Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғиждувонлик тадбиркор муаммоси ортидан ДСИ мансабдорларига жиноят иши очилди. Солиқ қарзи низоси Олий судда кўрилади
Kun.uz сайтида жорий йил 4 июнь куни «Ғиждувонлик тадбиркор хорижлик ҳамкордан айрилди ва катта миқдорда жарима тўлади. Солиқ идоралари айбдорми?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Журналистик суриштирувда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги «Жамшид транс йўл» МЧЖ раҳбари О.Атоевнинг солиқ идораларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли катта зарар кўргани, адолат тополмаётгани, ушбу масала бир неча бор турли судларда кўрилгани, тадбиркор ҳақлиги ёритилган эди.

Маълум бўлишича МЧЖ ҳисоб рақами ноқонуний ёпиб қўйилгани учун тадбиркор катта зарар кўрган ва хорижлик ҳамкоридан ҳам айрилган.
Тадбиркор О.Атоев солиқ идораларининг мансабдор шахслари ноқонуний хатти-ҳаракатларига қонуний чора кўрилиши, етказилган зарар ундириб берилишини истамоқда.

Ушбу иш 2019 йил 17 июнь куни Вобкент туман маъмурий суд томонидан кўриб чиқилди. Суд Ғиждувон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи И.Ҳожиевнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 192-3-моддаси 3-қисмининг «а» бандида кўрсатилган (Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларини қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш) жиноят аломатлари бор, деган хулосага келган. Суд шу сабабли маъмурий иш ҳужжатларини Ғиждувон туман прокуратурасига юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман прокурори Ш.Шодиев билан суҳбатлашдик. Туман прокурорини маълум қилишича, «Жамшид транс йўл» МЧЖ ҳисоб варақлари операциялари қонунга хилоф равишда тўхтатиб қўйилгани ҳолати юзасидан қўшимча терговга қадар текширув олиб борилган. Текширув натижаларига кўра, Ғиждувон туман ДСИ мансабдор шахсларига нисбатан 2019 йил 29 июнда жиноий иш қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тадбиркор О.Атоев томонидан асоссиз дейилаётган «Жамшид транс йўл» МЧЖга нисбатан ҳисобланган 793 миллион 424 минг 800 сўм солиқ қарзи бўйича низо давом этмоқда.
Бу низо дастлаб 2019 йил 8 февралда Ғиждувон туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилган. Суд даъвогар туман ДСИнинг даъвосини қисман қаноатлантириб, «Жамшид транс йўл» МЧЖдан Республика бюджетига 26 миллион 880 минг 100 сўм даромад солиғи ундириш ва даъвонинг қолган қисми рад этиш бўйича қарор қабул қилган.

Ушбу низо 2019 йил 27 март куни Бухоро вилоят иқтисодий суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилган ва Ғиждувон туманлараро судининг 2019 йил 8 февралдаги қарорини ўз кучида қолдирган. Ғиждувон туман ДСИнинг апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Бу масала айни вақтда Ўзбекистон Олий судида кўриб чиқилиши арафасида. Тадбиркор адолат қарор топишини истамоқда.
PS: Мақолада келтирилган ва масалага доир барча ҳужжатлар нусхалари таҳририятда мавжуд.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:43 / 03.05.2025
“10 марта такрорлаб, эслаб қоламан” – 205 та давлат пойтахтларини ёддан биладиган 8 ёшли Шукрона
10:57 / 23.01.2025
Бухорода 33 ёшли аёл туғуруқхонада вафот этди
20:43 / 27.12.2024
Бухоро вилоятида зилзила содир бўлди
12:33 / 13.12.2024