Ўзбекистон | 10:07 / 05.07.2019
12882
2 дақиқада ўқилади

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов cайловларга кўпчиликнинг мажбурликдан боришини танқид қилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ЎзА мухбири билан суҳбатда сайлов билан боғлиқ айрим аччиқ ҳақиқатларни тилга олди. Сайловларга кўпчиликнинг ихтиёрий эмас, мажбурликдан боришини кескин танқид қилди.

- Маҳалладан ёки сайлов комиссиясидан айтишди ёки бормасам, қўшнилар олдида ноқулай, деб сайловга борадиганлар кўплаб топилади, - деди М.Абдусаломов. - Номзодлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмай туриб, бирортасини тахминий танлаб овоз бериш ҳолатлари бўлмаган, десак ёлғон гапирган бўламиз.

Одатда, бир кунлик сайлов гоҳ у, гоҳ бу йўсинда ўтиб кетади. Кимлардир депутатликка сайланади. Жуда кўпчилик аслида улар ўз вакиллари эканини эсдан чиқариб, энди депутатни ёки сенаторни тинмай қоралаш пайида бўлади. Уни ким сайлаган, нега у яхши ишламайди ёки сайлангач олдимизга келмай қўйди, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Шунда бунинг учун ким кўпроқ айбдор, деган савол туғилади. Хўш, ким?

Албатта, номуносиб депутат ёки сенаторнинг парламентдан ўрин олишида биринчи навбатда сайловчининг ҳиссаси, таъбир жоиз бўлса, айби бор. Ахир ҳар бир фуқаронинг сайловда овоз беришдек юксак ҳуқуқи қутига бир парча қоғоз ташлашдан иборат эмас!

Ўзини англаган, келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир киши ёки сайловчи овоз беришнинг оқибатини тўлиқ англаши зарур. Ҳали сайлов бошланмасидан бу жараённинг замирида нима ётибди, қандай натижа беради, деган саволлар ҳақида ҳар биримиз бош қотиришимиз керак.

Мавзуга оид