Ўзбекистон | 10:40 / 01.07.2019
69935
3 дақиқада ўқилади

1 июлдан сиртқи таълимга қабул бошланди 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда бугун, 1 июлдан сиртқи таълимга ҳужжатлар қабули бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига киритилган қўшимчалар билан сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, ҳарбий тавсиянома учун 5 фоизли квота белгиланган. Сиртқига топшириш учун иш стажи шарт эмас. Хоҳ мактабни, хоҳ коллеж-лицейни тугатибоқ, сиртқи йўналишга ҳужжат топшириш мумкин. Кўпчилик буни махсус сиртқи билан адаштирмоқда.

Сиртқига ҳужжат топшириш учун иш жойидан тавсиянома ҳам шарт эмас. Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади. Абитуриентлардан паспорт ва диплом талаб қилинади (агар имтиёз бўлса, уни тасдиқловчи ҳужжат). Кириш имтиҳонлари ҳар йили 16 августдан 25 августгача бўлган муддатда ўтказилади. Имтиҳонлари камида 3 та фандан муайян таълим йўналишида ўқитиш тилида ўтказилади. Имтиҳонлар тест ёки касбий (ижодий) ва ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади. Қайси ОТМда тест бўлади, қайси бирида ижодий имтиҳон бўлади, буниси Давлат қабул комиссияси томонидан олдиндан тасдиқланади.

Тест синови ДТМ томонидан катта павильонларда ўтказилади, касбий (ижодий) ва ёзма имтиҳонлар эса ОТМнинг ўзида бўлади. Сиртқи таълим шаклига ҳам барча имтиёзлар ўтади (ҳарбий тавсиянома олганларга, ногиронлиги бўлганларга, ҳарбийларнинг фарзандларига ажратиладиган алоҳида квоталар, чет тили сертификатлари ва ҳ.к.). 

Сиртқи таълимда ҳам учта йўналишни танласа бўлади, фақат учала йўналиш ҳам сиртқи бўлиши шарт. Кириш имтиҳонлари топшириқлари умумий ўрта (11-синф негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими фанларининг ўқув дастурларига мувофиқ тузилади. Спорт фанлари бўйича имтиҳонлар топшириқлари абитуриентларнинг алоҳида тоифалари учун (жинси ва ёши бўйича) белгиланган меъёрий талабларга мувофиқ тузилади (масалан, 18 ёшли абитуриентнинг норматив талаби билан 40 ёшли абитуриентга қўйилган талаб фарқ қилади).

29 августга қадар имтиҳон натижалари эълон қилинади ва абитуриентларни талабаликка тавсия этиш тўғрисида ОТМ ректорининг буйруғи чиқарилади.

Мавзуга оид