Ўзбекистон | 11:18 / 04.07.2019
17182
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири: Таълимга қарши диверсион дастурлар ҳақида эшитганмисиз?

3 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва вазирликнинг мутасадди ходимлари ҳамда журналистлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Вазир таълим соҳасига оид муаммолар ҳақида гапираркан қизиқ мисоллар келтирди:

«Айрим тарихий параллеллар борки, ҳайратда қолмай илож йўқ.

«Ҳозирги замонда бирор давлатга қарши уруш очиш керак эмас, шунчаки таълим тизимини издан чиқариш кифоя» деган машҳур ибора бор. Яхши таълим олмаган шифокор одамларни ўлдириб қўяди, меъморнинг биноси қулаб тушади, иқтисодчи давлат иқтисодини издан чиқаради ва ҳоказо.

Шундай диверсион дастурлар ҳам борки, улардаги тезислар билан танишиш қизиқ фактларни очиб ташлайди.

Таълим тизими издан чиқиши учун – ўқитувчининг ўқитиш мотивацияси йўқотилиши, бюрократик ва ўзига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиниши, унга кам маош берилиши, обрўси туширилиши каби омиллар кифоя қилади. Бу омиллар сизга таниш туюлмаяптими?

Минг афсуски биз ўтмишда шундай хатоларга йўл қўйдик, билиб-билмай таълим тизимимизга етарли эътибор қаратмадик. Аммо энди бу хатоларни тузатиш билан бирга янги марраларни кўзласак бўлади. Узоқ йиллар ўқитувчилар маоши ўртача ойликдан кам бўлгани маълум. Аммо 2018 йилдан бошлаб ўсиш кўрсаткичлари бўйича бу ҳолат ўзгарди. Энди 2030 йилга қадар ҳар йили таълим соҳаси ходимларининг маоши мунтазам ошиб бориши белгиланган», дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид