник Жан-Мари Хольтцингер Ўзбекистонда икки йилдан буён ўтказилаётган “Снайпер кундалиги” дастури ва мазкур соҳанинг истиқболи ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов хабар берди.

- Дунё харитасига қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош. Ушбу давлатнинг шимолига тўғри келадиган айрим ҳудудларда террорчи кучлар ҳаракатлари кузатиляпти. Шунинг учун Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳар доим терроризмга қарши курашишга қобилиятли бўлиши керак, нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё учун, – дейди ҳарбий атташе подполковник Жан-Мари Хольтцингер. – Ўзбекистонда икки йилдан буён “Снайпер кундалиги” дастури бўйича ҳамкорликда машғулотлар олиб борилмоқда. Жами 24 нафар қатнашчидан 8 нафари учинчи босқичга муваффақиятли ўтди. Бу нормал ҳолат. Улар учинчи босқичдан сўнг снайпер тайёрлаш бўйича ўзбек армиясининг илк йўриқчилари бўлади. Яқин келажакда снайперлар соҳасида Ўзбекистон бутунлай мустақил бўлади. Мазкур машғулотни ташкил этиш бўйича хориж легионларида, жанговар ҳаракатларда қатнашган илғор мутахассисларни жалб қилганмиз. Биз бошқа мутахассислик бўйича ҳам Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий ҳамкорлик қилишни мақсад қилганмиз. Мен яна бир бора хориж легион вакилларига ташаккур билдирмоқчиман.

Ушбу ҳамкорликдаги машғулотларда янгилик сифатида икки кишилик снайпер гуруҳлар (ҳозирга қадар ўзбек армиясида бир снайпер ҳаракатини кузатиш мумкин) ҳаракати, кўриш ёмон бўлган шароитда автомобиль, бино ортидан ҳужумга ўтиш, ҳаттоки объектга яқинлашиб, яқин масофадан тўппончадан отиш машқларини бажариш каби амалларни кузатиш мумкин.

Бундан ташқари, отилган ўққа таъсир этувчи шамол, ҳаво ҳарорати, порох зарядининг зичлиги ва нишонгача бўлган масофани аниқлаш каби масалалар янги формулалар асосида (одатда бизда эскича формулалар мавжуд) ҳисобланди. 

Шундай қилиб, Марказий ҳарбий округидаги “Фориш” тоғ полигонида Франция Қуролли кучларининг элита(махсус вазифаларни бажарувчи) 13 ярим бригадасининг ҳарбий хизматчилари капитан Жан-Гама Тоер, катта сержант Лаша Сулакаури ҳамда Миксил Кокашвили томонидан ўзбек снайперларига 2019 йил ҳисобидан иккинчи босқич тайёргарлик синовлари ўз якунига етди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид