Жамият | 17:59 / 02.07.2019
65722
6 дақиқада ўқилади

Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишди. Ҳар бир мактаб учун алоҳида жой ажратилган

Мажбурий меҳнат... Замонавий дунёни қийнаб келаётган оғриқли мавзу. Мажбурий меҳнат занжирининг қулликдан кўп ҳам фарқи йўқ. Кишанлар ва қамчилар билан даҳшат солувчи қуллик эмас, балки чиройли кўринишга эга, жилмайиб турган, иккиюзламачиликка асосланган қуллик.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш борасида шиддатли сиёсат олиб борилди. Бу борада турли қонун ҳужжатлари имзоланди. Бу борада амалга оширилган энг сўнгги катта ишлардан бири бу – мамлакат президенти жорий йилнинг 25 июнь куни «Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунга имзо чекишидир.

Қолаверса, шу йили АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқарди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2018 йил Ўзбекистонда талаба, ўқитувчи, врач ва ҳамширалар пахтага мутлақо жалб этилмаганини қайд этган.

Юқоридаги маълумотлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнат батамом тугаганини англатадими? Афсуски, айрим ҳолатлар бу саволнинг жавобини очиқ қолдирмоқда.

Kun.uz таҳририятига йўлланган навбатдаги мурожаат Наманган вилоятидан келди. Унда айтилишича, мазкур вилоятнинг Косонсой туманида жойлашган 54та мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилган. Яъни, жорий йилнинг 29 июнь куни ўқитувчилар мазкур тумандаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида бетон қуйишган.

«Туман ХТБ мудири ва ҳокимият вакиллари бизни назорат қилишди. Президентнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги фармони бузилаверадими? Адолат қани бу ерда? Биламиз, бу мақола чиққач ХТБ мудири гап эшитади, чунки у ҳам ҳокимиятнинг буйруғини бажармоқда, ҳаммаси тепадан бўляпти», - дейилади мурожаатда.

Мурожаатда таъкидланишича, туманда 54та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Ҳар бир мактаб учун мазкур қурилишдан 10 метрдан жой ажратилган. Қайси мактаб қаерда ишлаши рақам билан белгилаб қўйилган. Қурилиш анҳор бўйида жойлашгани учун хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Мазкур қурилишларга ўқитувчилар мажбуран, ҳар хил дўқ-пўписалар билан олиб чиқилган.

«Бу ишларга ҳокимиятдан қандайдир одам келиб жалб қилинди. Бормайман, дегандим борасан дейишди. Ўтган гал ҳам пахта чопиғига олиб чиқишмоқчи бўлишганди, унамаганимиз учун бормагандик. Бу сафар мажбуран олиб боришди», - дейди таҳририят билан боғланган мурожаатчи.

Маълумотларга кўра, ушбу жойда сой бўйида «Яшил хиёбон» ташкил этиш лойиҳалаштирилган. Бу ерда оилавий сайилгоҳ учун мўлжалланган хиёбон, болалар учун ҳудуд, велосипедлар учун мўлжалланган йўлакча, манзарали дарахтлардан иборат майдон, хиёбонни томоша қилиш учун мўлжалланган майдонлар ва пиёдалар учун мўлжалланган ўтиш жойи барпо этиш режалаштирилган. Мақсадлар улуғ – ҳудудни обод этиш, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун кўркам ва файзли маскан бунёд этиш. Аммо кимларнинг меҳнати эвазига?.. Бундай улкан ишлар рози-ризолик билан бошланиши керак эмасми аслида?

Мурожаат матнига эътибор қаратинг. «Туман ХТБ мудири ва ҳокимият вакиллари бизни назорат қилишди». Бу нима дегани? Мажбуран олиб чиқилган, халқни зиёли қиладиган, маърифатли одамлар устидан назорат қилиб туриш – қайси қонунга, қайси ақлга сиғади? Наҳот тинмай гапирилаётган мажбурий меҳнатни йўқ қилиш ҳақидаги гаплар Косонсойга етиб бормаган? Етиб борса ҳам одам шаъни, ўқитувчи шаъни ер билан битта қилинганми? Бунга ким жавоб беради? Жавобни ҳокимият, ХТБ, директор бериш ўрнига ўз ҳақини талаб қилган ўқитувчи берадими?

Бизга тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, Косонсой туманидаги мазкур «Яшил хиёбон»да бетон қуйиш ишлари якунига етказилган. Бетонлар қуриган. Демак, ўқитувчи меҳнатидан силлиққина фойдаланилиб, «ажойиб» ҳисобот ҳам тайёрлангандир. Тағин ким билсин...

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кўзга ташлана бошлади ва бунга йўл қўйган раҳбарлар жазоларни олишди. Масалан, жорий йилнинг апрель ойида Андижон вилояти Избоскан туманидаги 7-сонли мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинган бўлса, май ойида Ургут туманидаги мактабларнинг ўқитувчилари маошларидан бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганларнинг контракти учун пул ўтказиб бериш бўйича буйруқ олишган.

Жорий йилнинг январь ойи бошида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси жойлаштирилган эди. Ушбу қонун лойиҳасининг 12-моддасида «Ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади. Ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади», деб ёзиб қўйилган.

Маълумот ўрнида: МЖтК, 51-модда. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов. Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, «Агар мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келсангиз, 71-200-06-00 телефон рақамлари ёки @mehnathuquqbot телеграм боти орқали бизларга хабар беринг», дейилади Давлат меҳнат инспекцияси хабарида.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид