Ўзбекистон | 21:00 / 03.07.2019
59332
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: Ўқитувчиларга чеклар йиғиш топширилгани ҳолати президент талабига саботаждир

3 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва вазирликнинг мутасадди ходимлари ҳамда журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири вазирдан Самарқандда ўқитувчиларга харид чекларини йиғиб топшириш бўйича вазифа берилганини айтиб, бу ҳолат юзасидан изоҳ беришини сўради.

«Бу президент талабига саботаждан ўзга нарса эмас. Kun.uz сайтига раҳмат айтаман, куни кеча Намангандаги ҳолат, яъни таълим тизими ходимларига бетон қуйдириш бўйича ҳам мақола қилиб берилди. Самарқанддаги ҳолатга ҳам эътибор қаратилмоқда. Айнан мана шундай ОАВ ва жамоатчилик назорати орқали бу каби ҳолатларга муросасизликни шакллантиришимиз керак.

Энди бевосита ҳолатга келсак, биз буни албатта ўрганамиз. Аммо ўқитувчилардан ҳам бир нарсани сўраган бўлардим – бундай вазиятларда шикоят қилишдан қўрқманглар. Ахир шунча қарорлар қабул қилиняпти, давлатимиз раҳбарининг ўзи бу бўйича қатъий талаблар қўйяпти.

Намангандаги ҳолатни ўрганганимизда бизга ишлаганлар ўқитувчилар эмаслиги, мактаблардаги техник ходимлар эканлиги баҳона қилинди. Нима фарқи бор? Барибир улар ҳам халқ таълими тизими ходими-ку, мажбурий ишлатиш-ку бу? Бунга чек қўйишимиз керак», – дея жавоб берди Шерзод Шерматов.

Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги 54та мактабнинг ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилгани, улар 29 июнь куни тумандаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйича бетон қуйишгани тўғрисида хабар берилганди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқда Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорларига, ХТБ тизимидаги барча мактаб директорларига ўз қўл остидаги ўқитувчиларга савдо чекларини йиғишни буюриш топшириғи берилгани ҳақида хабар тарқалди.

Хабар қилинишича, эндиликда ўқитувчилар ёқилғи қуйиш шохобчалари ёки дўконларга бориб, нақд пул берган харидорларга ёки кассирга ялиниб, 2 минг сўмдан ёки 5 минг сўмдан 10та чек урдириб олишмоқда.

Мавзуга оид