Ўзбекистон | 08:09 / 06.07.2019
16034
8 дақиқада ўқилади

Автомобиль йўллари қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбариятини жавобгарликни бошқа ташкилотларга юкламасликка чақирди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг 29 июнь куни Kun.uz сайтида "Эски трамвай йўлларини таъмирлаш учун "Автойўл" пул олган, аммо ишларни бажармаган" номли мақола эълон қилинди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳардаги эски трамвай йўллари таъмири билан боғлиқ саволга шаҳар ҳокими "Албатта, трамвай йўлларини таъмирлаш 3 йил илгари "Автойўл" ташкилотига тегишли бўлган. Пули ҳам олинган, лекин ҳозирги ҳолатда қолиб кетган", дейилган. Бундан ташқари, мақолада мазкур йўлларнинг бугунги кунда фойдаланишга қабул қилинмаганлиги ҳамда юзага келган аҳвол учун жавобгарлик масалалари ҳам кўтарилган.

Мақолада тилга олинган масалалар бўйича Автомобиль йўллари қўмитаси "Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" ДУК томонидан қуйидагича муносабат билдирилди:

Мақолада айтилган, уч йил илгариги – Тошкент шаҳар кўчаларини таъмирлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 6 июндаги 134-сонли йиғилиш баёни қарори билан қабул қилинган бўлиб, унда таъмирланиши керак бўлган 29 кўча номма-ном белгилаб берилган. Қарорда мавжуд трамвай йўллари кўчириб олиниши муносабати билан автомобиль йўлларида реконструкция ишларини олиб бориш бўйича буюртмачи этиб – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси, лойиҳачи – "ТошкентбошпланЛИТИ" институти, пудратчи этиб эса хусусий корхоналар тайинланган. Бу дегани – буюртмачи ҳам, лойиҳачи ҳам, пудратчи, яъни таъмир ижрочиси ҳам, деярли юз фоиз шаҳар ҳокимлиги зиммасида бўлган. 

Юқорида қайд этилган, таъмирланиши кўзда тутилган 29 кўчанинг 28 тасини таъмирлаш ва реконструкция қилиш – турли мулкчилик шаклидаги масъулияти чекланган жамиятлар ва хусусий корхоналарга айнан пойтахт ҳокимлиги томонидан тақсимлаб берилган бўлиб, бу корхоналар фаолиятига мақолада тилга олинган – собиқ "Ўзавтойўл" ДАКнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Хусусан, Лутфий кўчасини, бундан ташқари, Бунёдкор кўчасининг "Совпластитал" қўшма корхонасигача ҳамда Сўгалли ота, Ал-Хоразмий, Катта Хирмонтепа, Илонли, Фарҳод кўчаси бўйлаб Саккокий кўчасигача бўлган қисмини таъмирлаш ишлари – айнан ҳокимлик тавсиясига кўра, собиқ "Ўзавтойўл" ДАК корхоналарига эмас, балки "Фахриддин Файз Сервис" МЧЖга топширилган. Қолган кўплаб кўчалар таъмири ҳам шу каби турли мулкчилик шаклларига эга бўлган – "Омега Билдинг Групп", "EURO GLOBAL ASPALT" МЧЖлари, шаҳар ҳокимлиги бошқарувидаги "Тошкент шаҳар йўл қурилиши ва таъмирлаш трести" АЖ, "Кўприк қурилиш трести"қошидаги "13-кўприк қурилиш отряди" ҳамда "67-кўприк қурилиш отряди" каби ва бошқа корхоналарга тақсимланган.

"Пудратчи" этиб белгиланган Автомобиль йўллари қўмитаси таркибида бўлган атиги битта корхона, яъни "Автомагистраль" унитар корхонаси ўзига бириктирилган объект таъмирини муддатида бажарган. 2016 йилдан шу кунга қадар мазкур корхона бажарган ишлари учун "Буюртмачи" ҳисобланган – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" ИК томонидан берилиши керак бўлган шартномадаги маблағни тўлиқ олгани йўқ. 

Уч йил давомида юзага келган қарздорликнинг бартараф этилиши юзасидан қўмита ва унинг тизимидаги ташкилот томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир неча ўнлаб маротаба хатлар юборилган. Аммо уларнинг бирортасига – ижро интизомига зид ўлароқ, пойтахт ҳокимлиги номидан бирор марта ҳам жавоб қайтарилмаган.

“Юқоридагилардан шу нарса англашиладики, матбуот анжуманида шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари томонидан, гўёки собиқ "Ўзавтойўл" компанияси томонидан мажбурият олингани ва унинг бажарилмагани тўғрисида қилинган даъволар – на ҳуқуқий, на иқтисодий томондан ҳеч қандай асосга эга эмас.

Шу ўринда, мақолада тилга олинган, фойдаланишга қабул қилинмаган йўллар ва бунинг учун жавобгарлик масаласида бир савол туғилади. Башарти жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, бундай чоралар – таъмир ишларида ҳам буюртмачи, ҳам лойиҳачи сифатида қатнашган шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги корхоналарга, "пудратчи" ҳисобланмиш – турли МЧЖларга нисбатан қўлланилиши лозимми ёхуд мақолада таъкидлаб ўтилганидек, ўша пайтда – на объектни тақсимлаган, на улар устидан назорат ўрнатиш ваколатига эга бўлган "Ўзавтойўл" корхоналари раҳбариятигами?.. Ҳуқуқий жавобгарлик ҳам, масъулият ҳам – айнан ҳокимлик ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар зиммасида бўла туриб, "дўппи тор келганда", уни бошқаларга ағдариш – энг камида масъулиятсизликдир”, - дейилади "Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" ДУК хабарида.

Шаҳар раҳбарияти баён қилган яна бир масала бўйича айтилишича, ҳақиқатан ҳам президентнинг Учтепа туманига қилган ташрифи натижасида Дастур қабул қилиниб, улкан кўламдаги вазифалар белгилаб олинди. Пойтахт кўчаларини жорий ва тўла таъмирлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар эса, ўнлаб кўчалар, шу жумладан, Лутфий кўчаси ҳам тўлиқ таъмирланади. Изоҳ берилишича, эндиликда қилинаётган йўллар таъмири – шаҳар ҳокимлиги ва унинг тасарруфидаги корхоналар томонидан эмас, балки Автомобиль йўллари қўмитаси корхоналари томонидан амалга оширилмоқда. 

“Мақоладаги – шаҳар кўчаларини таъмирлаш учун Республика бюджетидан ажратилаётган 50 миллиард сўмлик маблағ масаласи бўйича айрим эътиборга молик нозик жиҳатларни ҳам тилга олишни жоиз деб билдик. Гап шундаки, ҳақиқатан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июнда бўлиб ўтган 39-сонли мажлиси баёни қарорида Учтепа тумани кўчаларини таъмирлаш мақсадида Республика бюджетидан 50 млрд. сўмлик маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Лекин Тошкент шаҳар ҳокими томонидан жорий йил 24 июнда имзоланган 895-сонли қарор билан – 50 миллиард сўм эмас, балки 20 (!) миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Шу ўринда кўп эмас, иккита савол туғилади.

Биринчидан, шаҳар ҳокимлиги нима учун 50 миллиард сўм эмас, балки 20 миллиард сўм ажратмоқда? Қолган 30 миллиард сўм маблағ қаерга кетмоқда?

Иккинчидан, бугун кўчалар таъмирига, дея ажратилган 50 миллиард сўмни 20 миллиардгача камайтириб, яъни маблағни тўлиқ ва тўғри ажратмаётган шаҳар ҳокимлиги  орадан уч-тўрт йил ўтгач, яна худди бугунгидек – "Биз маблағни Автомобиль йўллари қўмитасига берганмиз, қолганини улардан сўранг", – дея баёнот бермаслигига кафолат борми?

Хулоса қилиб айтганда, шаҳар ҳокимлиги раҳбариятидан – кўтарилган масала моҳиятини тўғри англаган ҳолда, жавобгарликни бошқа ташкилотларга юкламасдан, аввалги, жумладан, уч йил олдинги юридик ҳужжатлар билан чуқурроқ танишиб, моҳиятни чуқурроқ англаб, ундан кейин аниқ маълумотлар асосида баёнотлар беришни илтимос қиламиз.

Автомобиль йўллари қўмитаси ва унинг тизимидаги корхона ва ташкилотлар эса ўз навбатида, мамлакатнинг барча ҳудудларида – Ватан равнақи, юрт ободлиги, одамлар розилиги каби улуғ мақсадлар кун тартибда турган бир даврда – у пойтахтда бўладими ёки республиканинг бошқа ҳудудларида бўладими, ўз амалий ишлари ҳамда садоқатли меҳнати билан бунёдкорликка ҳисса қўшишга мудом тайёр!” - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид