«Фарғона тонг отгунча...» ёки фермернинг арз-додлари ўзига «тўқмоқ» бўлиб қайтгани ҳақида
Фарғона вилояти, Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалигидаги мавжуд муаммолар ҳақида мақолалар эълон қилганимиздан кейин туман ҳокимлиги зарур чораларни кўриб, аҳволни ўнглашга ҳаракат қилади, деган умидда эдик. Аммо...
Келинг, аввало, ҳаммасини бир бошдан қисқача эслаб ўтайлик.
«Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноб Қосимов 2018 йилда банкдан катта миқдорда кредит олиб, Германиядан 99 бош наслли қорамол харид қилган. Бу қорамоллар Қўштепа туманига етиб келгач, фермер ҳақида телевидение, даврий ва интернет нашрларида хабарлар тарқатилган. Ўша кунлардаги мақтов ва олқишлардан туман раҳбарлари ҳамда соҳа мутасаддилари ҳам бенасиб қолишмаган. Улар мазкур эзгу ишни аллақачон манзилли дастурга киритиб қўйишган эди. Шу боис фермер хўжалигига озуқа етиштириш учун ер майдони ажратилса мақтов устига мақтов ёғилган бўларди. Бироқ бечора фермер негадир ўзи кутган муносабат ва муомалага лойиқ кўрилмади. Гап шундаки, мутасаддилар унга ер майдони ажратиб беришни аввалига пайсалга солишди, охири унинг «овози» шу билан ўчса, ўча қолсин, дегандек, ҳосил олишга ўта нобоп ерни «тортиқ» қилишди. Ўртача бонитети 43 балл бўлган жами 59,8 гектар ерни улар жуда ҳосилдор ва суғоришга қулай, деб мақташдан уялишмади.
Ҳолбуки, ўша ерда аввалги йилларда деҳқончилик қилган «Муаттар замин зийнати» ҳамда «Қўштепа Бувайда ҳамкори» фермер хўжаликлари пахта ва ғалладан кўзланган ҳосилни ололмасдан куйиб адо бўлишган экан. Хусусан, 2017 йилда «Муаттар замин зийнати» фермер хўжалиги «ҳосилдор» ердан 42,7 тонна ўрнига зўрға 11,3 тонна пахта олган. «Қўштепа Бувайда ҳамкори» эса 2018 йилда 28 тонна ўрнига зўр-базўр 9,8 тонна пахта олган холос.
Бундай рақамлар чорвадор фермерга ажратилган ер майдонининг нақадар «ҳосилдор» эканидан далолат бериб турибди. Буни туман мутасаддилари ҳам яхши билишарди. Лекин нимагадир туман ҳокимлиги захирасида бошқа ер майдони мавжуд эмасдек, ўша ерни Абдуманноб Қосимовга «ўтказиш»га ҳаракат қилаверишди. У эса вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қабулигача борди. Вилоят раҳбари Қўштепа тумани ҳокимига мазкур фермер хўжалигининг мавжуд ғалла майдонини чорвачиликка ўтказиш ҳақида тегишли топшириқ берди. Вилоят ҳокимининг бу топшириғи бажарилганида кейинги машмашалар умуман келиб чиқмасди. Бироқ туман ҳокими И. Новиков ўз билганидан қолмади ва «Хоҳласангиз шу, акс ҳолда ерни ташлаб, қорамолларни олиб кетаверинг» деган маънода аввалги фикрида қатъий туриб олди.
Бу ҳолат нималарга олиб келди?
«Олимбой ҳожи» фермер хўжалигига тегишли бўлган 36 бош қорамол озуқа етишмаслиги натижасида нобуд бўлди. Уларнинг ҳар бири 2 минг 70 евродан харид қилинган эди. Фермер қанча зиёнга ботганини чамалаб кўрдингизми?
Энди бу ёғини эшитинг. Абдуманноб Қосимов зора аҳвол ўзгариб қолса, деган умид билан Kun.uz интернет нашрига мурожаат қилди. Биз масаланинг моҳиятини ўрганиб, таҳлилий-танқидий руҳдаги мақолаларни сайтимизда эълон қилдик. Зотан, бугунги кунда тадбиркорларни, хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйишга уринаётган фермерларни қўллаб-қувватлаш барчамизнинг олдимизда турган муҳим вазифадир. Муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари бу борадаги эзгу ишларга бош-қош бўлмоқдалар. Шу боис Қўштепа тумани ҳокимлиги ҳам фермернинг ҳолатини тўғри тушуниб, вазиятни ўнглашда ёрдам беради, деб ўйлагандик. Афсуски, ҳаммаси бунинг тескариси бўлиб чиқди. Яъни, туман ҳокими И. Новиков тадбиркор фермернинг оғирини енгиллатиш учун енг шимариш ўрнига унга босим ўтказишга киришиб кетди. Текшир-текширлар бошланди. «Пичоққа илинадиган» айб топилмагач, шахсан туман ҳокимининг ўзи фермер устидан маъмурий судга арз қилди! Унинг ёнига қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Эркаёр Ғофуров ҳам қўшилди. У фермер устидан арз қилиб, «туҳмат орқали менинг шаънимни ерга урди», деган даъво билан чиқди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра, била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш туҳмат ҳисобланади. Мазкур кодекснинг 41-моддасига кўра, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ҳақорат саналади.
Саволлар туғилади:
1-савол: Туман ҳокими И. Новиков тадбиркор-фермернинг ер майдони тўғрисидаги ҳақли эътирозлари ва арз-додларига умуман қулоқ солмаган. Мавжуд ҳолат ҳақида таҳлилий-танқидий мақолалар нашр қилингач, дарров фермернинг «танобини тортиб қўйиш» йўлларини излаган. Унга босим ўтказилган, тумандаги турли идоралар фермер хўжалигининг молиявий фаолияти юзасидан тўсатдан текширувлар бошлаб юборишган. Бу билан қаноатланмаган туман ҳокими охири ўйлай-ўйлай маъмурий судга даъво қилган. Ҳолбуки, у фермер тушиб қолган ўта оғир вазиятни пухта ўрганиб чиқиб, унга ёрдам кўрсатиш, оғирини енгиллатиш чораларини кўриши керак эмасмиди? Ахир фермернинг ҳар бири 2070 еврога сотиб олинган 36 бош қорамоли нобуд бўлди-ку?! Бундай аянчли ҳолатга бефарқ қараган, томошабин бўлиб турган ҳоким қандай баҳога лойиқ?
2-савол: Туман ҳокими ўринбосари Эркаёр Ғофуров даъво иши кўриб чиқилган маъмурий суд мажлисида фермер хўжалигининг ачинарли ҳолати ҳақидаги танқидий мақолалар ўзининг келажагига салбий таъсир ўтказишини алоҳида таъкидлади. Хўп, шундай ҳам бўлсин, лекин у келажаги ҳақида шунчалар қайғурар экан, нима учун ўзига бевосита тааллуқли бўлган масалага панжа орасидан қараб келди? Қорамоллари нобуд бўлиб, кундан кунга ишлари чаппасига кетаётган фермернинг арзи-додлари мутасадди сифатида уни заррача ташвишга солмайдими? Ахир фермер наслдор қорамолларини боқиш учун озуқага, шу озуқани етиштириш учун экинбоп ерга муҳтожлиги уни умуман қизиқтирмади. Уни бу масалага бефарқ эмас ҳам дейлик, бироқ шу кунгача фермернинг даласига неча марта борди-ю, қандай амалий ёрдам кўрсатди?
Ҳолбуки, Абдуманноб Қосимов ҳам даласида пашша қўриб ўтиргани йўқ. Ҳар куни ишлайди, давлатга пахта ва ғалла етиштириб беради. Агарда чорва озуқаси учун ажратилган ер майдонида ҳосил етиштиришнинг имкони бўлганида шижоатли фермер раҳбарларнинг эшигига бош уриб юрмасдан, қўлига кетмонини олиб, аллақачон даласига чиқиб кетмасмиди? Чунки у чорвачиликда озуқа етиштириш учун ҳар дақиқа ғаниматлигини жуда яхши билади. Бугун экмаса, эртага чорваси оч қолиши ҳам унга ойдек равшан. Лекин қани эди, туман ҳокимлиги ажратган ер майдони экишга яроқли бўлса?! Шуни била туриб, масалага бефарқ қараган, фермернинг «унини ўчириш»га ҳисса қўшиш учун енг шимарган ҳоким ўринбосарига нима ҳам дейиш мумкин?
3-савол: Туман раҳбарлари ҳақиқатни ўзларига нисбатан туҳмат деб тушунишар экан, нега энди Қосимовга ноўрин босим ўтказишга уринишмоқда? Нима учун улар даставвал фермернинг аянчли ҳолатини ҳақиқий жонкуяр раҳбар сифатида ипидан-игнасигача ўрганиб чиқишмади? Яроқсиз ер майдонида ҳосил етиштиришнинг иложи бўлса, нега буни ўзлари амалда кўрсатиб бериш чорасини кўришмади? Ҳеч йўғи сув тармоғини тортишда кўмаклашиб, унинг оғирини енгиллатиб беришса бўларди-ку? Энг қизиғи шундаки, даъвогарлар туҳмат ва ҳақорат дегани қонун бўйича нима эканлигини тушунмасликлари судда ойдинлашиб қолди.
4-савол: Туман ветеринария бўлимининг бошлиғи Убайдулло Турсунов судда гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса-да, қорамолларнинг бирин-кетин нобуд бўлишига оид хулосасини «озгина» ўзгартириб баён қилишига сабаб нима? Гап шундаки, фермер ўз вақтида ветеринарларга мурожаат қилган. Убайдулло Турсунов эса тегишли лаборатория таҳлилларидан хулоса ясаб, бизга берган интервьюсида шундай деган:
«...Чорва ҳайвонлари нобуд бўла бошлагач, вилоятда лаборатория таҳлилларини ўтказдик. Қаерга олиб борсак ҳам бир хил ташхис – алиментар дистрофия. Бу – озуқа етишмаслигини билдиради. «Қорамоллар нега нобуд бўляпти?» деган саволга мутахассислар бу ҳолат ем-озуқанинг етишмаслиги оқибатида юз бераётганини айтишмоқда».
Эътибор беринг, Қосимовнинг наслли қорамоллари озуқа етишмаслигидан нобуд бўлаётгани таъкидланяпти. Ҳолбуки, маъмурий судда Убайдулло Турсунов аввалги гапларига «озгина қўшимча» киритди, «стрелка»ни фермер томонга буриб, ҳамма айбни унга юклашга урингандек туюлди. Яъни, судда у қорамолларни тўйимли озуқа билан таъминлаш фермернинг вазифаси эканлигини таъкидлади. Содда қилиб айтганда, озуқа етишмаслигида ҳокимнинг айби йўқлигини очиқ айтмаса ҳам, коса остида нимкоса кўринишида «қистириб» ўтди.
Хўп, озуқа етишмаслигида нобоп ерни ажратиб берган ҳоким ва бошқа мутасаддиларнинг айби бўлмаса, у ҳолда фермернинг ўзи қорамолларни атайин нобуд қилиб, ўзига ўн минглаб евро миқдорида зарар етказаётган экан-да? Бу қайси мантиққа тўғри келади?
5-савол: Қўштепа туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори туман ҳокими ва ўринбосарининг шикоятларини ўрганишда бир томонлама муносабатда бўлди? У нимагадир туман ҳокимидан тушунтириш хатини олган. Лекин Абдуманноб Қосимовдан тушунтириш хати олинмаган. Буниси етмагандек, фермер ўзига тегишли даъво иши очилаётганидан вақтида хабардор қилинмаган. Буни қандай тушуниш мумкин? Профилактика инспектори қонун талабларини билмайдими? Билган тақдирда, бундай йўл тутишга уни нима (ким) мажбур қилди экан?
Шу каби саволларга жавоб топишга уриниб, мазкур масалага ҳар томондан қараб кўрдик. Лекин қанчалик кўп ўйлаганимиз сари турли хил тахминлар шунчалик кўпайиб бораверди. Қонун эса тахминларга таянмайди. Шу боис маъмурий суд масалани ҳар томонлама кўриб чиққач, Абдуманноб Қосимовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва 33-моддасини қўллаб, энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида маъмурий жарима қўллади.
Бу эса фермернинг И. Новиков ва Э. Ғофуров ҳақида уйдирмалар тарқатиб, туҳмат қилгани исботланди деганидир. Аслида ҳам шундайми? Фермер раҳбарларга мурожаат қилиб, менга экин экишга яроқли ер беринглар, акс ҳолда озуқа етишмасдан қорамолларим ҳаром ўлади, дегани учунгина туҳматчига чиқариб қўйилиши қайси қолипга сиғади? Адолат тарозиси қайси томонга оғиб кетяпти? Биз қайси замонда, қандай жамиятда яшаяпмиз?
Суднинг қарори чиққач, Қўшепа тумани ҳокими ва бошқа мутасаддиларнинг кўнгли жойига тушган бўлса тушгандир. Бизни эса бошқа нарса ўйга толдиради. Агар мазкур туманда бошқа бир фермер ҳам нимадандир норози бўлиб, эътироз билдирса, амалдорлар устидан турли нашрларга ёки юқори ташкилотларга арз қилса, туман ҳокими яна шу «усул»ни қўллайдими? Тадбиркорлар шароитдан умуман нолимай, миқ этмасдан ишлайвериши керакми? Улар қулайликларга, туман ҳокимлигининг амалий ёрдамига муносиб эмасми? Қийин шароитда ҳам қувонарли натижага эришиб, ҳокимга мақтов олиб беришса яхши-ю, оғир вазиятга тушгач, ҳокимликдан озгина эътибор ва ёрдам сўраса, ёмон бўлиб қоладими?
Бир нарсани унутмаслик керак. Абдуманноб Қосимовга ажратилган ер майдонида деҳқончилик қилган аввалги фермернинг айтишича, ўша ерда суғориш учун битта картага 23 кун вақт кетади. Бу фермер ташлама зовурни бир ҳафта димлаб сув чиқаришга уринган, ҳар куни сув талашиб, атрофидаги фермерлар билан жанжаллашавериб, зада бўлган. Охири 100 миллион сўмга куйиб, 23 миллион қарз билан чиққан. Абдуманноб Қосимов эса айни пайтгача ўзи миниб юрган иккита машинасини сотиб, пулига ем келтириб, қорамолларни очликдан асрашга уринган. Бунга ўтган йили 800 миллион сўм миқдорида зарар кўрганини қўшсангиз, бечора фермернинг хонавайрон бўлиш хавфи остида турганини яққол ҳис қиласиз. Аслида у ўзига қарашли бўлган ғалла майдонини чорвачиликка ўтказиб беришларини илтимос қилди, холос. Бу илтимоснинг ортидан шунча ғалва келиб чиққани ҳар қандай кишини чуқур ўйга толдиради.
Энг ёмони шуки, суд қароридан кейин ҳам фермерга бошқача кўринишда босим ўтказишга киришиб кетилган. Яъни, А. Қосимов мавжуд ғалла майдонларида етилган буғдойни ўриб-йиғиб олиш учун комбайн сўраган. Шу мазмунда туман ҳокимига ҳам, прокурорга ҳам мурожаат қилган. Лекин раҳбарият худди келишиб олгандек, унга комбайн ажратишни пайсалга солмоқда. Бу эса фермернинг ишлари яна чаппасига кетишини англатади. Ахир унинг қорамолларига сомон керак. Буғдойни ўрмаса, сомонни қаердан олади? Мутасаддилар унинг шу тарзда адои тамом бўлишини хоҳлайдилар шекилли...
Қонун барча учун баробарми, ёки ҳоким қонундан тепароқдами?
Суд раисининг қарори одамни ҳайрон қолдиради. Демак, ҳоким Новиков ўз вазифасини бажаришга масъулият билан ҳаракат қилмаса, туман ривожи учун ҳисса қўшмоқчи бўлган чорвадорга шароит қилмай, унга босим ўтказса, сусткашлик қилса ҳам «оппоқ» бўлиб қолаверади. Ўз лавозими нуқтаи назаридан бажариши керак бўлган ишга лоқайдлик қилгани учун раҳбарни танқид қилган фуқаро «қонунбузар»ми?
Дарвоқе, Kun.uz сайтида танқидий мақола чиққач, чорвадор хўжалигида текшир-текшир бошланди.
Бизда, «Вилоят, туман прокуратураси, суд, ички ишлар бўлими фақат ҳоким томонидан ариза тушса бел боғлар экан», деган тушунча пайдо бўлди. Таажжуб... Фарғона ҳуқуқ-тартибот идоралари туман ҳокими ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 144-моддаси иккинчи қисмига кўра шахсни мурожаат қилгани муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқиди учун таъқиб этиш жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлишини, бунинг учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилиши мумкинлигини билишармикан...
Аслини олганда, тадбиркорни турли хил сунъий тўсиқлар билан эзгу ишидан бездириш ҳолатлари яқин ўтмиш сарқити саналади. Бундай «сарқитлар» билан ҳануз андармон бўлиб юрган амалдорлар эса охир-оқибат чучварани хом санаган бўлиб чиқишади. Чунки Президентимиз уларни кўзни каттароқ очишга, атрофдаги воқеа-ҳодисаларни чуқур таҳлил қилиб, тадбиркорларга барча қулайликларни яратиб беришга ундаяпти. Ҳозир мудраб ўтирадиган пайт эмаслигини бот-бот эслатяпти. Афсуски, айрим жойларда, хусусан Фарғона томонларда ҳалигача ухлаб ётган ҳокимлар ҳам бор экан. Улар қачон уйғонишади?..
Бу билан биз қураётган ҳуқуқий-демократик давлатнинг асосига путур етмайдими?
Алқисса, ҳозирча чорвадор ҳақ бўлса ҳам ноҳақ бўлиб турибди. Ҳоким бува эса, уни жазога торттирганидан хурсанд. Молхонада эса қорамоллар озуқа йўқлигидан нобуд бўлмоқда.
Ҳақиқатни эгиб, букиб, чамбарак қилса бўлишини кўрдик. Лек, синдира олишмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Республика Бош прокуратураси воқеага ўз эътиборини қаратишидан катта умидимиз бор.
P.S. Ҳозир эса чорвадор таниш қўшиқни алам билан ҳиргойи қилиб юрибди, «Тор ўлди Хазинийга, Фарғона тонг отгунча...».
Қани, унга ҳам ой боқиб қолар..
Элмурод Эрматов, Фарғона
Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
16:04 / 01.11.2024